Ҳотамжон Кетмонов аҳоли бандлигини таъминлаш масаласини илгари сурмоқда

09:20, 08 ноябрь

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов 7 ноябрь куни Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашди. 

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати А.Қирғизбоев очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили Ҳ.Бобохонов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади. 

Номзод Тошкентнинг мамлакатимиз иқтисодиётида тутган ўрни ҳақида тўхталиб, бугун мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг 17 фоизга яқини, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг 18 фоиздан ортиғи, инвестицияларнинг 18 фоизи, савдо айланмасининг 21 фоизи, хизматларнинг 30 фоизи, ташқи савдо айланмасининг 37 фоизи, экспортнинг 28 фоиздан зиёди пойтахт ҳиссасига тўғри келишини таъкидлади. 

Сайловолди дастурида пойтахт аҳли учун муҳим бўлган масала – аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш тарифларининг давлат томонидан тартибга солинишини такомиллаштириш орқали коммунал хизматлар нархларини мақбуллаштириш, кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, аҳолининг барча қатламлари, аввало, кам таъминланганларнинг турмуш даражасини яхшилашга қаратилган кучли ижтимоий сиёсатни амалга оширишда давлатнинг ролини мустаҳкамлаш, энг кам истеъмол харажатлари стандартларини белгилашга асосланган замонавий механизмларни ишлаб чиқиш каби масалалар ўрин олган. 

Дастурда аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларининг битирувчиларини ишга жойлаштириш, тижорат банкларидан имтиёзли кредит олиш тизимини соддалаштириш, турли имтиёзлар бериш орқали иш берувчи ва ходим ўртасидаги меҳнат муносабатларини тартибга солиш, меҳнат муҳофазаси қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. 

Банкларнинг инвестициявий лойиҳаларни молиялаштиришдаги иштирокини янада кенгайтириш, макроиқтисодий вазиятдан келиб чиқиб, фоиз ставкаларини минимал даражада белгилаш, муаммоли қарзлар юзага келишига йўл қўймаслик, очиқ ва ошкора электрон савдолар йўналишини кенгайтириш орқали давлат харидларини амалга ошириш тизимини такомиллаштириш зарурлиги таклиф этилган. 

Учрашувда пойтахтимиздаги 44-оилавий поликлиника бош шифокори М.Раҳматуллаева, Юнусобод туманидаги "Оқтепа" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Н.Жалолов, Олмазор туманидаги "Акмал Зиё" хусусий корхонаси раҳбари А.Иноғомов ва бошқалар номзоднинг сайловолди дастури ҳақида фикр билдириб, сайловга тайёргарлик жараёни миллий қонунчилигимиз ва умумэътироф этилган халқаро нормаларга мувофиқ ўтаётганини таъкидлади. Сайловчиларни 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди. 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!