ОФК КХДР Футбол Ассоциацияси, U-16 терма жамоаси мураббийи ва дарвозабонини жазолади

19:56, 06 ноябрь

Осиё Футбол Конфедерацисининг тартиб интизом қўмитаси ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати гуруҳ босқичи, 3-тур ўйинлари доирасида кечган Ўзбекистон – КХДР учрашувида юзага келган вазият борасидаги қарорини эълон қилди.

Мазкур учрашувнинг 49-дақиқасида киритилган гол билан боғлиқ вазиятни ўрганиб чиққан қўмита, КХДР ўсмирлар терма жамоаси атайин тўпни ўз дарвозасидан жой олишига имконият яратиб берган деб топди. ОФК Ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Юнг Жонг Су, Ўзбекистонга қарши ўйинда асосий таркибда майдонга тушган жамоа дарвозабони Жанг Пик Ҳо ҳамда Шимолий Корея Футбол Ассоциациясини айбдор деб топиб, тегишли жазолар тайин қилди.

КХДР Футбол Ассоциацияси:

20 000 АҚШ доллари миқдоридаги жаримага тортилди ва агар шунга ўхшаш ҳолат U-19 Осиё чемпионати саралашида такрорланган тақдирда КХДР ёшлар терма жамоаси 2018 йилда ўтказиладиган финал босқичидан бутунлай четлатилиши белгиланди.

КХДР ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Юнг Жонг Су:

5 000 АҚШ доллари миқдоридаги жаримага тортилди ва футболдан 12 ойга четлатилди.

КХДР ўсмирлар терма жамоаси дарвозабони Жанг Пик Ҳо:

1 000 АҚШ доллари миқдорида жаримага тортилди ва 12 ойга футболдан четлатилди.

Юқорида исмлари келтирилган КХДР ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи ва дарвозабон энди 2017 йилда ўтказиладиган ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ҳам иштирок этма олмайди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!