Қайси бурж вакиллари тез хафа бўлади?

14:38, 07 ноябрь

Инсоннинг тез хафа бўлишга мойиллигини унинг буржига қараб аниқласа бўлади. Ишонмайсизми? Қуйидаги маълумотлар билан танишинг.  

Ҳамал
Агар сиз ушбу бурж вакилининг яқини, суйгани бўлсангиз, «ҳамал»лар ўзининг ҳис-туйғуларини назорат қила олади. Аммо чегарадан чиқиб кетсангиз, у қуйидаги икки йўлдан бирини танлайди: ёки бутунлай сизни ҳаёт дафтаридан ўчириб ташлайди ёки ҳақиқатда ғазаб отига миниб, ҳамма жойни остун-устун қилади-да, кейин тинчланади. Лекин қўрқманг, ичида ёнган олови бирпасда сўниб, сизни кечиради ҳам. Келинг, яхшиси, учқунни пайқашингиз билан аланганинг олдини олинг.  

Савр
У жуда сабрли. Марҳамат кўрсатиш ёки манманлигидан хафагарчилигини юзага чиқрмайди. Аммо ҳаддингиздан ошиб кетсангиз, руҳан зарба бериши мумкин. Яна моддий томонлама ҳисоб-китоб қилиб олади. Аслида, «савр»ларни кўпинча пул борасидаги муаммолар ранжитади. Шунга қараб, муомала қилинг. 

Жавзо
Яхшиси, бу бурж вакиллари билан ҳазиллашмай қўя қолинг. Кўнглига оғир ботадиган гап айтганингиздан араз-гина билан чекланмайди. Қаттиқ жаҳли чиқади. Уруш-жанжалдан кейин ўйланиб қолади. Мулоҳазалари натижасида ёки янаям қаҳри қаттиқлашади, ёки раҳм-шафқат қилади. Ҳазил билан ҳаммасини босди-босди қиламан деб ўйламанг. Жиддий узр сўранг, шундагина олам гулистонга айланиши мумкин. 

Саратон
Жуда ҳис-ҳаяжонга берилувчан, кўнгли нозикдан-да нозик. Ўйламай айтган бир оғиз сўзингиз юрагини яралаши ҳеч гапмас. Оҳ уради, қийналади, ўйлаб кўради, охири ҳаммасини ичига ютади. Тезда ҳовуридан тушади. Ўртадаги хафагарчилик кучли бўлса, бир куни ўч олиши ҳеч гапмас. Жуда айёрона ва яширинча йўл билан, албатта. 

Асад
Бу бурж вакиллари жуда мағрурлиги сабабли хафагарчиликни оғир қабул қилишади. Дарров сўз билан жавоб қайтаришади. Шунданми, арази узоқ чўзилмайди. Тезда жаҳл отидан тушиб, барчасини унутиб юборади. Улар билан муносабатда энг тўғри йўл, тилга эҳтиёт бўлиш. Шунинг уддасидан чиқсангиз, муносабатларингизга соя тушмайди. 

Сунбула
«Сунбула»нинг кўнглини оғритдингизми, ўзингиздан ўпкаланг. Иссиқ овқатни атайлаб совутиб олдингизга тортгандек иш кўришади. Кимга қандай зарба беришни билишади-да. Бошим ғалвага қолмасин десангиз, «Сунбула»лар билан муомалада масъулиятни чин дилдан ҳис қилинг. Битта нотўғри қадам босиб, кейин додингизни кимга айтишни билмай юрманг, деймиз-да. 

Тарози
Бир қарасангиз кулиб турган қуёш, бир қарасангиз булут қоплаб олган осмон. Шунгами, уларни хафа қилиш жуда осон. Ҳамма гапни кўнглига олишади. Ҳазилларингиздан ҳам ўксиниб қолишади. Аммо қасд олишни билишмайди. Тортишиши мумкин, бироқ жавоб қайтармайди. Тезда унутиб юборишларига қойил қолиш керак. 

Ақраб
Устасифаранг «Ақраб»лар қаттиқ гапирсангиз ҳам, кулиб туради. Жимгина қачон қандай қилиб жавоб қайтаришни режалаштиришади. Феъл-атвори «Асад»ларга ўхшаш бўлганидан унинг отдан тушини кутиш бефойда. ҳийлаларининг тузоғига тушмасликни истасангиз, ноҳақликлардан йироқ бўлинг. 

Қавс
Аразлаш бўйича биринчи ўринда турса-да, ўзига ишончи жуда баландлигидан баъзида «Қўй, шу билан тенг бўлиб ўтираманми?» қабилида иш кўради. Дилини ранжитган инсонни дарров кечириб юборишга ғурури йўл қўймайди. Узоқ ўйлаб, жуда чиройли йўл билан аламидан чиқади.   

Жадий
Хафа бўлиш нималигини билмайдиганлар ҳам бор экан. Мана, «Жадий» ана шундай тоифадан. У аразламайди, қасос олмайди. Ўзининг кимлигини кўрсатиб қўйиш учун яхши маънода ҳаракат қилишади. Фақат ўзини ҳеч қачон айбдор ҳис қилмайди. Муҳаббатгина уларни ҳовуридан тушириши мумкин. 

Далв
Ўч олиш унга ёт. Унутиш — энг яхши чора. Кўнгилсизлик содир бўлганда ўзини ниқоблаб олади. Тўғри, бироз тортишиши, сизни кичик жазолар билан сийлаши мумкин. Бироқ барибир ўртадаги ришталар ҳаққи-ҳурмати кечиради. 

Ҳут
Жуда таъсирчанликлари сабаб бир зумда кулиб турган чеҳраси тундлашади. Кўнглини синдирган воқеа, инсон ҳақида узоқ ўйлашади. Нега бундай бўлди каби саволларга жавоб излашади. Ўч олмайди, аммо қўл силтаб кетмайди. Ўзини қанақа ёмон ҳис қилаётганини айтиб сизни қийнайди. ҳақмисиз, ноҳақмисиз, масалани ҳал қилиш учун яхшилаб узри ҳол қилинг.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!