Тошкентда мода ҳафталиги бўлиб ўтади

15:15, 03 ноябрь

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида мазкур мода ҳафталиги олдидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Тошкент мода ҳафталиги модельер ва дизайнерларнинг ижодий изланишларига қанот бағишлаш, уларнинг энг сара тўпламлари билан халқимиз, хорижлик меҳмонларни яқиндан таништириш, либослар соҳасида меҳнат қилаётган ижодкорларнинг ўзаро фикр ва тажриба алмашиши учун имкон яратишда ўзига хос майдонга айланиши шубҳасиз. 

Ўзбекистон либос дизайнерларининг ижод намуналари, нафис ва бетакрор миллий матоларимиз хорижий давлатларда ўтказилаётган мода намойишларида юксак эътиборга сазовор бўлмоқда. Мода ҳафталигида Италия, Польша, Латвия, Хитой, Жанубий Корея, Кувайт каби давлатлардан мутахассислар иштирок этиши кутилмоқда. 

Ҳафталик доирасидаги тадбирлар қамрови кенг ва ранг-баранг. Ўзига хос мода марафони тарзидаги ушбу лойиҳа ўзбек миллий матолари ва анъанавий либосларига бағишланган тўқимачилик кўргазмаси билан очилади. Хорижлик мутахассислар иштирокида ўтказиладиган илмий-амалий анжуманда мода саноатига инновацион технологияларни жорий этиш, “Lux” тоифасидаги либосларни ишлаб чиқариш ва такомиллаштириш, ўзбек модасининг ривожланиш тенденциялари, мода бизнеси, бу борада одамлар эҳтиёж ва талаблари каби масалалар муҳокама этилади. 

Ёш дизайнерлар намойиши мода соҳасида изланаётган йигит-қизлар учун ўз салоҳияти, илк ижодий қадамларини намойиш этиш учун қулай имконият бўлса, муаллифлик кўригида юртимиз ва хорижнинг моҳир дизайнерларининг энг яхши коллекцияларидан баҳраманд бўлиш мумкин. Ҳафталик тадбирларидаги коллекцияларни томошабинлар эътиборига ҳавола этишда юртимизнинг барча ҳудудларидан ёшлар иштирок этади. 

Маҳаллий ва хорижий мода мутахассисларининг маҳорат сабоқларида ёш дизайнерларнинг дидини юксалтириш, кўркам либослар яратиш, уларни кенг омма эътиборига ҳавола этиш жараёнига тўғри ёндашувни шакллантириш каби жиҳатларга катта аҳамият қаратилади. Ҳафталик дастуридан ўрин олган Миллий либос фестивали мамлакатимиз дизайнерлик соҳасида изланаётган истеъдодларга бой эканини иштирокчиларига яна бир карра намоён этади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!