Сарвар Отамуратов Хоразм вилояти сайловчилари билан учрашди

01:53, 02 ноябрь

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Сарвар Отамуратов 1 ноябрь куни Хоразм вилояти сайловчилари билан учрашди. 

Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 12-Хоразм округ сайлов комиссиясининг раиси Р.Жабборов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили М.Тўрабоева йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди. 

Президентликка номзод Сарвар Отамуратов ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади. 

Cайловолди дастурида маънавий-маърифий соҳага алоҳида эътибор қаратган номзод ўзлигини англаган, қадрият ва анъаналарини эъзозлаган, тарихий хотирасини асраган халқ иқтисодий, ижтимоий ва гуманитар тараққиётга юз тутишини таъкидлади. Маданий мерос объектларини тўлиқ хатловдан ўтказиш, ҳисобга олиш ишларини такомиллаштириш, музей, архив, кутубхона ва бошқа жойларда сақланаётган, маданий мерос объекти белгиларига эга бўлган экспонатлар, коллекция ва архив ҳужжатларини тўлиқ тоифалаштириш, бу борадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш масалаларига устувор аҳамият қаратди. 

Ўзбекистон, жумладан, Хоразм кўп асрлик тарих ва нодир маданий-тарихий меросга эга. Буларнинг ҳаммаси мамлакатимизда улкан салоҳияти тўлиқ ишга солинмаган туризм индустриясини ривожлантириш ва юртимизни жаҳон туризм марказларидан бирига айлантириш имконини беради. 

Туризм иқтисодиётни янада ривожлантиришнинг муҳим омили сифатида иқтисодий ва ижтимоий муаммолар ечимига, қўшимча иш ўринлари яратилишига, аҳоли бандлигини оширишга хизмат қилади. Иқтисодий фаолиятнинг ўзаро боғлиқ қатор тармоқлари инфратузилманинг ривожланишига туртки бўлиб, янада оммавийлашади. Туризм айни пайтда фуқаролик жамиятининг маънавий асосларини шакллантиришда кучли восита бўлиб хизмат қилади. Сайёҳлик инфратузилмасининг янада ривожланишини, сайёҳлар учун мўлжалланган объектларнинг ҳар томонлама мақбул бўлишини, транспорт ва меҳмонхона хизматлари ҳамда сайёҳлик логистикасини такомиллаштиришни, сайёҳлик индустрияси билан боғлиқ хизматларнинг турли соҳаларига замонавий ахборот технологияларини жорий этишни таъминлаш лозим. 

Аҳоли турмуш сифати, даражаси ва фаровонлигини ошириш – ижтимоий соҳадаги стратегик мақсад экани қайд этилди. Дунёда долзарб аҳамият касб этаётган озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган давлат дастурини қабул қилиш ва унда аҳолининг овқатланиш хилма-хиллигини кенгайтириш, мамлакатимизда сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва бунда генларни модификация қилиш усулидан фойдаланишни чеклаш, шу билан бирга, аҳолининг овқатланиш маданиятини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Учрашувда Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси Шовот тумани кенгаши раиси И.Болтаев, Қўшкўпир тумани “Ҳаёт кўзгуси” газетаси бош муҳаррири М.Тиллаева ва бошқалар ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, ушбу дастурда қайд этилган устувор йўналишларни амалга ошириш мамлакатни ижтимоий ривожлантириш, демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилишини таъкидлади. Сайловчиларни 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди. 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!