Ўзбекистон Президенти сайловида 555 мингдан ортиқ ёшлар биринчи марта овоз беради

14:53, 03 ноябрь

Мамлакатимизда 21 миллион 435 минг сайловчи бўлиб, уларнинг 10 миллион 825 мингдан зиёди хотин-қизлар, 555 мингдан ортиғи сайловда биринчи марта овоз бераётган ёшлардир. 

Ушбу маълумотлар 2016 йилнинг 2 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида “Аҳолининг юксак сайлов маданияти ва фаоллиги – демократик сайловларнинг муҳим омили” мавзусида ташкил этилган халқаро семинарда қайд этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти вакиллари, шунингдек, видеоконференцалоқа орқали округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва миллий маданият марказлари фаоллари иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) У.Муҳаммадиев, ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори Жон Макгрегор ва бошқалар Ўзбекистонда мустақил сайлов тизимини шакллантириш ва ривожлантиришда фуқароларнинг жамият ва давлат ишлари бошқарувида иштирок этиши, ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришини таъминлашнинг таъсирчан ташкилий-ҳуқуқий механизмлари яратилгани, сайлов қонунчилиги илғор хорижий тажрибага, халқаро сайлов стандартларига мос равишда изчиллик билан такомиллаштирилаётганини таъкидлади. 

Тадбирда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш, шу жумладан, ногиронлар, қамоқда сақлаш жойларида сақланаётган фуқароларга сайлов жараёнида уларнинг сайлов ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда яратилаётган шароитлар ҳақида фикр алмашилди. 

Мазкур йўналишда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ҳам тизимли ва режали ишларни амалга оширмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш, ҳуқуқий ва сайлов маданиятини янада юксалтириш бўйича асосий тадбирлар режаси тасдиқланган. 

Тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!