Хатамжон Кетмонов Наманган вилоятидаги сайловчилар билан учрашувни Онлайн-конференция шаклида ўтказди

15:04, 03 ноябрь

Ўзбекистон Республикаси президентлигига Ўзбекистон ХДПдан илгари сурилаётган номзод Хатамжон Кетмонов ўзининг навбатдаги сайловолди учрашувини ўтказди. Наманган вилоятидаги сайловчилар билан Учқўрғон туман ҳокимлигининг катта мажлислар залида 2016 йил 3 ноябрь куни бўлган учрашув Онлайн видео-конференция шаклида ташкил этилди.

Тадбирда номзоднинг ишончли вакили Абдуғаффор Қирғизбоев даставвал Хатамжон Кетмоновнинг таржимаи ҳоли билан йиғилганларни таништирди.

Шундан сўнг,  сўз Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод – Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, партия фракцияси раҳбари Хатамжон Абдураҳманович Кетмоновга берилди.

Хатамжон Кетмонов ўз чиқишида, даставвал, мустақиллик йилларида демократик ислоҳотларнинг ажралмас таркибий қисми бўлмиш сайлов тизими босқичма-босқич, изчил ислоҳ қилиниб, мамлакатимизда халқаро ҳуқуқ нормалари талабларига, миллий тарихий анъаналаримизга ва Конституциямизга мос сайлов қонунчилиги тизими яратилганига эътибор қаратди.

У ўз маърузаси орқали сайловолди дастурининг асосий йўналишлари юзасидан йиғилганларга батафсил маълумот берди. 

Жумладан, дастур партиянинг ғоя ва дастурий мақсадларига, хусусан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг Парламентдаги кўпчилик – демократик кучлар Блокига нисбатан ўзини мухолифат деб эълон қилгани, бунинг натижасида мухолиф фракция сифатида илгари сурган қатор ғояларга асосланишини  таъкидлади. 

Бу энг аввало, кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, ўсиб бораётган иқтисодий салоҳиятдан аҳолининг барча қатламлари, энг аввало, кам таъминланган қатламининг турмуш даражаси ижтимоий ҳимояланганлигини доимий равишда яхшилашни таъминлайдиган иқтисодиётдаги тартибга солувчи ролини мустаҳкамлашдан иборатдир.

Шу нуқтаи назардан, бу йўналишда айниқса,  муносиб иш ҳақи тўланадиган барқарор иш ўринларини таклиф этаётган, биринчи навбатда заминимиздаги бой минерал хомашё ресурслари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни таъминловчи юқори технологик тармоқ корхоналари, хизмат  кўрсатиш ва сервис соҳасида фаолият юритаётган корхона ва ташкилотларда меҳнатга лаёқатли аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш, ушбу соҳаларга мамлакатда мавжуд бўлган бўш меҳнат ресурсларини фаол жалб этиш масалаларига дастурда алоҳида устуворлик берилмоқда. 

Шунингдек, маърузада таъкидландики, турли имтиёзлар бериш орқали иш берувчи ва ходим ўртасидаги норасмий меҳнат муносабатларини қонун доирасига киритиш, меҳнат муҳофазаси қоидаларини бузганлик учун тадбиркорларнинг маъсулиятини ва жавобгарлигини ошириш ва давлат томонидан қаттиқ назорат ўрнатиш масалалари ниҳоятда муҳимдир. 

Ўз навбатида, Хатамжон Кетмоновнинг Сайловолди дастурида ўзи ишлаб чиқарган маҳсулот ҳисобига ички бозорни тўлдириш нарх-наво ошишини олдини олишга қаратилган товарлар ва хизматлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳудудий дастурлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари масъулиятини кучайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани маълум қилинди. 

Ижтимоий ҳимоя борасида кучли ижтимоий сиёсатни амалга оширишда давлатнинг тартибга солувчанлик ролини мустаҳкамлаш, мазкур устуворликка амал қилган ҳолда, етакчи ижтимоий соҳаларнинг тижоратлашувини чеклаш, жамиятнинг барча аъзоларининг ишончли ижтимоий кафолатлари таъминланиши масалаларида бизнес масъулиятини оширишга оид вазифалар илгари сурилаётани маълум қилинди.

Шундан сўнг асосий маъруза юзасидан бир қатор иштирокчилар сўзга чиқдилар. 

Улар ўз чиқишларида номзод дастурида илгари сурилаётган - педагогик маълумотга эга, лекин бола тарбияси билан машғул бўлгани боис вақтинча ишламайдиган аёлларнинг оилавий мактабгача таълим тарбиячиси сифатидаги уй меҳнатини ташкил этишнинг қонуний асосларини яратиш  зарурлиги ғоясини тўла қўллаб-қувватлашини билдиришди.

Шунингдек, сўзга чиққанлар томонидан номзоднинг дастурида  илгари сурилаётган жойлардаги доимий электорат манфаатларига алоқадор бўлган долзарб иқтисодий ва ижтимоий вазифаларнинг ҳал этилишига таъсир кўрсатиш масалаларида сиёсий партиялар ва уларнинг депутатлик бирлашмалари ҳуқуқ ва ваколатларини янада оширишга оид долзарб масалаларни фаол қўллаб-қувватладилар.

Сўзга чиққанлар, сайловчиларни сайлов куни Хатамжон Кетмоновга овоз беришга чақиришди.

Шундан сўнг савол-жавобларга навбат берилди. Унда сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга номзод ва унинг ишончли вакилларидан атрофлича жавоб олиш имконига эга бўлдилар.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!