Samsung раҳбарияти Galaxy Note 7 учун тиз чўккан ҳолда кечирим сўради

12:32, 05 ноябрь

Хитойнинг Шицзячжуан шаҳрида ўтган тадбирда Samsung компаниясининг 23 нафар бошқарувчиси саҳнада инвесторлар ва харидорлар олдида Samsung Galaxy Note 7 смартфонининг бозордан қайтарилаётгани учун тиз чўкиб кечирим сўрадилар ва бундай ҳолат бошқа қайтарилмаслигига ваъда бердилар, деб хабар бермоқда Techmundo.

Samsung Galaxy Note 7 смартфони аккумуляторлари портлаши сабабли чиққан ўнлаб ёнғинлар туфайли бозордан қайтарилиб олинганди. Айни вақтда ушбу смартфонларнинг ишлаб чиқарилиши ва сотилиши тўхтатилган, харидорларга эса товон пули таклиф қилинган.

Хитойда тангриларга итоат қилиш, кекса одамларга ҳурмат ёки бирор одамга алоҳида ҳурматни билдириш мақсадида тиз чўкилади. Бунга Хитойда бошқа мамлакатлардагига нисбатан оддийроқ қаралади.

Хитой Samsung учун энг муҳим бозорлардан ҳисобланади ва шунинг учун компания бошқарувчиларининг бундай йўл тутганларини тушунса бўлади. Компанияда Galaxy Note 7 билан юзага келган вазият бошқа такрорланмаслигига ваъда берилди ва компания учун оғир дамларда уни қўллаб-қувватлаш ва унга ишончни йўқотмаслик илтимос қилинди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!