Жакарта шаҳрида Ўзбекистон Президенти сайловини ўтказишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди

11:40, 05 ноябрь

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг ахборотига кўра Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Индонезиянинг кўзга кўринган сиёсий, жамоат ва илмий арбоблари, мамлакат парламенти вакиллари, шу жумладан Индонезия Омбудсман офиси, Гунадарма университети вакиллари иштирок этдилар.

Иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан С.Отамуратов, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ш.Мирзиёев, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ҳ.Кетмонов, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Н.Умаров рўйхатга олинганлиги ҳақида хабардор қилинди.

Сайлов кампанияси миллий сайлов қонунчилигига ва МСК томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурига, шунингдек очиқ-ошкоралик демократик принципларига тўла мувофиқ ҳолда давом этаётгани, оммавий ахборот воситаларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир ахборотдан кенг фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратилгани, бугунгача мамлакатимиз ва хорижий ахборот воситаларининг 1000 дан ортиқ вакили аккредитациядан ўтказилгани таъкидланди.

Давра суҳбати иштирокчилари, шунингдек унда қатнашиш учун Ўзбекистонга таклиф этилган кузатувчилар Президент сайловига тайёргарлик кўриш юзасидан  Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан олиб борилаётган кенг қамровли ишларга юқори баҳо бердилар, бундай муҳим сиёсий тадбирда иштирок этиш уларга мамлакатни янада демократлаштиришга ва сайлов тизимини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар олиб бориш борасида Ўзбекистонда тўпланган тажриба билан яқиндан танишиш имконини берганлигини таъкидладилар.

Индонезия Халқ вакиллари палатасининг қишлоқ хўжалиги, ўрмоншунослик, балиқчилик ва аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш масалалари қўмитаси аъзоси Махфуза Сидикнинг сўзларига кўра Ўзбекистон ривожланган демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидан ишонч билан бормоқда. У бўлажак Президент сайловига режали ва ҳар томонлама тайёргарлик кўрилаётганлиги бундан дарак бераётганлигини, бу жараён ҳақида улар бугунги тадбир туфайли холис ахборот олганликларини қайд этди.

Шунингдек у Ўзбекистонда ўтказилган сайловда кузатувчи сифатида икки марта иштирок этганлигини ва ҳар сафар сайлов тизими босқичма-босқич ривожланиб бораётганлигига гувоҳи бўлганлигини таъкидлади. 2014–2015 йилларда ўтказилган парламент ва президент сайлови ҳақида сўз юритаётиб, у сайлов ташкил этилишига ва комиссия аъзоларининг фаолияти учун ҳам, сайловчиларнинг конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш учун ҳам сайлов участкалари зарур шарт-шароитлар ва қулайликлар билан жиҳозланганлигига юқори баҳо берди. “Ўзбекистондаги сайлов жараёни энг демократик анъаналарни ва илғор хориж тажрибасини қўллаш орқали мунтазам такомиллашиб бормоқда. Бунга бир неча бор гувоҳи бўлганман”– дейди М.Сидик.

“Ўзбекистонда ушбу муҳим сиёсий тадбирни демократик принципларни таъминлаган ҳолда ўтказиш учун барча зарур шарт-шароитлар ва ҳуқуқий пойдевор яратилган” – деб таъкидлади Индонезия Омбудсман институти раиси Амзулиан Рифаи. 2016 йил 20-21 октябрь кунлари Тошкентда ўтказилган “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш миллий тизими: мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар” деб номланган халқаро конференцияда иштирок этиш доирасида у Ўзбекистонда қонунчилик соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, шунингдек ушбу соҳада мамлакат томонидан эришилган ютуқлар билан танишишга муваффақ бўлганини қайд этди.

А.Рифаи сайлов соҳасида тўпланган катта тажриба ва амалиёт, шунингдек қабул қилинган мустаҳкам ҳуқуқий база Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини муваффақиятли ўтказишнинг гарови бўлишини таъкидлади.

Гунадарма университетининг ректори Эко Шри Маргианти хоним бўлажак Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатнинг ҳуқуқий ва сайлов соҳасини такомиллаштириш йўлидаги яна бир қадам бўлишини қайд этди.

У Ўзбекистонда сайловчиларнинг сайловда эркин ва фаол иштирок этишини кафолатловчи сайлов тизимини изчил ва босқичма-босқич такомиллаштиришга алоҳида эътибор берилаётганлигини таъкидлади.

Э.Маргианти Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги дўстона ва яқин икки томонлама муносабатларга алоҳида урғу берди. “Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги ҳамкорлик кўпчилик соҳаларда фаол ривожланиб бормоқда. Ҳамкорлигимиз ўзаро ҳурматга асосланган. Мамлакатларимиз ўртасида таълим ва фан соҳаларидаги алоқаларнинг янада ривожлантирилиши икки халқ манфаатларига хизмат қилиши шубҳасиз” – деб қайд этди у.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!