Бош прокуратура тадбиркорликнинг ривожланишига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этади

11:31, 05 ноябрь

Бош прокуратура томонидан тадбиркорликнинг ривожланиши йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича тузилган махсус ишчи гуруҳ фаолияти доирасида Савдо-саноат палатаси ҳамда Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда тадбиркорлар билан учрашувлар ташкил қилинди.

Учрашувлардан кўзланган мақсад – тадбиркорлик фаолиятига салбий таъсир кўрсатаётган тизимли муаммоларни ва мавжуд ҳуқуқий бўшлиқларни аниқлаш, бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилаш бўйича таклифларни йиғиш ва умумлаштириш, тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам кўрсатишдан иборат бўлди.

Ўтказилган учрашувларда капитал қурилиш, улгуржи ва чакана савдо, хизматлар кўрсатиш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, фермерлик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, захирага ғамлаш ва экспорт қилиш, енгил ва пойафзал саноати, қурилиш материаллари ва технологик ускуналари шлаб чиқариш, молия ва банк хизматларини кўрсатиш, заргарлик саноати ва бошқа соҳаларда фаолият юритиб келаётган 200 дан ортиқ тадбиркорлар иштирок этди.

Учрашувлар давомида иштирокчиларга амалдаги қонунчилик меъёрлари, уларни яқинда қабул қилинган қонун ҳужжатларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш истиқболлари тушунтирилди, шунингдек тадбиркорлар ўртасида аноним сўровнома ўтказилди.

Мазкур тадбирлар якунига кўра тадбиркорлар томонидан қайд этилган муаммоларнинг рўйхати тузилиб, улар тармоқлар ва соҳалар бўйича тизимлаштирилди, уларни бартараф этиш бўйича таҳлиллар амалга оширилмоқда ҳамда таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Ўтказилган учрашувлар тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйишга хизмат қилиб, бу ўринда суҳбатлар давомида улар тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтириш борасида кўрилган чоралар, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 05.10.2016 йилдаги «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонла маҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-4848-сон Фармонини ижобий баҳолашларини таъкидладилар.

Ҳозирда Бош прокуратура томонидан тадбиркорликнинг ривожланишига тўсиқ бўлаётган муаммоларни, кейинчалик уларни бартараф этиш мақсадида аниқлаш борасидаги ишлар давом эттирилмоқда.

Шу муносабат билан, Бош прокуратура барча тадбиркорларга бизнес юритишнинг норматив-ҳуқуқий ва ташкилий-амалий асосларини такомиллаштириш, шунингдек, тадбиркорликни ривожлантиришнинг истиқболли лойиҳаларини амалга оширишга оид таклифларини* (фикрлари)ни қолдиришни таклиф этади.

Энг яхши таклиф муаллифлари ўз таклифларини амалга ошириш борасидаги аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқишда бевосита қатнашишлари мумкин бўлади.

Дарвоқе, қолдирилган таклифлар (фикрлар) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тоифасига кирмайди. Индивидуал тусдаги мурожаатлар мавжуд бўлган тақдирда, белгиланган тартибда Бош прокуратуранинг Мурожаатларни телефон орқали қабул қилиш марказига (1007) мурожаат қилиш лозим бўлади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!