Исроиллик экспертлар Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган сайлов ҳақида фикр билдирмоқда

11:42, 05 ноябрь

Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати хабар беришича, жорий йилнинг 4 декабрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови халқаро жамоатчиликнинг диққат марказида турибди. Хорижий мамлакатларда мамлакатимизда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий воқеага бағишланган турли тадбирлар, шу жумладан брифинглар, конференциялар, давра суҳбатлари бўлиб ўтмоқда.

Исроил оммавий ахборот воситалари ҳам Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган воқеаларни, бўлажак Президент сайловини ёритиб беришни давом эттирмоқда. Яқинда Исроилнинг РЭКА давлат радиоканалидаги янгилик блокларидан бири Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мавзусига бағишланди.

Журналист Цви Зильбернинг 2016 йил 1 ноябрь куни соат 18:30 эфирга узатилган “Харитадаги нуқта” деб номланган муаллифлик дастурида сўз республикадаги жорий вазият ва сайловга тайёргарлик кўриш жараёни ҳақида борди. Студияга таклиф этилган исроиллик экспертлар сайловни ташкил этиш, Марказий сайлов комиссиясининг ваколатлари ва фаолияти, сиёсий партияларнинг давлат бошқаруви тизимидаги роли, парламентаризм ривожланиши, шунингдек фуқаролар ҳуқуқларининг, жумладан сайловчиларнинг ўз хоҳиш-иродасини бемалол билдиришга доир ҳуқуқларининг конституциявий кафолатлари юзасидан фикр алмашдилар.

Бар-Иланск университети ўқитувчиси, сиёсатшунос Зэев Ханин:

Ўзбекистон – геосиёсий жойлашуви ва инсон ресурслари, шунингдек иқтисодий салоҳияти нуқтаи назаридан Марказий Осиё минтақасидаги муҳим мамлакатдир. Республика мустақилликка эришган даврдан буён минтақавий хавфсизлик тизимида ҳал қилувчи роль ўйнаб келмоқда. Санаб ўтилган омилларни инобатга олган ҳолда мамлакатдаги ҳолат халқаро ҳамжамиятнинг диққат марказида турибди.

Таъкидлаш лозимки, айрим Ғарб сиёсатшуносларининг республикадаги вазият нобарқарорликка юз тутиши мумкинлиги ҳақидаги тахминлари ўзини оқламади. Мамлакатдаги ҳолат барқарордир, бунинг аксини таъкидлаш учун заррача ҳам асос йўқ.

Ўзбекистон Республикасининг мустақиллиги йилларида кучли ҳокимият шаклланди, давлат қурилиши демократик принципларга асосланди, конституциявий ислоҳотлар амалга оширилди, парламентаризмни ривожлантириш жараёнлари ҳам доимий хусусият касб этди.

“Исроил-Ўзбекистон” савдо палатаси раиси Сари Цви:

Ўзбекистондаги сайлов кампанияси фаол босқичга кирди. Президент сайлови муқобиллик асосида ўтказилмоқда, энг юксак давлат лавозимига мамлакатнинг барча сиёсий партияларидан тўртта номзод даъвогарлик қилмоқда.

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун жавобгар орган сифатида Марказий сайлов комиссияси чет давлатлардан ва халқаро ташкилотлардан кўп сонли кузатувчиларни таклиф қилди. Бу сайлов жараёнининг очиқ-ошкоралигини таъминлаш бош мақсад эканлигининг кўрсаткичидир.

Ўзбек халқи биринчи навбатда тинчлик ва барқарорликни хоҳлайди. Тинчлик ва барқарорлик Ўзбекистон барча соҳаларда эришган ютуқларнинг энг асосий кафолатидир. Ўзбекистон тутган йўлидан изчил боришини, яъни мамлакат иқтисодий ислоҳотлар ва демократик янгиланишлар, ҳуқуқий давлат ҳамда кучли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидан боришни давом эттиришини эълон қилди.

Амнон Коэн, Кнессетнинг собиқ депутати:

Ўзбекистон ижтимоий давлат қурилиши босқичидан муваффақиятли ўтди. Мамлакатда қонун устуворлигини ва ҳокимият тармоқлари ўртасида мувозанатни таъминловчи самарали модел яратилди. Конституциявий ислоҳотлар тадрижий давом этди ва узлуксиз хусусиятга эга бўлди. Мустақил тараққиёт йилларида юксак халқаро стандартлар ва демократик принципларга жавоб берадиган сайлов тизимини такомиллаштириш соҳасида катта ислоҳотлар амалга оширилди.

Нафақат республиканинг келажаги, балки бутун Марказий Осиё минтақасининг бундан буёнги тараққиёти 2016 йил 4 декабрда Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Президент сайлови натижасига боғлиқдир.

Марказий сайлов комиссияси сайловни юқори ташкилий савияда очиқ-ошкоралик прициплари асосида ўтказишига унинг ишончи комил. Унинг тасдиқлашича, Ўзбекистонда Президент сайлови Конституция доирасида қонунга, демократия принципларига ва асосий эркинликларга риоя этилган ҳолда бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, бугунгача Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 14 та сайлов округи тузилди, 9 378 та сайлов участкаси, шу жумладан хориждаги дипломатик ваколатхоналар ҳузурида 44 та сайлов участкаси ташкил этилди.

Сайлов участкалари барча зарур алоқа, компьютер ва техника воситалари, ҳуқуқий адабиётлар билан таъминланди. Махсус ажратилган жойларда яширин овоз бериш учун кабиналар, сайлов қутилари, оналар ва болалар хоналари, шунингдек тиббиёт кабинетлари ўрнатилди.

Сайловчиларнинг умумий сони 21 435 000 кишини ташкил этади, уларнинг ярми, яъни 10 825 641 нафари хотин-қизлардир.

Тўртта сиёсий партия – Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ўз номзодларини кўрсатди.

Президент сайлови боришини кузатиш учун ЕХҲТ ДИИҲБ, МДҲ Ижроқўми, ШҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Бутунжаҳон сайлов органлари уюшмасидан иборат нуфузли халқаро ташкилотларнинг хорижлик кузатувчилари ва вакиллари Ўзбекистонга таклиф этилди. Таъкидлаш лозимки, ЕХҲТ ДИИҲБнинг сайловни кузатиш бўйича миссияси жорий йилнинг 2 ноябрь куни ўз ишига киришди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!