Шавкат Мирзиёев Навоий ва Бухоро вилоятлари сайловчилари билан учрашди

22:53, 04 ноябрь

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 4 ноябрь куни Навоий вилояти сайловчилари билан учрашди. 

Учрашувни “Навоий иссиқлик электр станцияси" акциядорлик жамияти бош директори Қ.Ғаниев очди. 

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган иқтисодий дастурнинг амалга оширилиши натижасида мамлакатимизнинг барча ҳудудлари қатори Навоий вилояти ҳам изчил ривожланиб бормоқда. Жорий йилнинг 9 ойида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот қарийб 6 фоиз ўсди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари кенг қўллаб-қувватланаётгани самарасида уларнинг сафи кенгайиб, вилоят иқтисодиётидаги салмоғи тобора ортмоқда. Янги уй-жойлар ва ижтимоий объектлар бунёд этилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади. 

Дастурда давлат ва жамият бошқаруви тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ этиш, иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, макроиқтисодий барқарорлик ва изчил ўсиш суръатларини таъминлаш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, мамлакатимиздаги тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган устувор вазифалар белгиланган. Унда ижро ҳокимияти фаолияти самарадорлигини ошириш, жамоатчилик назорати механизмларини кучайтириш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини ва одил судловни таъминлаш, иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш, хусусий мулк ва тадбиркорликни ривожлантириш, озуқабоп ва экспортбоп экинларни кўпайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳаёт сифати ва фаровонлигини юксалтириш каби муҳим масалалар ўз ифодасини топган. 

Учрашув видеоконференция шаклида ўтди. Навоий шаҳри ва вилоятнинг барча туманлари марказидан сайловчилар номзоднинг дастури юзасидан ўз фикрларини билдирди. 

Меҳнат фахрийси Ҳ.Маматов, "Навоий кон-металлургия комбинати" давлат корхонаси "Навоий машинасозлик заводи" ишлаб чиқариш бирлашмаси директори Н.Лаккай, Навоий шаҳридаги "Экспресс-сервис" масъулияти чекланган жамияти директори Ш.Исмоилов, Учқудуқ қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси С.Равшанова, Томди тумани халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудири Т.Медетов, Навбаҳор туманидаги "Сарбозор" маҳалла фуқаролар йиғинининг диний-маърифат ва маънавий-ахлоқийтарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Н.Қўлдошева ва бошқалар дастурда белгиланган вазифалар мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигига хизмат қилишини таъкидлади. Президент сайловига тайёргарлик жараёнлари миллий қонунчилигимиз ва халқаро демократик тамойилларга тўла мос равишда ўтаётганини қайд этди. Сайловчиларни 4 декабрь куни бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди. 

* * *

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 4 ноябрь куни Бухоро вилояти сайловчилари билан ҳам учрашди. 

Учрашувни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят кенгаши раиси Ф.Аминов очди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди. 

Дастурда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, саноатга замонавий технологияларни жорий қилиш ва янги ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш, инвестициявий муҳитни янада яхшилаш ва экспорт ҳажмини кўпайтириш, хусусий мулк ва тадбиркорлик соҳасини кенг ривожлантириш, фермерлик ҳаракатини янги босқичга кўтариш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳаёт сифати ва даражасини изчил юксалтириш, барча давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш каби муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратилган. 

Дастурда мамлакатимиз иқтисодиётининг юксалишида катта аҳамиятга эга бўлган туризм соҳасини жадал ривожлантириш бўйича дастур қабул қилиш назарда тутилган. Соҳадаги бошқарув тизимини такомиллаштириш, туристлар учун виза бериш ва рўйхатга олиш тартиб-таомилларини соддалаштириш, янги сайёҳлик маршрутларини яратиш, туризм инфратузилмасининг изчил ривожланишини таъминлаш, соҳага хорижий инвестицияларни жалб этиш, туризмни ривожлантириш бўйича махсус иқтисодий зоналар ташкил этиш зарурлиги қайд этилган. 

Бутун мамлакатимизда бўлгани каби Бухоро вилоятида ҳам барча соҳаларда катта муваффақиятларга эришилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида вилоят саноат салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган умумий қиймати 142,5 миллиард сўмлик 470 лойиҳа амалга оширилди, 7 мингдан зиёд иш ўрни яратилди. Қишлоқларда намунавий лойиҳа бўйича қурилган 900 дан ортиқ уй-жой фойдаланишга топширилди. 

Марказий Осиёдаги йирик ишлаб чиқариш мажмуаларидан бири бўлган Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши бошланди. Мажмуа таркибига йилига 8,1 миллиард куб метр табиий газни қайта ишлаш қувватига эга завод, шунингдек, 114 қазиш қудуғи, 11 махсус майдон ва 4 йиғув пунктини ўз ичига олган табиий газни тўплаш тизими киради. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон газ конларини ўзлаштиришни янги босқичга кўтаради. Заводда 2 мингдан зиёд доимий иш ўрни яратилади. 

Видеоконференция тарзида ўтказилган йиғилишда вилоятнинг барча шаҳар ва туман марказларидаги сайловчилар билан очиқ мулоқот бўлди. 

Меҳнат фахрийси Б.Жумаев, Пешку туманидаги “Малишояк” фермер хўжалиги раҳбари С.Жумаева, меҳнат фахрийси М.Рафиқов, Олот туманидаги "Ҳиммат" фермер хўжалиги раҳбари Қ.Худоев ва бошқалар тарихан қисқа даврда мамлакатимиз ҳар томонлама ривожланаётган замонавий давлатга айлангани, одамларнинг ҳаёт даражаси, дунёқараши ва маданияти тобора юксалиб бораётганини фахр билан таъкидлади. Президент сайловига тайёргарлик кўриш жараёнлари миллий қонунчилигимиз ва халқаро демократик тамойилларга мос равишда ўтаётганини қайд этди. Сайловчиларни 4 декабрь куни бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди. 

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!