Иккинчи “Dreamliner” Тошкентга келди

11:07, 07 ноябрь

Бугун “Тошкент” халқаро аэропортига "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси томонидан харид қилинган иккинчи “Boeing-787-8 Dreamliner” самолёти келиб қўнди. 

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси 1996 йилдан буён АҚШнинг дунёга машҳур “Boeing” корпорацияси билан ҳамкорлик қилиб келмоқда ва ундан йигирмага яқин “Boeing” самолётини харид қилди, дея хабар беради ЎзА. 

Мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрами арафасида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси илк “Boeing-787-8 Dreamliner” самолётини сотиб олган эди. Унинг номи инглизчадан таржима қилинганда “Орзу лайнери” деган маънони англатади. 

Ушбу ҳаво кемасининг аксарият қисми ноёб композицион материаллардан ишланган. Бу унинг вазнини енгиллаштириш, парвоз хусусиятларини яхшилаш имконини берган. Самолёт ишончлилик, хавфсизлик ва тежамкорлик нуқтаи назаридан ҳам кўплаб афзалликларга эга. Шу боис у узоқ ва жуда узоқ масофаларга тўхтовсиз уча олади. Мутахассислар таъкидлашича, ушбу замонавий ҳаво лайнери 16 соат узлуксиз парвоз қилиши мумкин. “Dreamliner” Ўзбекистондан АҚШ, Канада, Австралия ва Африка мамлакатларига тўғридан-тўғри парвоз қилиши мумкин. 

Янги самолётлардан фойдаланиш учун ер усти инфратузилмаси, муҳандис-техникавий ва учувчилар таркибини тайёрлаш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясида юқори малакали 18 учувчи ва 2 учувчи-инструктордан иборат янги гуруҳ шакллантирилди. 

Учувчиларимиз миллий авиакомпаниямиз паркида мавжуд бўлган самолётлардан техник ва технологик жиҳатдан тубдан фарқланувчи янги “Boeing-787-8 Dreamliner” самолётини қисқа муддат ичида муваффақиятли ўзлаштирди. 

Мамлакатимизга олиб келтирилган биринчи “Boeing-787-8 Dreamliner” самолётининг тижорат эксплуатацияси 5 сентябрда бошланди. Халқаро йўналишдаги илк парвози 9 сентябрда Олмаота шаҳрига амалга оширилди. Бугунги кунда ушбу самолёт Олмаота, Дубай, Деҳли, Истанбул, Тель-Авив, Москва ва бошқа йўналишларда парвоз қилмоқда. 

Бугун «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси парки яна бир янги “Boeing-787-8 Dreamliner” самолёти билан бойиди. Сиэтлдан Тошкентгача 12 соатга яқин давом этган узлуксиз парвоз муваффақиятли бажарилди. “Boeing-787-8 Dreamliner” самолётини “Boeing” корпорацияси заводида "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси бош директорининг ўринбосари Геннадий Харлап ва "Uzbekistan Аirways Тechnics" авиакорхонаси директори ўринбосарлари Андрей Маргачёв ва Валерий Косов қабул қилиб олди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!