Хатамжон Кетмонов Андижон вилояти сайловчиларини ўзининг сайловолди дастури билан таништирди

14:59, 04 ноябрь

Жорий йилнинг 4 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси президентлигига Ўзбекистон ХДПдан кўрсатилган номзод Хатамжон Кетмонов Андижон вилояти сайловчилари билан учрашди.

Андижон вилояти Бўз туман ҳокимлигининг катта мажлислар залида бўлиб ўтган учрашув Онлайн видео-конференция шаклида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидаги сайловчиларни қамраб олган ҳолда ташкил этилди.

Тадбир аввалида номзоднинг ишончли вакили Абдулҳамид Нурматов Хатамжон Кетмоновнинг таржимаи ҳоли билан йиғилганларни таништирди.

Шундан сўнг, сўз Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод – Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, партия фракцияси раҳбари Хатамжон Абдураҳманович Кетмоновга берилди.

Хатамжон Кетмонов ўзининг навбатдаги сайловолди учрашувида, даставвал, сайловлар демократиянинг кўзгуси эканлигини, ҳуқуқий демократик давлатнинг асосини ташкил этишини таъкидлаб, истиқлол йилларида барча соҳаларда бўлгани каби сайлов тизими ҳам босқичма-босқич, изчил ислоҳ этилгани ва мамлакатимизда сайлов жараёнларининг қонуний асослари яратилганига эътибор қаратди.

У ўз маърузаси орқали сайловолди дастурининг асосий йўналишлари юзасидан йиғилганларга батафсил маълумот берди.

Жумладан, дастур партиянинг ғоя ва дастурий мақсадларига, хусусан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг Парламентдаги кўпчилик – демократик кучлар Блокига нисбатан ўзини мухолифат деб эълон қилгани, бунинг натижасида мухолиф фракция сифатида илгари сурган қатор ғояларга асосланишини таъкидлади.

Биз учун асосий устувор йўналиш, авваламбор, аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш ҳисобланади, - деди номзод ўз дастури билан сайловчиларни таништирар экан. Бунда аҳоли бандлигини таъминлаш тизимини замонавий усулларни жорий қилиш орқали доимий такомиллаштириб бориш, каби устувор йўналишлар белгилаб олинганлигини ва мазкур йўналишдаги вазифаларнинг самарали амалга оширилиши учун “Аҳоли бандлигини таъминлаш – энг асосий бурчимиз”, “Аҳоли бандлиги – ижтимоий ҳимоянинг энг мақбул йўли!”, “Ҳар бир инсон учун муносиб иш ўрни!”, “Ҳар бир инсон учун муносиб иш ҳақи!” шиорлари илгари сурилиши таъкидланди.

Номзод, ушбу мақсадда ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга ошириш давомида барқарор иш ўринларини яратиш кўрсаткичлари мазкур дастурларнинг муҳим мезонларидан бўлишини таъминлаш, ишчи кучи четга чиқиб кетишининг олдини олиш, бунинг учун ҳар йили қабул қилинадиган иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Давлат дастури ижросида янгича ёндашувларга ўтиш, бунда асосий эътиборни меҳнат бозоридаги талаб-таклифни тўлиқ ўрганиш, ҳисобга олиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини тузишда жорий ва истиқболдаги ривожланиш йўналишларини тўғри ва аниқ белгилаш, муносиб иш ҳақи тўланадиган барқарор иш ўринларини таклиф этаётган, биринчи навбатда заминимиздаги бой минерал хомашё ресурслари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни таъминловчи юқори технологик тармоқ корхоналари, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида фаолият юритаётган корхона ва ташкилотларда меҳнатга лаёқатли аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш, ушбу соҳаларга мамлакатда мавжуд бўлган бўш меҳнат ресурсларини фаол жалб этиш кераклиги бўйича таклифларини илгари сурди.

Шунингдек, маърузада кичик бизнес, уй меҳнати, касаначилик ва оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш орқали хотин-қизлар бандлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш, меҳнат қонунчилигида аёлларга берилган ҳуқуқ ва қўшимча имтиёзлардан кенг фойдаланишлари учун янада мақбул шароитларни яратиш лозимлиги таъкидланди.

Шундан сўнг асосий маъруза юзасидан бир қатор иштирокчилар сўзга чиқдилар.

Улар ўз чиқишларида номзод дастурида илгари сурилаётган тегишли мутахассисларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, кадрлар тайёрлаш учун олий ўқув юртлари талабаларининг таълим шартномалари тўловларини тўлаётган корхоналар ва ташкилотларни рағбатлантириш амалиётини такомиллаштириш зарурлиги ғоясини тўла қўллаб-қувватлашини билдиришди.

Шунингдек, сўзга чиққанлар номзоднинг дастурида илгари сурилаётган олий ва ўрта махсус маълумотга эга мутахассислар тайёрлаш йўналишларини белгилашда корхона ва ташкилотларнинг кадрларга бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларини ҳисобга олиш тизимини такомиллаштиришга оид долзарб масалаларни фаол қўллаб-қувватладилар.

Шундан сўнг савол-жавобларга навбат берилди. Унда сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга номзод ва унинг ишончли вакилларидан атрофлича жавоб олиш имконига эга бўлдилар.

 

 

 

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!