Сайловнинг халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари асосида ўтиши фуқароларимизнинг сиёсий-ҳуқуқий маданиятига боғлиқ

15:53, 08 ноябрь

Айни кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида, шу билан бирга, мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналарида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Марказий сайлов комиссиясининг маълумотларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш учун 9378 та, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг хорижий ваколатхоналари ҳузурида 44 та сайлов участкаси тузилди. 

Сайловнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, сайлов бўйича халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари асосида ўтиши кўп жиҳатдан фуқароларимизнинг сиёсий-ҳуқуқий маданиятига, уларнинг фаоллиги ва фуқаролик бурчини чуқур англашига боғлиқ. Бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи, Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасида давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича идоралараро кенгаш котиби Алижон ОЧИЛОВ билан суҳбатлашдик.

— Сайловчиларимизнинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти юксак бўлса, улар ушбу сиёсий жараёнда онгли равишда ёндашади, ўз овози давлатнинг ва жамиятимиз ҳаёти, мамлакатимиз келажаги учун муҳим аҳамиятга эга эканини тушуниб етади, — дейди Алижон Очилов. — Шу мақсадни рўёбга чиқариш учун 2016 йилнинг 7 октябрида Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш даврида сайловчилар ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш бўйича ўтказиладиган тадбирлар дастурини тасдиқлаган эди. Мазкур дастурда аҳоли ўртасида миллий сайлов тизими, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонун, ушбу қонунга кейинги йилларда киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг сайлов масалаларини тартибга солувчи қарорлари мазмун-моҳияти ҳамда сайловчиларнинг бу борадаги ҳуқуқ ва эркинликларини кенг тушунтириш ишларини олиб боришга қаратилган чора-тадбирлар кўзда тутилгани билан аҳамиятлидир.

Шу кунларда ушбу дастурда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, сайловга оид оммабоп рисола ва флаерлар тайёрланиб, тарқатилди. “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонун ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг сайлов тўғрисидаги қонунлари” тўплами чоп этилиб, жойларга етказилди.

— Сайловчиларнинг сайловга оид билимларини юксалтиришда аҳоли ўртасида ўтказиладиган тарғибот тадбирларининг ҳам ўрни беқиёс. Бу бўйича қилинаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтсангиз?

— Ҳисоб-китобларга кўра, ҳозирга қадар жойларда ўн икки мингга яқин ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди. Тадбирларнинг аксарияти мамлакатимизнинг чекка ва бориш қийин бўлган ҳудудларида ташкил этилаётган бўлиб, улар учрашув, давра суҳбати ва семинар шаклида амалга оширилаётгани учун ҳам сайловчилар билан юзма-юз суҳбатлашилаяпти. 

Шу билан бирга, ушбу тадбирларнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, уларда қатнашаётган сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассис ва ҳуқуқшунослардан жавоб олишмоқда. Бу, ўз навбатида, сайлов куни сайловчилар томонидан қонунбузилиш ҳолатлари содир этилишининг олдини олади. Масалан, шу йилнинг 21 октябрида Тошкент шаҳрида Марказий сайлов комиссияси ҳамда Адлия вазирлиги ҳамкорлигида сайлов қонунчилигини бузганлик учун жавобгарлик мавзусига бағишланган амалий семинар ўтказилгани ҳам юқоридаги мақсадга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

— Ушбу муҳим сиёсий тадбирни юқори савияда ўтказишда оммавий ахборот воситаларининг ҳам ўзига хос ўрни бор, албатта. Сайловга тайёгарлик кўриш жараёнида ОАВ имкониятларидан қай даражада фойдаланилмоқда?

— Маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари томонидан бу сафарги сайлов жараёнини ёритишга бўлган қизиқиш кучли эканини алоҳида таъкидлаш керак. Буни ҳозирга қадар Марказий сайлов комиссияси маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 500 нафардан ортиқ вакили, округ сайлов комиссиялари қарийб 560 нафар маҳаллий журналистни аккредитациядан ўтказгани ҳам тасдиқлаб турибди.

“Ўзбекистон” телерадиоканалида ҳафтанинг шанба кунлари “Сайлов — демократия кўзгуси” номли кўрсатув ўзбек ва рус тилларида, “Марказий сайлов комиссияси хабарлари” номли кўрсатув эса ҳафтанинг чоршанба, пайшанба ва жума кунлари ўзбек, рус ва инглиз тилларида намойиш этилмоқда.

Бундан ташқари, мавзуга оид кўрсатувлар Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ва “UzreportTV” томонидан ҳам тайёрланиб, эфирга узатилмоқда. Шунингдек, ассоциацияга аъзо нодавлат радиостанциялар сайловчилар ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини юксалтиришга қаратилган 85 та радио-викторина ва савол-жавоб ўтказди.

Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси томонидан ўтказилаётган мажлис ва брифинглар ҳақидаги 350 дан ортиқ интервью, хабар, фото ва видеоматериал www.elections.uz расмий веб-сайтига жойлаштирилган.

Хорижий мамлакатларда ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнига бўлган қизиқиш кундан-кунга ортиб бормоқда. Буни чет эллардаги оммавий ахборот воситаларида 793 дан ортиқ мақола ва материал эълон қилингани ҳам тасдиқлаб турибди.

— Кўп миллатли ва элатли халқмиз. Тарғибот тадбирларини ўтказишда  юқоридаги жиҳатлар ҳам ҳисобга олинаяпти?

— Дарҳақиқат, мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оиладек яшаб келишмоқда. Шуни ҳисобга олиб, “Ягона оилада — В семье единой” шиори остида Ўзбекистон фуқаролари миллати, динидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга эканини, миллатлараро тотувлик жамиятдаги барқарорликнинг бош омили бўлаётганини тушунтиришга қаратилган учрашув, ОАВда чиқишлар ҳам ташкил этилмоқда.

Масалан, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида ҳар ҳафтанинг жума кунлари “Дидар”, “Рангинкамон, “Наўпир”, “Чинсен” (қозоқ, тожик, қорақалпоқ ва корейс тилларида), чоршанба кунлари (ойда икки маротаба) “Ягона оилада”, “Ўзбекистон — умумий уйимиз” кўрсатувлари, сешанба кунлари эса миллий-маданий марказлар фаолияти хақида радиоэшиттиришлар эфирга узатилмоқда.

— Дастурда хотин-қизлар, нуронийлар, имконияти чекланган шахслар, ёшлар, шу жумладан, биринчи маротаба овоз берувчи фуқаролар ўртасида самарали тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этиш белгиланган. Мазкур йўналишдаги ишлар ҳақида ҳам қисқача тўхталиб ўтсангиз.

— Дастур асосида хотин-қизлар, нуронийлар, имконияти чекланган шахслар, ёшлар, шу жумладан, биринчи маротаба овоз берувчи фуқаролар ўртасида ҳам тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилмоқда. Айниқса, сайловда биринчи марта қатнашаётган йигит-қизларнинг сайловга оид билимларини юксалтириш масаласига бу борадаги устувор вазифалардан бири сифатида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларидаги ахборот ва мураббийлик соатларида, маънавият кунларида ўқувчи ва талабаларга сайловга оид қонун ҳужжатлари, сайловда овоз бериш қоидалари тушунтирилмоқда. 

Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари учун Президент сайловининг ҳуқуқий асосларини ўрганиш юзасидан 4 соатга мўлжалланган махсус курс ўқув дастури тайёрланди. У асосида 1637 та таълим муассасасидаги ўқув дастурларига “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ташкил этиш ва ўтказишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари” мавзусида машғулотлар олиб борилмоқда.

Шу ўринда Мудофаа вазирлиги тизимида олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳақида ҳам тўхталиб ўтсам. Мамлакатимиздаги ҳарбий округ, гарнизон офицерлар уйлари, ҳарбий қисм ва муассасаларда сайлов бурчаклари ташкил этилиб, шахсий таркиб иштирокида ўқув-услубий семинарлар, ўқув машғулотлари уюштирилмоқда. Ушбу тадбирлар “Ватанпарвар” газетаси ва “Ёшлар” телерадиоканалида намойиш этиладиган шу номдаги кўрсатувда кенг ёритилмоқда. 

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида сайловчиларнинг ижтимоий фаоллигини ўрганиш бўйича социологик тадқиқотлар, сайловчиларнинг ҳуқуқий маданияти даражасини ўрганиш бўйича эса сўровлар ўтказилмоқда.

Юқоридаги дастур асосида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигида ёшлар учун “Менинг овозим — Ватаним келажаги”, аҳолининг сайлов жараёнидан хабардорлик даражасини янада ошириш учун “Мен шахсан ўзим овоз бераман”; “Бизнинг оиламизда ҳар биримиз ўз овозимизга эгамиз”, “Сайловчилар рўйхатида бормисиз?” каби акциялар ҳам ўтказилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш даврида сайловчилар ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш бўйича ўтказиладиган тадбирлар дастури доирасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, юқорида таъкидланганидек, Президент сайловининг Конституция ва қонунларимиз, сайлов бўйича халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари асосида ўтишига хизмат қилади.

Маъмуржон ПАРПИЕВ суҳбатлашди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!