Сўз ва эътиқод эркинлиги ҳамда уни ифодалаш инсоннинг энг муҳим ҳуқуқларидан бири ҳисобланади

20:08, 05 ноябрь

Фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳамда уни ифодалаш инсоннинг энг муҳим ҳуқуқларидан бири ҳисобланади. Ахборот, ундан фойдаланиш, уни таҳлил қилиш ва тезкорлик билан тарқатиш имконияти замонавий жамиятда инсон юксалишининг асосий шартидир. Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш жамоат фонди директори Абдулазиз Абдуллаев билан суҳбатимиз айнан шу ҳақда бўлди.

  •  Сўз ва фикрлаш эркинлигини ҳуқуқий кафолатлаш ҳуқуқий демократик давлатнинг ажралмас қисми ҳисобланади, — дейди А. Абдуллаев. — Бу фикрлар ва қарашлар хилма-хиллигини, фуқароларнинг демократик жараёнларда тўлақонли иштирок этишини таъминлайди.

Ўзбекистонда сўз эркинлигини, фикрлар хилма-хиллигини, одамлар ўз қарашларини очиқ-ошкора ифода этишини амалда таъминлаш учун барча шарт-шароит яратилган. Мамлакатимизда 1472 та оммавий ахборот воситаси эркин фаолият юритаётгани ҳамда изчил ривожланиб бораётгани бунинг яққол тасдиғидир. Уларнинг 60 фоизи нодавлат оммавий ахборот воситаси экани, айниқса, эътиборлидир. Биргина сўнгги уч йил ичида мамлакатимизда “Madaniyat va Marifat”, “Dunyo Bo’ylab”, “Navo”, “Oilaviy”, “Diyor”, “Bolajon”, “Mahalla”, “UzHD” сингари давлат телеканаллари, “Milliy TV”, “Uzreport TV” ва “MY5” сингари нодавлат телеканаллар фаолияти йўлга қўйилди. Улар фикрлар ва қарашларнинг муҳим жиҳатларини ўзида мужассам этган бўлиб, ҳар бирида мамлакатда кечаётган жараёнларга ўз муносабати ва нуқтаи назари мавжуд.

  •  Мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари фаолиятининг кафолатлари нималардан иборат?
  •  Бу, авваламбор, унинг ривожланган қонунчилик асосидир. Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳамланган. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга. Ушбу қоидани такомиллаштириш мақсадида “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги, “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги, “Почта алоқаси тўғрисида”ги, “Радиочастота спектри тўғрисида”ги, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги, “Реклама тўғрисида”ги каби 20 дан ортиқ қонунлар қабул қилинди.

Оммавий ахборот воситалари фаолиятини тартибга соладиган махсус қонунлар ҳақида тўхталадиган бўлсак, айтиш жоизки, бу ҳуқуқий ҳужжатларнинг яхлит тизимини яратади, соҳадаги муносабатларнинг ҳуқуқий аниқлигини таъминлайди ҳамда оммавий ахборот воситаларининг амалда эркинлигини кафолатлашга хизмат қилади. Бу борада Австрия, ГФР, Швеция сингари давлатлар амалиёти билан танишганимизда, ушбу мамлакатлар конституцияларида ОАВ эркинлигига алоҳида эътибор қаратилгани, матбуот тўғрисида махсус қонун ҳужжатлари мавжудлигига амин бўлдик. Аммо айрим мамлакатларда яхлит қонун ҳужжатларининг йўқлиги оммавий ахборот воситалари фаолиятини сезиларли даражада қийинлаштиради.

Ахборот эркинлиги соҳасида давлат субсидиялари, ижтимоий буюртмалар, грантлар ҳамда ОАВни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича нодавлат тузилмалари муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш жамоат фонди, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Журналистлар ижодий уюшмаси ва бошқа ташкилотлар ушбу йўналишда фаол иш олиб бормоқда. Хусусан, сўнгги етти йилда Давлат бюджетидан 16 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилгани соҳа ривожида алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бунда 2015 йилда оммавий ахборот воситаларининг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган грант маблағлари ҳажми 1,6 мартага ортди.

Бундан ташқари, оммавий ахборот воситалари учун кенг солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялари берилди. Бу эса уларга ҳар йили миллиардлаб сўм маблағни оммавий ахборот воситаларининг иқтисодий мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, уларнинг рақобатдошлигини оширишга йўналтириш имконини беради. Хусусан, 2015 йилда биргина босма оммавий ахборот воситалари шунинг ҳисобига 10 миллиард сўмдан ортиқни иқтисод қилишди.

  •  Мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларини таъсис этиш ҳуқуқини қандай баҳолайсиз? Зеро, у оммавий ахборот воситалари эркинлигининг муҳим таркиби ҳисобланади.
  •  Оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензиялаш, уларнинг фаолиятини тўхтатиб туриш ёки тугатиш йилдан-йилга соддалаштирилмоқда, муассиснинг, муҳаррир ва журналистнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари кенгайтирилмоқда.

Хусусан, аввалги миллий қонунчилигимизга биноан, оммавий ахборот воситаси муассиснинг ёки муассисларидан бирининг ёхуд ноширнинг манзили мамлакат ҳудудидан ташқарида жойлашган бўлса, рўйхатдан ўтказилмас эди. Бугунги кунда ушбу чеклов олиб ташланган. Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари оммавий ахборот воситаларини таъсис этиш ҳуқуқига эгадирлар. Фақатгина устав фондида чет эл инвестицияларининг улуши ўттиз фоиздан ортиқ бўлган юридик шахсларнинг оммавий ахборот воситаларини ташкил этишига йўл қўйилмайди. Шу ўринда оммавий ахборот воситалари мулкчилик шаклидан қатъи назар бир хил ҳуқуқ ва ваколатлардан, фаолият эркинлиги кафолатларидан фойдаланади.

Бу нафақат илғор хориж амалиёти талабларига жавоб беради, айни пайтда оммавий ахборот воситасини таъсис этишда чет давлатлар фуқаролари ёки компаниялари ҳуқуқларини сезиларли даражада чеклайдиган бошқа мамлакатлардан афзаллик жиҳатлари талайгина эканини ҳам намоён этади.  

  •  Оммавий ахборот воситаларининг фаолияти қайси ҳолатларда чекланиши мумкин?
  • Оммавий ахборот воситалари фаолиятини тугатиш тартибининг қонун билан аниқ белгилаб қўйилиши уларнинг эркинлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Шу маънода айтганда, Ўзбекистон айрим мамлакатларга қараганда, ушбу масалада бирмунча либерал ҳисобланади. Хусусан, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонунга кўра, оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш рўйхатдан ўтказувчи органнинг аризаси асосида суднинг ёки муассиснинг қарорига кўра амалга оширилади. Ваҳоланки, айрим мамлакатларда оммавий ахборот воситаси фаолияти айнан рўйхатдан ўтказувчи орган ёки соҳавий идора қарорига биноан тугатилади. Масалан, Жанубий Кореяда оммавий ахборот воситаси рўйхатдан ўтказувчи орган — Ижтимоий ахборот вазирлиги томонидан, АҚШда эса Федерал коммуникация қўмитаси томонидан телерадиостанциялари қонун талабларини бузган ҳолда телерадиочастатодан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида қарор қабул қилинади.
  •  Ахборотдан фойдаланиш эркинлиги, шубҳасиз, фуқароларнинг ахборот ҳуқуқларини таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади. Айтингчи, ахборотдан фойдаланишда қандайдир чекловлар бўлиши керакми?
  •  Конституциямиз, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Қонун ҳар кимнинг ахборотни монеликсиз излаш, олиш, текшириш, тарқатиш, ундан фойдаланиш ва уни сақлаш ҳуқуқини кафолатлайди. Сўнгги йилларда қабул қилинган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги ва бошқа қонунларга мувофиқ, давлат органлари, жамоат бирлашмалари фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ахборот билан танишиб чиқиш имкониятини таъминлаши керак.

Аммо ахборотдан фойдаланиш эркинлиги, айниқса, у жамият хавфсизлиги, одамларнинг шаъни ва қадр-қиммати сингари тушунчаларга дахл қилса, мутлақ бўлиши мумкин эмас. Бунда чекловларсиз бирор мақсадга эришиб бўлмайди. Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Европа конвенциясига биноан, миллий хавфсизлик, ҳудудий яхлитлик ёки жамоат тартиби мақсадида, соғлиқ ва ахлоқни муҳофаза қилиш, шахснинг обрўсини ёки бошқа ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, махфий йўл билан олинган ахборот тарқатилишининг олдини олиш ҳамда одил судловнинг холислиги ва нуфузини таъминлаш учун сўз эркинлиги чекланиши мумкин.

Интернет жаҳон ахборот тармоғи кучли ахборот макони бўлиши билан бир қаторда, афсуски, фақатгина бунёдкорлик ғояларидан иборат эмас. БМТнинг сўз ва фикр эркинлигини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича махсус маърузачиси Франк Ла Рюнинг маърузаси (2011 йил 16 май)га кўра, интернет инсоннинг ажралмас ҳуқуқи ҳисобланади. Бу ҳақиқатан ҳам тўғри. Чунки ҳар биримиз ахборот жамиятининг бир бўлаги бўлиб, ахборот бугун тараққиётга элтувчи муҳим омиллардан бирига айланди. Айни пайтда шу нарса қайд этилганки, бу ҳуқуқ инсоннинг бошқа ҳуқуқлари каби муайян ҳолларда чекланиши мумкин. Ҳеч қайси ҳуқуқ мутлақ эмас, чунки агар у чекланмаса, у ўз-ўзидан бошқа шахсларнинг ҳуқуқларига дахл қилади.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистонда веб-сайтлар, блогерларнинг саҳифалари  айрим ривожланган мамлакатларда бўлгани каби рўйхатдан ўтказилмайди. Аммо улар рўйхатдан ўтказувчи органга оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказишни сўраб мурожаат қилиши мумкин. Бу, табиийки, қонунчиликда оммавий ахборот воситалари, журналистлар учун кўзда тутилган имтиёз, кафолат ва имкониятлардан тўлақонли фойдаланишига замин яратади. Бугунги кунда мамлакатимизда “Uz” доменида 30 мингга яқин веб-сайтлар бўлиб, уларнинг 360 дан ортиғи интернет оммавий ахборот воситаси сифатида фаолият юритади.

Мамлакатимизда веб-сайтлардан фойдаланиш бир ҳолатда, яъни веб-сайт эгаси, шу жумладан, блогер “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонун талабларини бузиб, ўз веб-сайтидан ва (ёки) веб-сайт саҳифасидан мамлакатнинг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этиш, уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек, диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш, давлат сири бўлган маълумотларни ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор этиш, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, шунингдек, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ахборотни тарқатиш ва бошқалар учун фойдалангандагина чекланиши мумкин.

  •  Бу умумқабул қилинган амалиётга нечоғли мос келади?
  •  Интернетдан фойдаланишни чеклаш имконияти дунёнинг жуда кўплаб мамлакатлари, шу жумладан, Европа Иттифоқи мамлакатлари қонунчилигида ҳам кўзда тутилган. Мисол учун, Франция 2000 йилда Европа Иттифоқида биринчилардан бўлиб шахси идентификация қилинмаган шахслар учун хостинг бергани учун провайдерларга нисбатан жиноий жавобгарликни жорий қилди. Бунда маҳаллий серверларда жойлашган барча сайтларнинг муаллифлари ўзи ҳақида тўлиқ ва ишончли ахборот тақдим қилиши керак. Акс ҳолда қонунда олти ойгача қамоқ жазоси кўзда тутилган. Бундан ташқари, нафақат маълумотларни текширмаган провайдерларга нисбатан, айни пайтда фойдаланувчиларга нисбатан ҳам жавобгарлик кўзда тутилган.

 Шу билан бирга, Франция Ички ишлар вазирлиги таркибида ахборот технологиялари ва алоқа соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бош бошқармаси иш олиб боради. У интернетдаги сайтларнинг мазмунини назорат қилади, айрим ҳолларда полиция ходимлари суд санкциясисиз провайдерлардан веб-сайтдан фойдаланишни чеклашни талаб қилиши мумкин. Провайдерлар ҳуқуқ-тартибот органларининг талабига мувофиқ, бош бошқарма “қора рўйхати”га киритилган шубҳали сайтларни ёпиши шарт. Улар бундай қарорлар устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга эмас. Бундан ташқари, қонун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга прокуратура органлари розилиги билан қурол-яроғ, гиёҳванд моддалар савдоси, ноқонуний пул маблағларини легаллаштириш сингари оғир жиноятларни тергов қилиш пайтида ахборот олиш учун фойдаланувчиларнинг компьютерларига уланишга рухсат беради.

Буюк Британияда ҳам муайян чекловлар ўрнатилган. Интернетда иш олиб борадиган ҳуқуқбузарларни қидириш билан юқори технологиялар соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бўйича миллий бўлим шуғулланади. Интернетдаги назоратнинг бошқа бир кўриниши жамоат ташкилотлари фаолияти орқали амалга оширилади. Улардан энг таъсирчани — “Интернет-кузатув” бўлиб, у интернет тармоғида порнография ва миллий ва ирқий адоватга қўзғатувчи материаллар тарқалишининг олдини олиш билан шуғулланади.

Интернетда вояга етмаганларни ҳимоя қилиш мақсадида ноқонуний ва зарарли мазмундаги веб-ресурслар (контент) аниқ кузатиб борилади. Масалан, Германиянинг ёшларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунида интернетдаги ноқонуний ва зарарли материаллар (контент)га оид муносабатлар, шунингдек, телевидение ҳамда интернетда ёшларни ҳимоя қилиш масалалари тартибга солинган. Қонун вояга етмаганларни ҳимоя қилишнинг учта даражасини кўзда тутади: “мутлақ ноқонуний контент”, “ноқонуний контент” ва “болалар ва ўсмирлар ривожланишига салбий таъсир кўрсатадиган контент”. Йил давомида ушбу йўналишда икки мартадан кўп қонунчиликни бузган даврий нашрлар уч ойдан ўн икки ойга қадар ёшлар фойдаланиши учун тақиқланади, яъни киоск ва кутубхоналарда сотилмайди.

  •  Сўз эркинлиги, аввало, катта масъулият. Унинг бошқа кишилар ҳуқуқларига дахл қилиш ёки демократик қадрият эканлигини ажратиб кўрсатадиган чегара қаерда?
  •  Мамлакатимизда журналистлар ахборотнинг ҳаққонийлиги учун жавобгарлиги белгилаб қўйилган. Масалан, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунда журналистнинг ҳуқуқлари билан бир қаторда, мажбуриятлари кўзда тутилган. Унга кўра, журналист ўзи тайёрлаётган материалларининг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши, айбсизлик презумпцияси принципига амал қилиши, шахснинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши шарт.

Журналист ўз касбига доир ахборотдан шахсий мақсадларда фойдаланиши, ахборот манбаи ёки муаллиф розилигисиз жисмоний шахснинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотларни эълон қилиши, шунингдек, аудио ва видео ёзиш воситаларидан фойдаланиши мумкин эмас.

Бу жуда тўғри талабдир. Чунки глобаллашув, ахборот жамияти шаклланаётган бир шароитда, айниқса, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига дахл қилишдан, шахсий ҳаётга аралашишдан ҳимояланишга бўлган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя қилиш тобора долзарб аҳамият касб этиб бормоқда. Мамлакатимиз қонунчилигида фуқаролар ва юридик шахсларнинг ишчанлик обрўсини ҳимоя қилишга оид ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қоидалар ўз акс топган, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирловчи ёлғон маълумотларни била туриб тарқатганлик сингари туҳмат ва ҳақорат учун жавобгарлик белгиланган. Сўз эркинлиги инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши бўлган ҳуқуқидан устун бўлиши мумкин эмас. Ўзбекистон қонунчилигининг ушбу қоидалари халқаро ҳуқуқий қоидаларга ҳамда бошқа демократик мамлакатлар тажрибасига тўла мувофиқ келади.

Шу билан бирга, юртимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ушбу йўналишдаги қонунчилик ҳам янада эркинлаштирилаётганини кўрсатади. Бундан ташқари, Жиноят кодексига яқинда киритилган ўзгартишларга биноан, ярашув институти туҳмат ва ҳақоратга нисбатан ҳам қўлланиладиган бўлди. Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат)да ҳамда 140-моддаси (ҳақорат)да кўзда тутилган жиноятларни содир этган шахс, агар у ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкин. Зотан, жазонинг даражаси муҳим эмас, балки жамиятда бошқа инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига, шаъни ва қадр-қимматига ҳурмат олий қадрият сифатида қарор топиши  асосий мақсаддир. Мамлакатимизда айнан ҳуқуқий маданият юксалиши билан сўз ва фикр эркинлиги, оммавий ахборот воситалари фаолияти эркинлиги кафолатлари мустаҳкамланмоқда.

Умуман, дунёнинг аксарият ривожланган демократик мамлакатларида оммавий ахборот воситалари фаолиятини ҳуқуқий тартибга солишни қиёсий ўрганиш ушбу соҳадаги миллий қонунчилик талабларининг ўзаро яқинлигини кўрсатди.

Феруза Кубарева сухбатлашди

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!