Элдор Шомуродов: “Жанубий Кореянинг ҳимоядаги хатоларидан фойдаланишга ҳаракат қиламиз”

08:11, 08 ноябрь

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумкор ярим ҳимоячиси Элдор Шомуродов Жаҳон чемпионати саралаши учинчи босқичи дорирасидаги Жанубий Кореяга қарши ўйин олдидан ўз фикрларини билдириб ўтди.

“Жанубий Корея – Осиёнинг энг кучли терма жамоаларидан бири ҳисобланади. Олдимизда жуда қийин баҳс бизни кутиб турибди. Аммо яхши натижа билан сафардаги ўйиндан қайтиб келишга ҳаракат қиламиз”.

“Уларга қарши жамоавий ва ҳужумкор ўйин кўрсатиб, ғолиб бўлишга уринамиз. Жанубий Кореянинг ҳужум чизиғи жуда кучли. Лекин ҳимояда уларда хатолари етарли. Биз айнан ўша хатолардан фойдаланишга ҳаракат қиламиз”, - дейди Шомуродов.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 4 ноябрь куни Тошкента йиғинга кирди. Машғулотларга терма жамоанинг хориж лигаларида ҳаракат қилаётган футболчилари келиб қўшилишда давом этмоқда. 8 ноябрдан бошлаб, йиғинга таклиф этилган 24 футболчининг барчаси жамланади ва миллий терма жамоа тўлиқ таркиб билан машғулотлар олиб боради.

Ушбу йиғин доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси битта йиғин ўтказади. Иорданияга қарши кечадиган учрашув 10 ноябрь куни, 17:00да бошланади. Ўйин “Пахтакор” марказий стадионида бўлиб ўтади.

Жаҳон чемпионати саралашининг 3-босқич, 5-тури доирасидаги Жанубий Корея – Ўзбекистон учрашуви 15 ноябрь куни, Сеулда бўлиб ўтади. 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!