Тошкент метрополитени “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибига киритилди

14:59, 07 ноябрь

Тошкент метрополитени “Ўзбекистон темир йўллари” акционерлик жамияти ташкилий тузилмасидан жой олди. Бу ҳақда “Газета.uz” хабар бермоқда

“Ўзбекистон темир йўллари"нинг янгиланган ташкилий тузилмасида метрополитен бошлиғи АЖ раиси ўринбосари этиб белгиланган. Аввалроқ эса Тошкент метрополитени пойтахт йўловчи транспортларини бошқарувчи «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси таркибига киритилган эди.

Айни пайтда «Ўзбекистон темир йўллари» томонидан Чилонзор йўналишининг «Олмазор» бекатидан Сергели туманига элтувчи ер усти метроси қурилиши бошлаб юборилган. Шунингдек, Юнусобод тармоғи қурилишини якунига етказиш бўйича ҳам ишлар давом эттирилмоқда.

Сергели тармоғининг узунлигини 7,1 км бўлиб, олтита бекатга эга бўлади (қурилиш тўрт йил давом этади). Юнусобод тармоғида эса «Шаҳристон» бекатидан «Туркистон» станциясигача бўлган 2,7 километрлик оралиқда яна бир бекат жойлашади (лойиҳанинг қачон якунига етказилиши ҳозирча маълум эмас).

Тошкент метроси 1977 йилда Марказий Осиёда биринчи бўлиб ишга туширилган. Унинг узунлигини 12,2 километрни ташкил этиб, станциялар сони 9 та эди (ҳозирги Чилонзор тармоғи). 2001 йил сентябрда олтита бекатга эга учинчи йўналиш — 7,6 км узунликдаги Юнусобод йўли фойдаланишга топширилди. Айни пайтда фаолият кўрсатиб келаётган уч тармоқнинг умумий узунлиги 36,2 км бўлиб, уларда 29 бекат жой олган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!