Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди

10:34, 05 ноябрь

Миллий олимпия қўмитаси қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази бугунги кунда энг сўнгги русмдаги юқори замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган бўлиб, у Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Хусусан, марказда допинг-назорат бўйича лабаратория, замонавий биохимия лабараторияси, спорт жароҳатлари ва хасталикларининг функционал диагностика бўлими, шунингдек нур ташҳиси бўлими фаолият кўрсатмоқда.

Марказнинг барча бўлимлари ягона ахборот тизимига бирлаштирилган. Охирги икки йил давомида мамлакатимиз олимпиячилари ва спортчиларига юқори малакали тиббий хизматларни кўрсатиш мақсадида марказда бир қатор ўзига хос усуллар қўлланилди. Тадқиқотларнинг клиник баҳоси марказни республикамизда биринчи бўлган магнит-резонансли томографиянинг тўлиқ рақамли системаси, юқори тезликдаги мультиспираль компьютер томографи, шунингдек олий тоифадаги рақамли рентгенграфия ва ультратовушли системалар билан жиҳозлаш ҳисобига оширилди.

Бугун, 3 ноябрь куни эса Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси “Philips Healthcare” (Голландия) компанияси билан ҳамкорликда “Кардиологияда компьютер ва магнит резонансли томографиянинг клиник қўлланилиши” мавзусида илмий-амалий семинар ўтказди. Ушбу тадбир доирасида россиялик етакчи олим Владислав Курбатов таклиф этилди. Мутахассис кардиологик хасталиклар тадқиқотида янги усулларнинг қўлланилишига бағишланган илмий маърузалари билан иштирок этди. Назарий ва амалий машғулотлар билан бир қаторда В. Курбатов бизнинг шифокорларимиз учун магнит-резонансли ва компьютер томографиясининг клиник амалиётда қўллашнинг янги технологиялари бўйича мастер-класс (маҳорат дарслари) ўтказди.

Семинарга шунингдек “Philips Healthcare” компанияси минтақавий ваколатхонасининг турли йўналишлар бўйича раҳбарлари Анна Лерман, Владимир Бережной ва Елена Дизендорфлар ҳам таклиф этилишганди. Улар ҳам ўз навбатида тиббиёт соҳасидаги энг замонавий, янги авлод техник ускуналаридан фойдаланиш борасида нутқ сўзлашди. Семинар ишида Ўзбекистон Республикасининг турли тиббиёт муассасаларидан саксондан зиёд мутахассислар иштирок этишди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!