Ғаройибот: Машина ичидаги шарпа

13:57, 04 ноябрь

“Ғаройибот” рукнига келган мактублар чиндан ҳам бир-биридан ғаройиб ва қизиқарли бўлади. Ушбу хатни ўқиб ҳам шундай хулосага келдик. Ростдан ҳам бу дунёнинг биз билмаган синоатлари бисёр...

—  Бу воқеани ўз бошимдан ўтказдим, — деб ёзади навоийлик мухлисимиз Анвар Қосимов. — Анчадан буён автомобиль олишга ишқибоз бўлиб юрардим. Биласиз, бу эркакларнинг болаликдаги орзуси бўлади. Менам шу мақсадим кетида уч йилча топганимни жамғардим. Аёлим жаврашига қарамай, кийим-кечакдан бироз тийилиб, машинага атадим. 

—  Сизнинг машина минишингизни деб, мен эски-тускида юраманми? — дея роса жиғибийрон бўлди хотиним. 

—  Шунча модадан қолмай кийганинг етади. Менам энди бир машина минай, кейин яна сен кийинасан, — деб қўярдим ҳазил-чин аралаш қилиб. 

Очиғи, чойхона-ю, ўтиришлардан ҳам тийилдим баъзан. Ўртоқларимнинг маломатлари, хотинимнинг нолишларига қилган сабрим меваси ўлароқ ярим йилча аввал машина бозорига тушдим. Юрагим ҳапиқади. Қани кўнглимдаги машина чиқса. Менга ёққанининг нархи баланд. Нархи бўладиганининг ўзи дилга ўтирмайдиган...

Қидира-қидира бир ойни ўтказибман. Ҳар бозор чиқамиз, қуруқ қайтамиз. 

—  Ҳеч ким сиздай инжиқ эмас. Илтимос сиздан яна бир йил йиғининг, — дейди машина бозордан орттирган танишим ҳазилашиб. — Ана шунда уйда ўтирасиз, мен турли машиналарни олдингизга олиб бораман. 

Асабийлашиб турган бўлсам-да, унинг ҳазилига кулиб жавоб бераман. Лекин менга аталган яхши машина борлигига ҳам ишонаман. 

—  Қўлингиздаги пулга сиз айтган машинани бермайди, тушунинг, — куйинади ҳалиги йигит.

—  Бўлиши керак. Чиқади, — дейман умид билан. 

—  Бўлмаса, Тошкентга боринг. У ернинг бозори катта. Ҳар хили бўлади. Бу бозордан пича қиммат лекин, — дейди у яна.

—   Қиммат бўлса нега тавсия қиляпсан? — дейман бўш келмай. — Баттар куйиб ўлсин деяпсанми?

—  Арзони ҳам бўлади-да. Битта бўёқ текканлари айниқса, жуда паст юради. Бирор нимага уриб олишади. Дарахтгами, симёғочгами, қарабсизки, машинанинг нархи икки баробар тушади. Сизга нима фарқи бор. 

Ўйлаб-ўйлаб охири пойтахт машина бозорини ҳам кўрадиган бўлдим. Бордик. Умумий нарх айтганидек, биздан анча баланд. Лекин юрсангиз, зўр машиналарни жуда паст нархда ҳам кўрасиз. Буни кўриб хурсанд бўлиб кетдим. 

Юриб-юриб бир машина олдида тўхтадим. Худди ўзим орзу қилган. Нархи ҳам тўғри келади. Тағин хужжатлиштиришга ҳам етади. Бунақасини сира кутмаганим учун “оламан” деб туриб олдим. 

—  Бунинг бир балоси бор. “Нормальний” машина бунақа нархда бўлмайди, — дейди ҳалиги танишим.

—  Қандай балоси бўлиши мумкин. Уста кўрди, мақтади. Ҳамма жойи бус-бутун. Яна нима керак, сенга? Ана сотаётган одам “Пулга муҳтож бўлиб қолдим”, деяпти-ку! — дейман унинг савдога тўсиқ бўлаётганидан жаҳлим чиқиб.

Хуллас, ўша машинани олдим. Олиб келдик. Қувончим ичимга сиғмайди. Ҳамма мақтади. Нархи ҳам, ўзи ҳам ҳаммани ҳайратга солди. Мени “Омади кулган” дейишди.

Мен эса ўзим орзу қилгандек машинамни ишхонага ҳайдаб бора бошладим. 

Биринчи куни аҳамият қилмадим. Лекин иккинчи-учинчи кунлари худди машина ичида кимдир бордек туюлаверди.

“Менга шунақа туюляпти”, дейман ортимга ялт этиб қараб оларканман. 

Баъзида ҳатто нафас олишини ҳам эшитгандек бўлардим. Юрагимни ваҳима ва қўрқув чулғаб олади. Ҳалиги сотувчи йигитнинг “Бу машинанинг бир балоси бор”, деган гапи ёдимга тушади-да, баттар титроқ ичида қоламан. Эътибор қилиб билдимки, машинам ичида чинданда кимнингдир шарпаси сезилади, фақат ёш бола. Пишиллаши, нафас олиши тўрт-беш ёш болани эслатади. Лекин аниқ бор!

“Балки жинни бўлаётгандирман?” дейман баъзида шубҳага бориб. 

Охири бир кўпни кўрган одам билан маслаҳатлашдим. У кииши қон чиқариб, садақа беришимни, Қуръон тиловат қилдириб юборишимни айтди. Дарҳол айтганини қилдим. Бир қўчқор сўйиб, садақа қилдим. Тиловат ҳам бўлди. 

Ишонасизми, тинчидим-қолдим. Орадан вақт ўтиб, ўша машинани сотган одам билан қўнғироқлашдим. Очиғи, у қўрқиб кетди.

—  Машинани қайтармоқчимисиз? — деди у бирдан.

—  Йўқ, — дедим кулиб. — Бир оғиз айтиб қўйсангиз бўларкан. “Садақа радди бало”, дейдилар. Садақа билан кетди, болакай... — дедим.

—  Болакай? — донг қотди ҳалиги киши. — Тўғриси, оққон касалига учраган неварам шифохонадан келишда шу машинада жон берган. Бу машинани ҳайдаш менга азоб. Менга ҳеч нарса сезилмасди. Шунчаки ёмон хотиралардан қутулиш учун сотдим. Икки марта қайтди. “Кимдир бор”, дейишди олганлар. Фақатгина сиз уни узоқ миндингиз ва “Болакай” дедингиз...

—  Ахир бу машинага етиш учун қанча сабр қилдим. Бу ҳам сабримнинг меваси... — дедим кўнглим хотиржам тортиб.

Лекин дунёнинг синоатига тан бердим.

КАМИНА оққа кўчирди

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!