Болани спортга жалб этишда нимага аҳамият қаратиш зарур?

10:39, 01 ноябрь

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида болалар спортини ривожлантириш, юртимизнинг барча ҳудудларида замонавий спорт мажмуаларини қуриш, уларни зарур инвентарлар ва жиҳозлар билан таъминлаш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Бу ЎзА хабар бермоқда 

Болаларни спорт турларига жалб этишда, аввало, уларнинг ёши, қизиқиши, саломатлик даражаси ва қобилиятига эътибор қаратиш зарур. 

– Ота-она фарзандини спортга жалб қилишда, аввало, унинг соғлом бўлиб улғайишини кўзлайди. Шундай экан, фарзандлари спорт турини танлашида боланинг физиологик-психологик кўрсаткичларига алоҳида эътибор қаратиши керак, – дейди Тошкент шаҳар олий спорт маҳорати мактаби шифокори Машҳура Раҳмонжонова. – Болани аввал умумий тиббий кўрикдан ўтказиш ва мутахассислар тавсия этган спорт турига қатнаштириш лозим. 

Тошкент шаҳар олий спорт маҳорати мактаби эртаю кеч ўғил-қизлар билан гавжум. Бу ердаги баскетбол, бадминтон, таэквондо (WTF), теннис, стол тенниси, волейбол ва велоспорт тўгаракларида 234 нафар ўғил-қиз 24 нафар мураббийдан спорт сирларини пухта ўрганмоқда. 

– Мактабимизда шуғулланаётган болаларни спортнинг тегишли турлари бўйича юқори тоифали спортчи этиб камол топтириш ва терма жамоалар таркибига қўшиш бизнинг асосий мақсадимиздир, – дейди мактаб директори М.Тошматов. – Шу сабабли барча шарт-шароитларга эга бўлган спорт залларимизда эндигина спортга қадам қўйган болалар мамлакатимиз ва халқаро тоифадаги спорт усталари билан бирга машғулотларда қатнашади. Бу болаларнинг спортга бўлган иштиёқини янада оширади. 

Бу ердаги тўгаракларга қатнаётган болалар, айниқса, қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида ҳудуддаги маҳаллалар билан ҳамкорликда хотин-қизлар ва ёшлар учун саломатлик гуруҳлари ташкил этилган. 

– Болалигимдан спортнинг бир неча турлари билан шуғулланганман, – дейди Тошкент политехника касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Темур Тўрахонов. – Олти йилдан буён гандбол билан шуғулланаман. Айни пайтда терма жамоа аъзосиман. Бир неча маротаба шаҳар ва мамлакат миқёсидаги чемпионатларда ғалаба қозондим. Биз эришаётган ютуқлар мамлакатимизда болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор, спорт билан мунтазам шуғулланиши учун кенг имконият яратиб берилаётганининг самарасидир. 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!