Ҳомиладор аёлларга тавсия этилмайдиган 14 маҳсулот

11:42, 03 ноябрь

Ҳомиладорлик даври она ва боланинг саломатлигида муҳим аҳамият касб этувчи даврдир. Шу сабаб бу пайтда ҳомиладор аёл овқат рационига алоҳида эътибор бериши керак. 

1.  Доривор ўтлар. Ҳомиладорлик даврида ҳар қандай ўтли дамламаларни ичишдан воз кечинг. Зарурият туғилгандагина шифокор билан маслаҳатлашинг.

2.  Қаҳва. Кўп миқдорда қаҳва қабул қилиш нафақат сизга, балки ҳомилага ҳам таъсир кўрсатади. Юрак-қон томирларига ортиқча оғирлик тушади. 

3.  Балиқ. Тунец, акула, марлин каби ёғли балиқларни умуман еманг демаймиз, аммо меъёрни унутманг! Бундай балиқлар таркибидаги ёғ она ва бола учун зарарли.

4.  Денгиз маҳсулотлари. Улар асосан хом бўлади, шу сабабли ҳам ҳомиладор аёлларга хавф туғдиради. 

5.  Маxсус моғорли пишлоқлар. Бу турдаги пишлоқ таркибида листериозни чақирувчи бактериялар мавжуд. Бу бактерия ҳаттоки ҳомила тушишига ҳам олиб келиши мумкин.

6.  Сут. Қайнатилмаган сутни ича кўрманг!

7.  Чала пишган гўштни асло еманг. Тайёр қиймаларни сотиб олишда ҳам унинг яроқлилик муддатига аҳамият беринг.

8.  Жигар. Жигар ва жигарли паштетни емаганингиз маъқул. Жигар А витаминига жуда бой, аммо бу витаминнинг меъёрдан ошиғи ҳомила учун хавфли бўлиши мумкин.

9.  Қўзиқоринлар. Бу маҳсулотдан тайёрланган егуликлар ҳазм бўлиши қийин таомлар рўйхатига киради. Шунингдек, заxарланиш эҳтимоли ҳам кучли.

10.  Зираворлар. Улар она организмида сафрони кўпайтиради. Бундан ташқари нафақат ташқи, балки ички аъзолар шишига ҳам сабаб бўлади.

11.  Печеньелар. Дўконлардаги таъм берувчи қўшимчалари кўп бўлган печеньелар таркибида, ривожланаётган ҳомилага зарар келтирувчи акриламид моддаси мавжуд.  Шунинг учун ўзингиз тайёрлаган печеньени тановвул қилганингиз маъқул.

12.  Консерва маҳсулотлари. Таркибида оқсиллар синтезига таъсир кўрсатувчи кўп миқдорда консервант ва сирка бор.  Қолаверса, яроқлилик муддати ўтган консервани билмасдан истеъмол қилиш, ботулизм касаллигига олиб келади. 

13.  Газли сувлар. Бўёқлар, таъм кучайтиргичлар, кўп миқдордаги шакар - жигар ва буйрак фаолиятига таъсир кўрсатиб, ривожланиб келаётган ҳомилага керакли озуқаларни етказиб бера олмайди.

14.  Маргарин. У ҳаммага бирдек зарарли, асосан ҳомиладор аёлларга.  Таркибидаги  ҳайвон ёғлари бола ва она юрак фаолиятига таъсир кўрсатмай қолмайди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!