Миллионер бўлишнинг 9 қоидаси

11:31, 08 ноябрь

Forbes журнали ўтказган тадқиқотлар натижасида ўз кучи билан миллионларга эришган одамларнинг ўзига хос хусусиятлари мавжудлигини аниқлади, деб хабар берди “Оnedio.ru” нашри. 

Бу хусусиятларни инсон ўзида шакллантириши мумкин экан. Бунга бирпасда эришиш қийин, аммо қуйидаги миллионер амал қиладиган 9 қоидага сиз ҳам риоя қилсангиз, кўзлаган мақсадингизга етишингизга ишонамиз.

1.  Ҳар бир имкониятдан комилликка эришиш мақсадида фойдаланинг

Қечқурун диванда ётиб сериал томоша қилиш ўрнига, ҳар бир дақиқангиздан унумли фойдаланинг. Эрталаб янгиликларни ўқинг, замонавий трендлардан бохабар бўлинг, кундузи эса шахсий бизнесингизни ривожлантириш учун тинимсиз меҳнат қилинг. Кечки пайт фаолиятингизга тегишли адабиётларни ўқинг, ютуқ ва камчиликларингизни таҳлил қилинг. Асосийси бир жойда тўхтаб қолманг.

2. Ҳар қандай имкониятдан унумли фойдаланинг

Биз ҳар куни ўзгариб турадиган бозор иқтисодиёти шароитида яшаяпмиз. Агар вақтни хаёл суриш билан ўтказадиган бўлсангиз, имкониятни қўлдан бой берасиз.

3. Режа асосида иш кўринг

Албатта ҳаётда ҳамма нарсани режалаштириб бўлмайди, аммо бирор бир мақсадни кўзлаб, қийинчиликлардан қўрқмай, олға ҳаракат қилинг. Бундан ташқари, мақсадингизга етишингиз учун нималар зарур бўлишини ҳам аниқлаб олинг.

4. Ишлаб топган пулингизга лойиқ эканлигингизга ишонч ҳосил қилинг

Аксарият одамлар ўзини омадли одамлар деб эмас, балки кўп пул топишга нолойиқ инсонлар деб ҳисоблайди. Бу стереотипдан воз кечиб, ўзингизни миллионлар эгаси бўлишингизга ишонтиринг. Бунинг уят жойи йўқ, чунки сиз жиноий йўл билан эмас, ҳалол пешона тери билан пул топишга ҳаракат қиляпсиз.

5. Таваккал қилишдан чўчиманг

Агар бирор бир корхона учун пул тикишга қўрқсангиз, ҳеч қачон бирингиз икки бўлмайди. Пулингизни йўқотишдан қўрқсангиз, даромад ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Пуллар сақлаш учун эмас, ишлатиш учун яратилган.

6. Ўзингизга ёққан ишдан пул топишга ҳаракат қилинг

Бу осон бўлмаса-да, аммо уни амалга оширишнинг имкони бор. Агар ўз касбингизни, ишингизни севадиган бўлсангиз, биров учун эмас, ўзингиз учун ишлайсиз. Ўз бизнесингизни яратиш усулини топинг. Мабодо бирор нима пиширишни ёқтирсангиз, новвойхона, агар савдо-содиқни хуш кўрсангиз дўкон очинг. Орзуга айб йўқ, фақат уни ҳаётга татбиқ этсангиз кифоя.

7. Ҳаммаслак топинг

Бунинг учун ишингизга бор кучини бағишлай оладиган, сизни тушунадиган, қўллаб-қувватлайдиган ўз гуруҳингизни тузинг. Сизни нафақат моддият, балки ишонч ва ўзаро ҳурмат ҳам бирлаштириши лозим. Бундай одамлар раҳбарлик қобилиятингизни тан олиб, олға интилишингизда ёрдам беради.

8. Нолдан бошлашдан қўрқманг

Мустақил равишда оёққа туриб, бойлик орттирган одамлар бир марта эмас, бир неча маротаба касодга учраб, бор-будидан ажраган бўлади. Улар хато қилишдан қўрқмайдилар, балки хатодан сабоқ ўрнида фойдаланишади.

9. Миллионер бўлишингизга ишонинг

Агар заводда оддий ишчи бўлиб ишлаган одам, ишини йўқотса, яна худди шундай маошли иш топишга ҳаракат қилади. Мабодо, тадбиркор инқирозга учраса, у қайта оёққа туриб, даромадини тиклайди. Ҳар биримиз ўзимизни қанча пул топишга лойиқ деб ҳисобласак, шунча пул топамиз. “Камбағалчасига фикрлаш”дан воз кечинг, миллионер бўлиш қўлимдан келади, деб ўзингизни ишонтиринг.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!