Дин ниқоби остидаги таҳдидлардан эҳтиёт бўлинг!

12:39, 05 ноябрь

Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлар  музейида Дин ниқоби остидаги замонавий таҳдидлар ва уларни ҳал этиишнинг маънавий-маърифий асослари мавзусида тадбир ўтказилди. 

Унда тегишли идоралар ва ташкилотлар вакилллари, ҳарбий хизматчилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. 

Тадбирда сўзга чиққан музей директори У.Олтинов, майор Б.Тўрабоев, капитан А.Низомов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги  Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи З.Султонов, Тошкент ислом университети проректори Ж.Мелиқўзиев ва бошқалар маънавиятимизга соя солаётган таҳдидларнинг мазмун-моҳияти, исломий тушунчаларнинг аслияти ва турли талқинлари, террорризмга қарши курашнинг ҳуқуқий асослари, мазкур иллатларни бартараф этишда ҳарбий хизматчилар олдида турган вазифалар бўйича фикр алмашдилар. 

Таъкидланганидек, бугунги кунда огоҳлик, ҳушёрлик,  Ер юзида мафкуравий қарама-қаршиликлар авж олаётган айни дамда ҳар қачонгидан ҳам  долзарб аҳамият касб этаётир. Турли ёвуз кучлар, динни ўз чиркин мақсадлари йўлида ниқоб қилиб олган кимсалар ёшларни ўзларига оғдириш учун турли усуларни қўллаётгани, айрим ҳолларда бунга муваффақ бўлаётгани ачинарлидир. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун эса, ҳар биримиздан, хусусан ҳарбий хизматчиларимиз, осойишталигимиз посбонларидан алоҳида  сергаклик, диққат ва эътибор талаб қилинади. 

Тадбир иштирокчилари мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!