Куёв қайнотаси тўйдан олдин ваъда қилинган машинани олиб бермагани учун ажрашишга ариза берди

16:07, 08 ноябрь

Республика бўйича энг кўп ажрашиш Тошкентда (32 фоиз) кузатилмоқда. Масалан, жорий йилнинг 9 ойида шаҳар бўйича 3442 та ажрашиш қайд этилган. Бу ҳақда “Оила даврасида” газетасига асосланиб, “1news.uz” нашри хабар бермоқда.

“Бугун бу борадаги лоқайдликка нуқта қўйишимиз ва бир қатор ишларни қайта кўриб чиқишимиз зарур. Жумладан, оилани мустаҳкамлаш ва ёшларни турмушга тайёрлаш бўйича қиладиган ишларнинг кўпчилиги расмиятчилик учунгина бўлиб қоляпти”,  дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова.

Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Зайниддин Низомхўжаевнинг фикрига кўра эса, кўп ҳолларда ёш келин-куёвлар арзимас сабаблар билан ажрашиб кетмоқда.

“Яна бир аризада қайнота куёвига тўйдан олдин ваъда қилган автомашинани олиб бермагани учун куёвтўра ажрашмоқчи эканини билдирган. Белида белбоғи бор ўзбек йигитининг шу даражага боришининг ўзи нақадар уятли ва шармандали ҳол эмасми?” дейди Сенат қўмита раиси З.Низомхўжаев.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!