Лола Каримова: “Абдулла Орипов замонамизнинг Навоийси эди...”

11:16, 07 ноябрь

Лола Каримова-Тиллаева ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон қаҳрамони Абдулла Ориповнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг яқинлари ва ўзбек халқига ҳамдардлик изҳор этди.

“Ўзбекистон адабиёти оғир жудоликка учради. Куни кеча халқимиз ўзининг яна бир улуғ фарзандидан ажради.. Абдулла Орипов бизнинг ғуруримиз, фаҳримиз эдилар. Бу инсоннинг шеърлари билан катта бўлдик, улғайдик, тарбия олдик. Ёшлигимиздан бизни эзгулик томон ўз шеърлари билан етаклаб борган севимли шоиримиз эдилар. Шоирнинг ‘Хайр энди’, ‘Ёлғизлик’, ‘Савоб’, ‘Қассам дарра’, ‘Онажоним’, ‘Дунёни қизғанма’, ‘Сен Пушкиннинг севган малаги...’, ‘Баҳор’ каби шеърлари, ‘Жаннатга йўл’ каби поэмалари халқимиз қалбини абадул абад забт этди.

Абдулла Орипов жисман ўлимга таслим бўлди, лекин унинг шеърлари ўлмасдир, улар ҳеч қачон, юз йиллар ўтар, минг йиллар ўтар, ўлимга таслим бўлмагайлар, демак Абдулла Орипов бизнинг қалбимизда, келажак авлодимиз қалбида мангу яшайди. У замонамизнинг Навоийси, Абдулла Қодирийси эди. Абдулла аканинг оилаларига чуқур таъзиямизни билдирамиз. Жойлари жаннатдан бўлсин. Оҳиратларини меҳрибон Парвардигор обод қилсин”,—деб ёзади Лола Каримова. 

Лола Каримова ўз ҳамдардлик сўзларига Абдулла Ориповнинг қуйидаги сўнгги ижод намуналаридан бирини ҳам илова қилди: 

Ўзбек осмонида сўнди чўнг юлдуз,
Катта-ю кичикнинг кўзини ёшлаб.
Фоний бу дунёнинг баланд-пастига,
Теран назар ташлаб ўтди бу Инсон.
Миллат қадри дея яшаб аслида,
Халқининг дардига бўлолди дармон.
Бугун жудолик бор гар қалбимизда,
Лекин ғурур яшар ҳавас қилгулик.
Абадият ўсди кўз олдимизда,
Шундоқ ёнимиздан ўтди Мангулик.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!