Дунёга машҳур масхарабоз Олег Попов вафот этди

09:41, 03 ноябрь

Москва Катта цирки директори Эдгар Запашнийнинг берган маълумотига кўра, 2 ноябрь куни дунёга машҳур масхарабоз Олег Попов 87 ёшда вафот этган, деб хабар берди “Vesti.ru” нашри.

“Олег Попов вафот этди. Менга ҳозир “Росгосцирк” бош директори Дмитрий Иванов қўнғироқ қилиб, бу ҳақда хабар берди”, дейди Эдгар Запашний.

Ўз навбатида Дмитрий Иванов Олег Поповнинг Ростов-на-Дону шаҳридаги гастроль сафарида ўзини яхши ҳис қилганлигини, кечқурун телевизор томоша қилганлигини, эртаси куни тўсатдан вафот этганлигини маълум қилди.

“Росгосцирк” директорининг сўзларига қараганда, видолашув маросимини қачон ўтказиш ҳали марҳумнинг яқинлари билан муҳокама қилинмаган. Унинг Германияга дафн этилиши тахмин қилинмоқда.  

Эдгар Запашний Олег Поповнинг дунёга машҳур, ягона масхарабоз эканлигини таъкидлади.

Олег Попов қизиқчилик фаолиятини 1951 йилда бошлаган. У “Қуёшли масхарабоз” артистик образини яратган. 1991 йилда Олег Попов Германияга кўчиб кетган. Шундан бери Германиянинг Эглофштайн шаҳрида турмуш ўртоғи, цирк артисти Габриель билан бирга яшаган. 25 йилдан бери у илк маротаба ўтган йили Россияга келган, унга Сочида ўтказилган цирк санъати фестивалида “Цирк афсонаси” унвони берилган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!