“Ўзбекистон темир йўллари” 9 ойда қарийб 16 миллион йўловчини манзилига етказди

11:29, 01 ноябрь

“Ўзбекистон темир йўллари” жорий йилнинг 9 ойи давомида акциядорлик жамиятининг ижтимоий–иқтисодий фаолияти якунлари ва келгусидаги режаларига бағишлаб матбуот анжумани ўтказди. Унда компания раҳбарияти, бошқарма бошлиқлари ҳамда тармоқ корхона ва ташкилотлари раҳбарлари шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда компания томонидан темир йўл соҳасида белгиланган асосий вазифалар бажарилганлиги таъкидланди. Жумладан, акциядорлик жамиятининг темир йўл станцияларидан 2016 йилнинг январь–сентябрь ойларида 50,5 млн. тонна юк ортилиб, ўз манзилига етказилди. Юкларни ортиш ҳажми суткасига 184,5 минг тоннани ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 100,2 фоизни ташкил этди. Қайд этиб ўтилган ташишларни амалга ошириш ҳисобига 9 ойда юк айланмаси ҳажми 13,68 млрд. тонна/км.ни ташкил этди. Шунингдек, ўтган 9 ойда йўловчи ташиш борасида ҳам кутилган натижаларга эришилиб, белгиланган режа 102,9 фоизга бажарилди. Йил бошидан буён 15,8 млн. йўловчи ўз манзилига етказиб қўйилди.

Компанияда экспорт хизматларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, ҳисобот даврида 275,7 млн. АҚШ доллари миқдорида экспорт хизматлари кўрсатилди. Бу ўтган йил ҳисоботига нисбатан 105,2 фоизни ташкил этди. Жорий йилнинг 9 ойида компаниянинг саноат корхоналарида 312,8 млрд. сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Компания томонидан 2214 та янги иш ўрин ташкил қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг инвестиция дастурига мувофиқ компаниянинг молиялаштириш манбалари ҳисобидан 673,66 млн. доллар миқдорида капитал маблағлар ўзлаштирилиб, давр прогнози 100,1 фоизга бажарилди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!