Огоҳлик: Хатарли “битим”нинг фош этилиши

13:41, 07 ноябрь

Гиёҳвандлик иллати ҳар йили юз минглаб инсонларнинг ҳаётига чанг солаётгани, қанчадан-қанча бахтли оилаларни пароканда қилиб, жамият ривожига жиддий тўсқинлик қилаётгани айни ҳақиқат. Шу боис, бутун дунё ҳамжамияти томонидан, жумладан бизнинг мамлакатимизда ҳам бу иллатга қарши кенг қамровли кураш олиб борилмоқда. 
 

Бироқ, шунга қарамай, гиёҳвандлик, гиёҳванд моддаларни ноқонуний сақлаш, ўтказиш, сотиш билан боғлиқ жиноятлар ҳамон учраб турибди. 

Фурхатали Аубеков ҳам ана шундай иллат домига тушган ғофиллардан бири.  Ёши қирқ бешни қоралаб қолган Фурхатали Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида туғилиб ўсган, Ангор қишлоқ фуқаролар йиғинига  қарашли  Ўртаовул маҳалласида истиқомат қилиб келган.  У анчадан бери гиёҳванд моддаларни истеъмол қилар, шу боис тузукроқ жойда ишламас, оиласидан ҳам ажрашган, қилар ишининг тайини йўқ эди. Фурхатали ноқонуний хатти-ҳаракатлари, жумладан гиёҳванд моддалар билан  қонунга хилоф тарзда муомала қилгани учун суднинг қора курсисида ўтириб чиққан. Аммо, “бир қамчи” Фурхаталига кифоя қилмаган кўринади. 

  Инсон бекорчи бўлганидан кейин турли бемаъни ишларга қўл урганини ҳам сезмай қолади. У ўз уйининг томорқасида ҳам ўз нафсини қондириш, ҳам сотиб мўмайгина даромад орттириш мақсадида наша етиштиришни одат қилди. Шунингдек, унинг уйида ҳар доим ўзи учун ҳам, “ҳожатталаб” таниш-билишлари учун ҳам гиёҳванд моддаларни топиш мушкул эмасди. 

Табиийки, гиёҳванд моддаларнинг олди-сотдиси ўта “нозик” иш, бу “савдо” ўта эҳтиёткорликни, ҳушёрликни талаб этади. Бунақа “иш” билан шуғулланадиганлар бир чўқиб ўн аланглашади. Фурхатали ўзининг маҳалладошлари Келесбай Мирзагелдиев, Қайрат Турсунов сингари улфатлари билан “сирлашиб” турар, бу икки “улфат” Фурхаталининг “моли” учун харидор топишга “беминнат” ёрдам беришарди. 

  Кунларнинг бирида Келесбайга бир йигит қўнғироқ қилиб, ўзини “Сардор” деб таништирди. Қурилиши юзасиданбир икки гаплашиб синашта бўлиб олишди. (Дарвоқе, Фурхатали гоҳида қурилиш-таъмир ишларига ҳам аралашиб турарди).

— Бизга нима хизмат, укам, — сўради Келесбай ҳеч нарсани тушунмай. 

—  Ака, сиздан бир нарса сўрамоқчиман, телефонда айтаверамайми?

  Келесбой “телефонда айтиб бўлмайдиган” гап-сўзлар нима ҳақида боришини яхши биларди. Шу боис атрофга олазарак қараб, паст овозда деди:

— Нима керак? Тезроқ гапиринг.

—  Шу озроқ... “дори”керак бўп қолди. Ўзимга.

  Келесбойнинг ичида умид шуъласи липиллади. Ҳар қалай бундай “савдо”да ўртага тушса қуруқ қолмаслиги аниқ. Фақат, бу  йигитга ишонса бўлармикин?

— Ука, бу рақамни сизга ким берди?

—  Ҳасан деган ошнангиздан олдим, — деди “Сардор” ишончли оҳангда. – Қурилиш юзасидан танишиб қолгандик. Бу масалада фақат сиз ёрдам беришингизни айтди. 

  Келесбой ўзига таниш одамнинг исмини эшитиб, хийла тинчланди. Фақат, “дори”ни Фурхаталининг уйидан топиш мумкин. Бироқ, Фурхатали билан муносабатлари унчалик яхши эмас. Орага Қайратни солиш керак бўлали. 

—  Яхши укам, мен бир танишларим билан маслаҳатлашиб кўрай, хабарлашармиз.

  Келесбой дарҳол таниши Қайратга қўнғироқ қилиб, Фурқаталида “мол” бор-йўқлиги билан қизиқди. 

—  Унда ҳар доим бўлади, — деди Қайрат. Бироздан сўнг Фурхатали билан боғланиб, вазиятга ойдинлик киритган Қайрат Келесбойга сим қоқди-да, ”хўжайин”да икки қути бор экан, ҳар қутиси 100 мингдан”деб айтди. Хуллас, олувчи ҳам сотувчи ҳам аниқ бўлди. Фақат, “мол”ни белгиланган вақтда ва аниқ жойда ўз эгасига топшириш қолди, холос. 

Фурхатали анчадан бери пулдан қийналиб юрганди. Қурилишга чиқай деса, дангасалиги тутиб, бўйни ёр бермайди. Шериги Қайратнинг умидбахш телефонидан сўнг кўнгли ёришиб кетди. Гугурт қутисида қадоқланган, уйидаги печка ичида бекитиб қўйилган “оғу”ни олди-да йўлга тушди. Ҳар қалай икки юз минг сўм уйда бекор ўтирган одам учун ёмон пул эмас. Ҳали бу “оғу”ни пуллаб бўлганидан кейин иккита “ўртакаш”га ҳам яхшигина ҳақ бериши керак...

  2015 йилнинг 21 апрель куни кечки пайт қишоқ марказида Келесбой, Қайрат ва Фурхатали уччрашишди. Уларнинг олдида яна бир маҳалладошлари Дониёр Худайбердиев ҳам турарди. Саломлашиб бўлишгач, Фурхатали Қайратга қаради:

—  Қани, “мол”ни кимга бериш керак. 

  Қайрат Келесбойга ишора қилди. “Мен фақат сени биламан” дегандек, Фурхатали иккита қутичани ҳушёрлик билан Қайратнинг қўлига тутқазди. Қайрат эса Келесбойга. Бу “олди-берди”нинг “мазмуни”га тушуниб-тушунмай Дониёр ҳам бир унга, бир бунга қараб турарди....

  Ниҳоят йўлнинг бошида “Cпарк” машинаси кўринди. Келесбой шерикларидан айрилиб, йўлнинг нариги бетига югурди. Машинадан тушган “Сардор” унинг қўлига 200 минг сўмни тутқазиб, қутичаларни чўнтагига солдию яна машинага ўтириб жўнаворди. Келесбой пулни эндигина чўнтагига уриб, шериклари олдига югурмоқчи бўлганди, улгурмади. “Спарк” билан изма-из келган “матиз”дан тушган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари холислар иштирокида, жиноят устида  Келесбойни қўлга олишди ва ўзлари билан олиб кетишди. 

  Фурхатали, Қайрат ва Дониёр ўртадаги масофа анча олис бўлгани учун нима бўлганини тушунмай қолишди. Уларнинг назарида Келесбой пулни олиб, машинага ўтириб сурворгандек бўлиб туюлди. “Балки, келоиб қолар” деб бироз кутишди. Дараги йўқ. Кейин телефон қилишди. Жавоб бўлмади. 

  Эртаси куни Фурхатали уйининг ички ишлар бўлими ходимлари кириб келишди ва уйни тинтув қилиш учун рухсатномаларини кўрсатишди. Тинтув натижасида  Фурхатали Аубековнинг уйида 26 туп наша етишитирилаётгани, шунингдек уйнинг меҳмонхонаси токчасида елим идишда 0,08 грам миқдорида қуритилган “марихуана” моддаси сақланаётгани аниқланди. Шунингдек, Ф.Аубековнинг ҳаммомидан ҳам 3,51 грам наша уруғлари топилди. 

  Экспертиза хулосаларига кўра Қайрат Турсунов ва Келесбой Мирзагелдиев воситачилагида пулланган иккита гугурт қутисида ҳам 7,7 грамм марихуана моддаси борлиги аниқланди. Маълум бўлишича, ўзини Келесбойга “Сардор” деб таништирган шахс ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг илтимосига кўра ўткаўилган махсус тадбирда “харидор роли”ни ижро этган экан.

  Хуллас, тергов ва суришўтирув ишлари ўз якунига еткач, ҳодиса иштирокчиларининг хатти-ҳараткатлариг қонуний баҳо берилди. Ф.Аубеков гиёҳванд воситалари етиштиргани, сақлагани  ва сотгани учун, Келесбой Мирзагелдиев ва Қайрат турсунов шу ишда воситачилик қилгани учун, Дониёр Худойбердиев била туриб жиноят ҳақида ўз вақтида хабар бермагани учун тегишли тартибда жавобгарликка тортилдилар. 

  Уларниг қилмиши бошқаларни ҳам ўйлантирса, жиноятга жазо муқаррар эканлигига яна бир карра ишонтирса ажаб эмас..

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!