Тухум ҳам, пўстлоғи ҳам кони фойда!

16:06, 04 ноябрь

Нонуштага қуймоқ пиширасизми, торт учун крем тайёрлайсизми, хуллас, нимага ишлатсангиз ҳам тухумнинг пўстлоғини ташлаб юборасизми? Чакки қиласиз! Чунки у талай фойдали хусусиятларга эга. Қолаверса, тухумнинг ўзига ҳам фақат озуқа маҳсулоти сифатида қараш нотўғри.

Соч учун озиқлантирувчи ниқоб
Бунинг учун битта тухум (агар сочлар узун ва қалин бўлса, иккита), 2-4 ош қошиқ сув керак. Тухумни сув билан яхшилаб аралаштириб, бош терисига ва сочларга суртинг. 3-5 дақиқа ўтгач, озгина лимон шарбати қўшилган илиқ сув билан ювиб ташланг. Сув жуда иссиқ бўлмасин, акс ҳолда бошингиздаги тухумнинг оқи «пишиб қолади». Бу ниқобни ҳафтада бир марта қилиб турсангиз, бош териси яхши озиқланади ва сочлар ялтирайди.

Юз терисини таранглаштириш учун…
Агар юзингиз териси қуруқ бўлса, тухумнинг фақат сариғини ишлатинг. Агар ёғли бўлса, оқига бир неча томчи лимон шарбати ва 1 чой қошиқ асал қўшиб ишлатасиз. Агар терингизнинг ёғлилик даражаси ўртача бўлса, тухумни бутунича ишлатсангиз ҳам бўлади.

Тухумни яхшилаб кўпиртирасиз. Юзингизга суртиб қўйиб, ярим соат ё осмонга қараб ўтирасиз ёки ётасиз — мушакларингиз бўшаши керак. Ярим соатдан кейин ниқобни илиқ сув билан ювиб ташлаб, озиқлантирувчи крем суртинг.

Тухум пўстлоғидан скраб
Тухумнинг пўстлоғини юпқа пардасидан тозалаб олинг-да, қаҳвамайдалагичда кукун ҳолига келтиринг. Оз миқдорда душ учун мўлжалланган гель ёки бошқа суюлтирилган ювиниш воситасидан қўшинг. Тухум пўстлоғи терини ўлик ҳужайралардан авайлаб тозалайди. Бу скрабни нафақат юз, балки бутун тана учун қўлласа бўлади.

Соч ва тирноқларни мустаҳкамлашда…
Тухум пўстлоғи организм учун жуда зарур кальций манбаидир. Сочларингиз ва тирноқларингиз гўзал жилоланиб, мустаҳкам бўришини истасангиз, ҳафтада ҳеч бўлмаса бир марта 1/3 чой қошиқ тухум пўстлоғи кукунини 2 дона балиқ мойи капсуласи билан истеъмол қилиб туришни унутманг.

Пўстлоқ билан даволаш
Тухум пўстлоғи сувни зарарли аралашмалардан тозалаб, унга ишқорли хусусият бахш этади. Бундай сувни истеъмол қилган киши ошқозон оғриғидан халос бўлади, яралар ва куйган жойлар эса бундай сув воситасида тезроқ тузалади.

Уни тайёрлаш жуда осон: 1 чой қошиқ майдаланган тухум пўстлоғи устига 1 литр қайнатиб-совутилган сув қуйинг ва 5 соат тиндириб қўйинг. Сўнг шу сув билан мойчечак, қизилпойча (зверобой) ва зубтурум (подорожник) дамламаларини тайёрлаб (ҳар бир ўтнинг қуритилганидан 1 чой қошиқдан олинади), бир ҳафта давомида кунига 3 мартадан ичиб туриш керак.

Сифатли елим
Тухум оқи жуда зўр елимдир. У қоғоз ва юпқа картонни яхшилаб ёпиштириш хусусиятига эга. 

Теридан ишланган буюмларни ялтиратиш учун…
Агар теридан ишланган буюмларингизни ялтиратишни истасангиз, юмшиқ латтани кўпиртирилган тухум оқига ботириб олиб, уларни артинг. Локланган пойабзал ёки қўлқопларни ялтиратиш учун битта тухум сариғини 1 ош қошиқ ўсимлик мойи ва 3 ош қошиқ скипидар (ўткир ҳидли суюқ модда, дорихоналардан сўранг) билан аралаштиринг ва ҳосил бўлган аралашама билан оҳорини йўқотган буюмингизни яхшилаб артинг.

Пойабзални янгилаш
Агар пойабзалингизнинг юзаси бироз ёрилган, аммо ўз ҳали бус-бутун бўлса, уни аввал вазелин, сўнг эса хом тухум оқи билан артинг. Охирида пахмоқ мато билан ялтирагунча ишқаланг.

Кўмир ва қурумдан тозалаш
Кийимга теккан қоракуя ва кўмир доғларини тухум сариғи ва скипидар аралашмаси (битта тухум сариғига 3 ош қошиқ скипидар) яхши тозалайди. Аралашма билан қора доғни яхшилаб артинг, сўнг кийимни кир совун билан ювиб, обдан чайиб олинг.

Чойшабларни оқартириш учун
Оқ тухумнинг пўстлоғи оқартирувчи хусусиятга эга. Тухум пўстлоғини ҳовончада туйиб олинг, оқ чит матога яхшилаб ўранг ва автомат кир ювиш машинасига бошқа ювиладиган буюмларга қўшиб солинг. Ҳам кир ювиш кукунини камроқ ишлатасиз, ҳам кутилган натижага эришасиз.

Ўсимликлар учун ўғит
Тухум пўстлоғини туйиб, устидан сув қуйинг. Бир сутка ўтгач, шу сув билан хона гулларини ва томорқадаги экинларни суғоринг. Тухум пўстлоғи таркибидаги фойдали моддалар — ажойиб ўғитдир.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!