Ортиқча вазндан азият чекаётган аёллар учун Ўзбекистондаги биринчи рақамли диетологдан текин маслаҳатлар

15:36, 02 ноябрь

Ортиқча вазн аёл учун нималигини бошига тушган билади. У турли нашрларда ёки интернетда учраган ҳар парҳезга ҳалоскор деб ёпишади. Барини кетма-кет қўллаб, таомнома ва кун тартибини ўзгартирса-да, натижа ўша-ўша... Ёмони, бонус сифатида яна 2 кг орттириб олади. Вақт, соғлиқ, асаб ва маблағни шамолга совурганингиз қолди-ку, дугонажон! 

Ўзбекистон Республикаси бодибилдинг ва фитнесс федерацияси бош шифокори, олий тоифали врач-диетолог Дмитрий ВДОВИН мавзуга доир саволларимизга жавоб беради.

–  Ортиқча вазн тўплашнинг асосий сабаблари нимада? 

–  Камҳаракатлилик ва нотўғри овқатланиш 50 фоиз ҳолатларда семизликка сабаб бўлади. Бундан ташқари юрак, ошқозон-ичак, эндокрин ҳамда жинсий хасталиклар ҳам вазн ортишига олиб келиши кузатилади. Касалликни даволаб, ортиқча килограммлардан халос бўлиш мумкин. 

–  Бир зумда тайёрланадиган овқатларнинг соғлиққа зарарлиги қанчалик исботланган? 

–  Турли усулларда тайёрланадиган замонавий озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида ҳар хил қўшимчалар, маҳсулотнинг яроқлик муддатини узайтирувчи консервантлар мавжуд, уларнинг 50 фоизи организмга ножўя таъсир қилиши мумкин. Саратон ҳужайраларининг ривожланиши, ошқозон-ичак тизими яллиғланиши ва тана заҳарланишига айнан шулар сабабчи. Энг асосийси, организмда моддалар алмашинуви бузилади. Натижада танада ортиқча килограммлар тўпланиб қолади. Фаст-фуд таомлари зарарли, буни инкор этиб бўлмайди. Лекин бир зумда тайёрланадиган шўрва, бўтқа, лағмонлар бу борада уларни доғда қолдиради. Одатда, бундай озиқ маҳсулотлари фақатгина углевод ва ёғлардан таркиб топган бўлади, уларда оқсил йўқ. Айнан шунинг учун нархи арзон, тез тайёрланади, узоқ сақланади ва яхшигина семиртиради. Оқсил организмдаги ёғларни парчалайди, у бўлмаган тақдирда оз миқдордаги ёғ ҳам сақланиб қолади. Сабзавот ва мевалар таркибида оқсил моддаси кам бўлгани учун уларга асосланган парҳезлар деярли фойда бермайди.

–  Ортиқча вазн тўплаш осон, озиш эса катта муаммо ҳисобланади. Нима учун?

–  Сўнгги вақтларда бу масала мени ҳам кўп ўйлантиради. Одамлар билан суҳбатлашиб, бунинг сабабини ўрганишга қизиқдим. Озиш истаги бўлмаган бир қанча аёллардан уч суткалик кун тартиблари ва таомномаларини батафсил ёзишларини сўрадим. Бўйи 170 см, вазни 45–50 кг бўлган озғин қизлар бир суткада 3,5–4 минг ккал озуқа истеъмол қилишларини билдим. Бу эркак бодибилдер спорт устаси учун кундалик меъёр ҳисобланади. Мазкур аёлларнинг саломатлигида муаммоси йўқ, аммо семиришмайди. Яна бўйи 160 см, вазни 80–90 кг атрофида, яъни семиз аёллар кун давомида 2–2,5 ккал озуқа ейишини аниқладим. Лекин мана шу миқдор камайтирилганда ҳам улар озмади. Бу изланишлардан сўнг шундай хулосага келдим: барчасига моддалар алмашинуви сабаб. 

–  Ортиқча вазндан азият чеккан аёл маълум даражада озди, қоматидан кўнгли тўқ. Энди семизлик ҳақида бутунлай унутса ҳам бўлади, тўғрими? 

–  Нотўғри. Бир марта ортиқча вазн тўплаган инсон, кейинчалик озган тақдирда ҳам, умри давомида ўзини меъёрда ушлаб туриши лозим. Озгина беэътиборлик, тартибсизлик яна семиришга сабаб бўлиши мумкин. Энди бу аёл бутун умр қоматини сақлаш учун ўз организми билан курашиб боради. Авлодида семизликка мойиллик кузатилса, сузиш, енгил атлетика ва рақс билан шуғулланишлари мумкин. Албатта, аввал шифокор билан маслаҳатлашиш керак. Шунингдек, тартибли ва тўғри овқатланишга ҳам эътибор бериш зарур. 

–  Тартибли ва тўғри овқатланиш деганда нимани назарда тутяпсиз?    

–  Оч юрмаслик, қорин тўйганини сезган ҳамон овқатланишни тўхтатиш олтин қоидалар ҳисобланади. Кўпинча биз иштаҳа билан очлик ҳиссини адаштирамиз. Очлик хабарини ошқозон юборади, иштаҳани эса мия бошқаради. Ана шу ҳисларни ажратиб олиш керак. 

–  Ҳомиладорликдан кейинги озиш жараёни аёлларни доим ташвишга солади. Болани эмизиб туриб озиш мумкинми?

–  Эмизиш даврида парҳез қилишни тавсия этмаган бўлардим. Бу вақтда табиий йўл билан, масалан, кўп ҳаракат қилиш ҳисобигагина вазн ташлаш мумкин. Парҳез сақлаш билан она организмини толиқтириши ва эмизиш жараёнига салбий таъсир кўрсатиш эҳтимоли бор.

–  Менопауза даврида семириб кетган аёллар ҳақида кўп эшитамиз. Бунга нима сабаб?

–  Бу даврдаги семизликнинг сабабини эндокрин тизим ва гинекологик муаммолардан излаш лозим. Диетология бу ҳолатда иккинчи ўринда туради. Аввало, аниқланган касалликларни даволаш керак. 

–  Қорин, сон каби муаммоли тана ҳудудларидаги ёғларни кетказиш қийин. Тананинг бу жойларидаги ортиқча килограммлар нима учун парчаланмайди? 

–   Инсон танасида ёғ йиғилишига мойил ҳудудлар мавжуд. Эркакларда бундай жой қорин, аёлларда эса сон ва бўкса ҳисобланади. Парҳез билан озиш вақтида тананинг ҳамма жойидан бирдек ёғ йўқолади. Лекин аввалдан ёғ кўп тўпланиб турган ҳудудларнинг озиши бироз қийинроқ кечади.  

–  Эълонлар ва интернетни кузатсак, бир ҳафтада 5 кг вазн ташлашга ёрдам берадиган дорилар, воситалар рекламасига кўзимиз тушади. Уларнинг аксарияти машқларсиз ва парҳезсиз озиш мумкинлигига ишонтирмоқчи. Бу ҳақиқатми?

–  Бир ҳафтада 5 кг га озиш мумкин, таомномадан углевод ва ёғларни олиб ташлаш билан бунга осон эришса бўлади. Оқсил билан озиқланиш ортиқча вазндан қутулишга ёрдам беради. Лекин бу рекламаларда ана шу биринчи ҳафтадан кейин нима бўлиши айтилмайди. Биринчи ҳафтада 5 кг, кейинчалик эса ҳафтасига 700-500 гр вазн ташланади. Бундай озиш усуллари ширинхўрларга тез таъсир этади. Гўшт маҳсулотларни кўп истеъмол қиладиган инсонларда эса натижаси деярли кўринмайди. Реклама қилинадиган дорилар ёғ парчаловчи ҳисобланади. Уларнинг бир қанча турлари бор. Кофеин асосидаги воситалар юрак фаолиятини тезлаштиради. Бу эса моддалар алмашинувини яхшилайди. Тез озиш мумкин. Бу дорини фақатгина шифокор тавсияси ва назоратида қабул қилиш керак. Организмни бундай толиқтириш турли касалликларга сабаб бўлиши мумкин. Шарқий Осиё мамлакатларида ишлаб чиқарилган воситаларнинг ҳам икки тури мавжуд. Бирининг таркибини гиёҳлар ташкил этади. Улар хавфсиз, лекин яхши самара бермайди. Иккинчисининг асосида гельмент личинкалари бўлади. Организмга тушганидан сўнг гижжалар озишга сабаб бўлишидан ташқари, бир қанча касалликларни ҳам келтириб чиқаради. Кимёвий воситалар, жумладан, Ксеникал, Линдакса, Алай, Элкорнитин каби дорилар озишда қўлланилади, аммо шифокор тавсияси билан қабул қилиш лозим.  Бу дорилар ёғларнинг ичак деворларига сўрилишига йўл қўймайди. Натижада организмдан ёғлар чиқиб кетади. Лекин уни ҳам соғлиққа зарар етказмайди дейиш қийин. Узоқ муддат қўлламаган маъқул. 

–  Инсон ўзига мос парҳез турини мустақил аниқлаши мумкинми ёки албатта диетологга мурожаат қилиши шартми? 

–  Озиш масаласига жиддий ёндашган маъқул. Ҳамманинг организми ўзига хос бўлгани учун индивидуал парҳездан фойдаланишни тавсия этган бўлардим. Қаердадир ўқиган ёки дугонасидан эшитган усулга кўр-кўрона амал қилиш зарарли бўлиши ҳам мумкин. Диетологга мурожаат қилинса, беморнинг уч кунлик таомномаси ўрганилади. Сўнг баъзи маҳсулотлардан воз кечиш ёки бошқа бирор озуқа билан алмаштириш буюрилади. Менимча, диетолог билан маслаҳатлашиб, тўғри тавсия олиш турли парҳезларни қўллаб кўргандан анча арзонроқ. 

–  Бунга имконияти бўлмаганларга тавсия бера оласизми?

–   Диетологга боришни истамаганлар ёки шунчаки вазнини меъёрда ушлаб туриш ниятидагилар машҳур диетолог Роберт Шварцнинг тавсияларига амал қилишлари лозим. Бу шифокор бир неча йиллар давомида озғин инсонларнинг кун тартибини ўрганади. Унинг хулосасига кўра, ориқ инсонлар қачон ва қанча хоҳласа еявераркан. Улар овқатланиш тартиби, парҳез деган нарсаларга аҳамият беришмайди. Фақат қорин тўйганини ҳис қилган заҳоти овқатланишни тўхтади. Мана шу принципга амал қилиш ортиқча вазндан қутулишда яхши ёрдам беради.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!