Юрагимда сақлаганларим: Унутилган чақалоқ

10:21, 08 ноябрь

Сен билан танишувимиз ғалати кечган. Ўшанда синфдош ўртоғимнинг тўйи эди. Тўйдан олдин бўладиган келин-куёвнинг «шаҳар айланиш» анъанаси учун тайёргарлик кўраётгандик. Белгиланган машиналарнинг у ер-бу ерига рангли тасмалар боғлаш билан бандмиз. Уйланмаган, шўх, бебош йигитлар эмасмизми, ўзимизча келишиб олдик. Яна сўзида қатъий турмаган йигит учун «жазо» ҳам тайинладик. 

— Менга қараларинг, биласизлар, ҳозир келинларда дугона кўп. Ҳаммаси ҳам машинага сиғмайди! Кейин куёвболага жанжал қилади, «Машина кам», деб. Ошнамизга жабр қилмаймиз-да, яхшиси, энг чиройли қизларни оламиз. Ўзи эгаллаган машинага хунукроқ қизни ўтқизган йигитнинг жазоси — қолиш! Яъни, келиннинг қишлоғида қолдириб келамиз! — Ҳаммага эшиттириб деди Комил гуппи.

Келиннинг уйига кириб боргач, Комилнинг ҳақлигига амин бўлдим. Ростдан ҳам келин дугоналар шу қадар кўп эдики, бу етмагандек, қариндошларининг ўспирин қизлари ҳам кийиниб тайёр бўлиб олганди. 

— Гапим гап! Ким тоғда қолмоқчи? — келишувни эслатди Комил.

Атрофга қарадим. Тоғ барибир гўзал. Худди ўзи каби қалбингга ҳам виқор ва юксаклик беради. Мен ҳам руҳан, ҳам қалбан бирмунча юксалгандек бўлдим. Ўзимча дедим:

«Бирор қизнинг дилини оғритиб, машинага чиқишига қаршилик қилгандан кўра, шу тоғларда қолсам яхшимасми? Бирор таксига ўтириб етиб оларман!»

Бу пайтда бошқа йигитлар ўзлари келган машиналарнинг ёнида туриб, қизларни танлаш билан овора эди.

— Гўзал қизлар учун машинамиз мунтазир! — дерди улар айёрлик билан.

Албатта, бу гапдан сўнг қизларнинг улар ёнига йўлаши мушкул. 

—   Мана, энг гўзал қизни сизнинг машинангизга ўтказаман. Бунақада ҳозир ҳамма қолиб кетади! — қизлар орасида бири ботирлик билан дугоналарини машиналарга тақсимлай бошлади. 

—   Ўзингиз ҳам ўтиринг! — Комил унга хушомад қилди.

Комил тилга кирдими, демак, қизда «нимадир» бор. Шу қизиқиш билан ҳалиги қизни кузата бошладим. Барчадан бўйчан ва шаддодроқ туюлаётган қизнинг сира юзини кўролмасдим. Бир пайт мен суяниб турган машина ёнига икки дугона етаклаб кела бошлади. 

— Шуҳрат тоғда қоласан! — Комилнинг бу гапи «Сенинг машинангга ўтирадиган қизлар хунук» дегандек эшитилди. 

Қарасам, ҳалиги қиз билан келаётганларнинг бири пакана ва тўлача, иккинчиси қорачадан келган, озғин. Албатта, уларни париваш деб бўлмасди. 

— Машинанинг орқа ўриндиғи бўш! Учалангизга ажратайми? — дедим бояги қизнинг ўзи ҳам ўтирса, «тарози тенглашиб» тоғда қолмаслигимни билиб.      

— Мен ўтирмайман, бир қизалоқ бор, ўша ўтиради. Келиннинг жиянчаси, — деди ҳалиги қиз.

Унга бир зум тикилиб, мафтун бўлиб қолдим. У асарларда тасвирлангани каби оппоқ, қош-кўзи қор-қора, ол лабли париваш эмасди. Лекин юзидаги нимадир ўзига оҳанрабодек тортарди. Менимча, чақноқ, порлаб турган катта кўзлари барчанинг ақлини шошираётганди. Тағин ундаги журъат ҳам қандайдир жозиба берарди ўзига. Яъни, ўтли кўзларига ҳамоҳанг эди бу фазилати.

Хуллас, у жасур кўзлари ва сўзлари билан менга ўз ҳукмини ўтказди. Келишувга кўра, йигитларнинг талаби билан ҳайдовчи мен ўтиришим лозим бўлган олд ўриндиққа ҳам дуч келган келин дугонани олди-ю, жўнаб кетди. 

«Тоғда қоладиган бўлдим. Энди секингина бекатни суриштириб, шаҳарга йўл олаверай», дея ҳаракатимни қилдим. Бекатда қанча турдим билмайман, бир пайт ҳалиги қиз ҳам келаяпти. 

—   Сиз келиннинг дугонаси эмасмисиз? — дедим таажжубланиб. 

—   Дугонасиман! — қош чимирди у.

—   Бормадингизми шаҳар айлангани?

—   Машиналарда жой қолмади! Сиз кимсиз?

—   Мен куёвжўра эдим. 

—   Ие, нега унда кетмадингиз?

—   Қизларга жой бериб, ўзим қолдим, — дедим кулиб.

—   Мен ҳам, — деди у чиройли жилмайиб. 

—   Бирга кетарканмиз-да унда! — дедим бу қиз билан бирга борсам, Комилнинг ҳолини кўз олдимга келтириб. 

—   Йўғ-а, уйга кетаяпман. Энди қаерга бораман? Ҳамма кетиб бўлди.

—   Мен бораман, мана. Бормасангиз келин хафа бўлади-ку! Олиб кетаман сизни ҳам. 

—   Машина келадими?

—   Йўқ. Таксида кетамиз. Қаерга боришларини биламан. Боргач, машина чақиртираман.

Шундай қилиб, тақдир бизнинг йўлларимизни ҳам, бошларимизни ҳам қовуштирди. Сендек қизга уйланаётганимга тўйим куни ҳам ишонмаганман. Ўртамизда соф ва мангу муҳаббат уйғонганига шубҳа қилмасам ҳам барибир ишонгим келмасди. Сен эндигина ўн саккизга қадам қўйганинг учун болаликнинг нуқси ҳали кўзларингни ҳам, ўзингни ҳам тарк этмагани ҳар онда сезилиб турарди. Болаларча қайсарлигинг, шўхлигинг, ўқинқароқлигинг мени маҳлиё этарди. 

Ишонасанми, шифокор сенинг фарзанд кутаётганингни айтганида негадир юрагимни биринчи шодлик эмас, ҳадик эгаллаган. Буни ҳали сенинг ўзинг бола эканлигингга йўйгандим. Лекин боламиз бўлишини эшитган лаҳзадан бошлаб босилдинг. Вазмин, мулоҳазакор бўлиб қолдинг. Баъзида одам ҳам шунчалар тез ўзгариши мумкинми, деб ҳайратга тушардим.

Ана шундай кунларнинг бирида сени тергадим:

—   Иссиқроқ кийиниб юр, касал бўлиб қоласан!

—   Касал бўлишдан қўрқмайман! 

—   Биламан, лекин сен ҳозир болани ҳам ўйлашинг керак!

—   Сиз қўрқасизми, касал бўлишдан? — қизиқувчанлигингдан завқландим.

—   Ҳа, қўрқаман! Айниқса, сенинг касал бўлишингдан қўрқаман!

—   Мен касал бўлиб ётишдан қўрқмайман! Ўлимдан қўрқаман! — дединг негадир.

—   Мен эса ўлимдан қўрқмайман! Касал бўлиш даҳшат! Ўлсанг, ҳаммасидан бирдан қутуласан, касал бўлиш, бирор жойинг оғриши азоб-ку! — ўз фикримни билдирдим.

—   Мен... менимча эса касал бўлиш қўрқинчли эмас. Яқинларингиз югуриб-елиб бўлса ҳам тузатиб олади. Лекин ўлса... Мен ўлишдан жуда қўрқаман. Ўлсам, бир ўзим қоламан-да, яна қабр ҳам қоронғи бўлади. Қоронғида ёлғиз қолиш...

—   Ҳар балони гапирма, — унинг гаплари кўнглимга тегди.

Ўшанда дарҳол бу суҳбатни унутиб юборгандим. Лекин туғиш учун шифохонага борганимизда...

—   Ўлиб қоламан! Айтинг, бирор нима қилишсин! — бир кунлик дарддан кейин ҳам кўзинг ёрий демас, сен эса шундай дея йиғлаганинг-йиғлаган эди.

—   Бу менга эркалик қилаяпти, бошқа бақиришига чидай олмайман! — онамга шундай дея туғруқхонадан узоқлашдим. 

Бир соатлар ўтганидан сўнг онам қўнғироқ қилиб, шифокорлар ўзинг туға олмаслигинг сабаб операция қилишмоқчилигини ва розилик берганини айтди.

Учиб келдим, гўё. Келганимда сен аллақачон жарроҳлик столида экансан. 

—   «Бола катта, бачадон зўриқаяпти», дейишгач, розилик бердим, — деди онам менга кўзи тушиши билан. — Жуда ҳолдан тойди. Қийналди-я, болам бечора...

Юрагимнинг уришидан ҳам унда пайдо бўлган ғулғула тинчимни олганди. Бежизга эмаскан, бирдан дўхтирлар сенинг кўп қон йўқотганинг боис аҳволинг оғирлашганини айтишди. Ўша ондан бошлаб, сени ҳаётга қайтариш учун кураш бошланди. 

«Мен ўлишдан жуда қўрқаман...» Мана шу гапинг қулоғим остида жаранглайвергани сари ўзимни қўярга жой тополмасдим. Бир зумда бор қариндош ва дўст-ёрни чақирганимни билмай қолдим. Сенга қон зарур эди. Шифохона олдидан бир қадам жилмасам ҳам сенинг ҳолинг ҳақида аниқ билмасдим. Жонлаштириш бўлимида эдинг. Ёнингга қўйишмасди. Эшитганимиз эса «Аҳволи оғир, бу ёғи Худодан...»

«Нега кетдим? Нега уни эркалик қилаяпти, деб ўйладим? Ахир хаёт ва мамот ўртасида турганди-ку! Нима учун ёлғиз қолдирдим? Унга далда бермадим...»

Ўзимдан шу қадар нафратланар, надомат ёғида шунчалар қоврилардимки, чеку чегараси йўқ.

Уч кун шу алфозда ўтди. Шифохона ҳовлисида тонг оттирдик, манзилимиз дорихона ва жонлантириш бўлими оралиғи бўлди. Ниҳоят, учинчи куни шифокор мени чақирди:

—   Ўзига келолмай қийналаяпти. Ёнига киринг, гапиринг...

«Сени уч кун кўрмадим. Уч кун ёлғиз ажал билан олишдинг. Энг қўрққан нарсанг қаршисида ўзингни қолдирдим...» Шу ўйлар оғушида хонага қадам босдим. Каравотда ётган жуссанг сезилмас, қон қочган юзинг чойшабдан фарқ қилмасди. 

—   Мен келдим... Кечир... Ёлғиз қолдирганим учун учун кечир... — муздек қўлларингни ушлаб, йиғлаб юбордим. Юзларингни силарканман, ҳиққилаб дедим: — Кўзларингни оч. Ёнингдаман!

Шу онда мўъжиза юз берди. Худойимнинг раҳми келиб, сенинг узун киприкларинг қимирлади.

—   Оч, кўзларингни оч! — икки қўллаб юзларингни силай бошладим.

Ниҳоят ўша чақноқ, мени мафтун этган кўзларингни очдинг. Очишинг билан тилга кирдинг:

—   Бола... Боламиз қани?

Ўзимни йўқотиб қўйдим.

Тавба, ахир биз туғруқхонага фарзандли бўлиш учун келгандик. Қани, бола? Нега ҳеч ким менга бола ҳақида гапирмади? 

—   У соғ-омонми? — ўзингга келиб-келмай болангни ўйлаганинг мени лол қолдирди. 

Оналик туйғуси шундай бўларкан-да!

—   Хавотир олма, яхши. Сен ётиб тур, мен ҳозир! — отилиб хонадан чиқдим-у, дуч келган ҳамширадан сўрадим: — Бизнинг боламиз қани? Хотиним сўраяпти?

—   Қанақа бола? — ҳайрон бўлди у. — Бу ер жонлантириш бўлими-ку!

Туғруқхона томон чопдим. Мен кўриши билан қайнонам сўроққа тутди:

—   Яхшими? Менам кирсам бўладими? Нима деди дўхтир?

—   Яхши. Кўзини очди. Чақалоқни сўради. Чақалоқ қаерда? — қизариб кетдим. 

—   Худога шукр. Чақалоқ яхши. Боя кўриб чиқққандим. Иккинчи қаватга чиқинг.

«Ўғилмикан, қизмикан? Нега сира бола ҳақида ўйламадим? Тавба, уч кундан буён эсимга келмадими?»

Энди фарзандим олдидаги бурчимни унутганим учун ичимни ит тирнай бошлади. Қанақа одамман, ўзи?

Ҳамшира етовида болам ётган хонага кирдим. Барча чақалоқлар ўз оналари ёнида бўлгани учун бизнинг ўғлимиз катта хонада бир ўзи ётган экан. Ширин ухларди, у. Қараб бошқача бўлиб кетдим. Уйқусида оғзини бир томонга қийшайтириб жилмайиб ҳам қўйди. 

—   Онасининг аҳволини биладигандек жим ётди болангиз. Бирам ширин-а? — деди ҳамшира ҳавас билан боқиб.

—   Уни унутиб қўйибман, — дедим боламни авайлаб қўлга оларканман.

—   Онаси билан бўлиб қолгансиз-да! Қўрқитди-ку! Ўзига келдими хотинингиз? Лекин бувилари чақалоқдан хабар олиб турди.

—   Бувилари ҳам она-да! Ҳеч нарсани унутишмайди. Онаси ҳам кўзини оча солиб уни сўради. Мен бўлса... 

Чақалоққа тикилиб, ўзимни кўргандек бўлдим. Сен ўлим билан олишиб, менга ўзимни ҳадя қилибсан, азизам. Мен эса мана шу илоҳий ҳадянгни унутибман-а?

—   Мени кечир, ўғлим. Синовлар олдида жуда нўноқлик қилдим. Онангни оғир лаҳзаларда ташлаб кетдим, сени унутдим. Кечир! Энди сени ҳам, онангни ҳам ёлғиз қўймайман! Дўхтир опа, ўғлимни онасининг ёнига олиб кетаяпман!

—   Вой! — шошиб қолди ҳамшира. — Қизиқмисиз? Қўйинг, болани! Мумкин эмас. Онаси ўзига келган бўлса, онасини олиб келамиз!

—   Э-э-э, шунақами? — бир зумда мени қамраб турган зулмат ва ғам тарқаб кетганидан шодландим. 

КАМИНА ёзиб олди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!