Ўзбекистонда қиш-баҳор мавсуми учун 660 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захираси яратилади

15:05, 01 ноябрь

“Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси раиси Зафар Файзиев бу йилги мавсумда мамлакатимиз аҳолиси учун қиш-баҳор ойларида талаб этиладиган асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми, уларни экспорт қилиш имконияти, маҳсулотларни сақлаш учун қурилаётган совутгичлар хусусида ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:

Унинг айтишича, 2016-2017 йил қиш-баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 660 минг тонналик захирасини яратиш чоралари кўрилмоқда. 175 минг тонна картошка, 139 минг тонна пиёз, 46 минг тонна бошқа сабзавотлар, 105,8 минг тонна мева шулар сирасидан. Бозорларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг танқислиги ва нархлар ошишининг олдини олиш мақсадида совутгичли омборхоналарда керакли миқдорда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари жамғарилди. Бунинг учун зарур бўлган 93 миллион сўмнинг 38,4 миллиони корхоналарнинг ўз маблағлари, қолган қисми тижорат банклари кредитлари эвазига молиялаштирилди.

Омборлар мавсумга талаб даражасида тайёрланса, аҳолини келаси пишиқчилик мавсумига қадар сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш имкони яратилади. Корхоналардаги илиқ ва салқин омборхоналар, совутиш ва музлатиш камераларида маҳсулотларни янги ҳосил пишиб етилгунча бемалол сақлаш мумкин. Тухум, гўшт ва сут маҳсулотлари совутиш камераларида, алоҳида ҳарорат талаб қилмайдиган дуккакли дон, макарон, чой, шакар, қандолат каби маҳсулотлар омборларда сақланади. Маҳсулотлар сифати, совутгич ва омборлар ҳарорати тўла назорат қилиб борилади. 

2011-2016 йилларда бу йўналишда қарийб 70 миллиард сўм йўналтирилиб, умумий сиғими 68 минг тоннага тенг бўлган элликдан зиёд совутгичли камералар фойдаланишга топширилди. “Наманганулгуржисавдоинвест”, “Қашқадарётижоратсавдо” жамиятларидаги ҳар бири 3 минг тонналик, “Бекободгўштсутсавдо”даги 2 минг тонналик, “Фарғонагўштсутсавдо”даги 4,2 минг тонналик омборлар шулар жумласидандир. Уюшма корхоналари ва шаҳарларда жамғарилган 330 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари мазкур омборларда сифатли сақланиб, қиш-баҳор ойларида ички бозорга пешма-пеш етказиб берилмоқда. 

Шу йилнинг ўтган даврида уюшма корхоналарида 4 минг тонналик совутгичли сиғим ишга туширилди. Натижада юртимизда фойдаланишга топширилган бундай объектларнинг умумий ҳажми 98,5 минг тоннага етади. Бу борадаги ишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилиб, 2016-2020 йилларда 325 минг тонналик совутгичли замонавий омборхоналар ишга туширилиши режалаштирилган.

Агар жорий йилнинг тўққиз ойида савдо корхоналари ва бошқа истеъмолчиларга 581,5 миллиард сўмлик ун, ўсимлик ёғи, шакар, гуруч етказиб берилган бўлса, шундан 123,3 миллиард сўмлиги узоқ, тоғли ҳудудлардаги истеъмолчиларга жўнатилди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!