Аёллар кайфиятини гормонлар назорат қилади

16:41, 07 ноябрь

Аёл организмидаги гормонлар нафақат ташқи қиёфа, балки характер ва кайфиятга ҳам ўз таъсирини ўтказади. Қонида эстроген гормони даражаси пастроқ аёлларнинг жаҳли тезроқ, кайфияти ўзгарувчан бўлади. Бежиз юнончадан таржима қилганда эҳтирос қўзғайман, деган маънони билдирмай-да. Окситоцин гормони эса оналик инстинктини уйғотиб, табассум чақиради.

Соғлом аёл организмининг швейцар соати бу гормонлардир. Миядаги гипоталамус ва гипофиз безларидан гормонлар ҳайз циклининг аниқ бир кунида ажралади. Жинсий гормонлар (эстроген, прогестерон, тестостерон ва ҳ.к.) ҳайз циклини гуморал (қон орқали)  бошқаради. 11-14 ёшидан ҳайз кўра бошлаган қиз то климакс вақтигача гормонал ўзгаришларига бефарқ бўлмаслиги лозим.    

Циклнинг 1-5 кунлари: менструация

+ Организмдан тестостерон ва эстроген гормонлари ишлаб чиқариш даражаси юқори бўлади. Бу кўп аёлларга ғайрат бағишлаб, кайфиятини кўтаради. Ўз ўзига ишончни орттиради, шундай экан бу ҳар қандай шартнома, келишувлар учун зап вақти.

+Агар соғлом овқатланиш тарафдори бўлиб, ортиқча вазндан халос бўлиш учун ҳаракат қилаётган бўлсангиз, хавотирга ўрин йўқ. Чунки бу пайтда аёллар одатдагидан 12 фоиз камроқ овқат танаввул қиладилар. 

–Баъзи аёллар ўзларини суст, юк босгандек ҳис қиладилар. Қон кетиши оқибатида темир моддаси етишмовчилиги юзага келиши мумкин. Унинг ўрнини гўшт, тухум, дуккакли ўсимлик ва мевалар билан тўлдиринг.

–Иммунитет пасаяди. Шамоллашдан эҳтиёт бўлинг.

6-12 кунлар: эстроген ва тестостерон миқдори ошиб боради

+Маммография ўтказиш учун энг яхши пайт. Бу даврда тери тўқималари юмшоқ бўлгани сабаб унча оғриқ сезмайди.

13-кун: эстрогенлар энг юқори даражага чиқади

+ Қонда эстроген миқдори қанча кўп айланса, миянинг кулранг тўқималари ўз вазифаларини шунча яхшироқ бажаради. Натижажа аёлларда фахм-фаросат, ижодкорлик ва топқирлик хусусиятлари ҳар доимгидан юқори бўлади.

 +Овуляция арафасида аёллар жозибали бўла борадилар.

+Куч-қувват ва фаоллик кучаяди. Спорт билан шуғулланишнинг айни вақти.

+Зарарли одатлардан қутилишга жазм қилинг. Бу дамда чекишни ташлаган аёлдаги хумор азобларини эстрогеннинг юқори даражаси босиб туради.

14-кун:овуляция

+Оғриқ сезишнинг энг қуйи нуқтаси. Анчадан бери тиш даволашни режалаштириб юрган бўлсангиз, айнан шу кунни танланг. Одатда оғриқли кечадиган муолажалар “чивин чаққандек ҳам” бўлмайди.

 +Жинсий яқинликка майл ва таъсирчанлик ортади.

-Шикаст топиш эҳтимоли 3 баробар ошади. Кўндаланг кесишган пайлар эстроген сабаб таъсирга берилувчан бўлиб қолади.

15-22 кунлар: прогестерон ортади

+Ушбу гормон таъсирида аёл организми тўлиқ ҳаловатда бўлади. Энди аёл организми овуляциядан кейин ҳомиладорликка тайёрланади. Бу вақтни хуш ўтказиш учун турли дам оладиган, тинчлантирувчи  машғулотларга бағишланг.

+Шу кунларда ортиқча вазндан қутилишнинг айни пайти. Оддий гимнастика қилсангиз ҳам организмнинг ўзи 30 фоиз кўпроқ энергия сарфлайди. Қарабсизки, хипча бел,  сарвқомат дилбар ўзингиз.

23-28 кунлар: барча гормонлар фаоллиги сусаяди

–Бирданига кўп овқат егингиз келади. Қовурилган картошка ва доим тийилиб юрадиган ширинликларни кўрдим демай қоласиз. Бу организм модда талаб қилишидан келиб чиқади.

–Асабий ва ўта таъсирчан бўлиб қоласиз. Бу ҳолат ҳар учта аёлнинг бирида кузатилади. Асаб тизими энг майда муаммочаларга ҳам дош бера олмай, ўзингиз зада бўлишингиз мумкин. Кайфият ҳам расво. Сиз ҳам шундай ҳолатларни бошингиздан ўтказадиган бўлсангиз, маслаҳатимиз В6 витамини(банан, бошоқли ўсимликлар), кальций(йогурт, сут, пишлоқ), магний (ёнғоқ, писта ва яшил сабзавотлар)га бой маҳсулотларни истеъмол қилинг. Очиқ ҳавода сайр қилиш, енгил бадантарбия машқлари аҳволингизни енгиллаштиради.

Қизларда ҳайз бошланишининг кечикиши, туғиш ёшидаги аёлларда ҳомиладорликнинг юзага келмаслиги, ҳайзолди симптомларининг кузатилиши гормонал бузилишлардан дарак беради. Бундай пайтарда аёллар ҳайзнинг 2-3 кунида гормон текширишга қон топширишлари керак. Тиббий муассасага боришдан олдин тиш ювиш, нонушта қилиш таҳлилни адаштириши мумкин. Сут гормони пролактинга топширмоқчи бўлсангиз, гаплашмай турганингиз ҳам маъқул.

Гинеколог тавсиялари асосида Дилноза Умарова тайёрлади

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!