Маст ҳайдовчининг айби билан фарзанди ва эридан жудо бўлган аёлнинг мурожаати қалбларни ларзага солди

16:29, 08 ноябрь

Яқингинада 24 ёшли бу аёл турмуш ўртоғи Фабиан билан дунёдаги энг бахтли жуфтликлардан бири эди, деб хабар беради “Nonbox.ru” нашри.

Фарзанд кутаётган бахтли жуфтлик 2 август куни ресторанда бирга тушлик қилиб уйга қайтаётганда, айни лаҳза Фабиан ҳаётининг сўнгги онлари эканлигини хаёлларига ҳам келтиришмаган эди.

24 ёшли Кристиан Гуэрреро (Kristian Guerrero) АҚШнинг Техас штатида яшайди. У севган ёри Фабианга турмушга чиқиб, интиқлик билан тўнғич фарзандининг дунёга келишини кутаётган эди. Маст ҳолда рулга ўтирган 21 ёшли йигит руль бошқарувни йўқотиб, уларнинг автомашинасига келиб урилди. Кристиан оғир яраланди, уни зудлик билан шифохонага олиб боришди. Ультратовуш аппарати ҳали боланинг тириклигини кўрсатди, аммо орадан бир неча соат ўтгач, боланинг митти юраги уришдан тўхтади.

Сунъий туғруқдан кейин Кристиан ўғлининг жасадини қўлга олиб, бундан бир неча соат илгари қанчалик бахтли бўлганини, энди эса энг азиз инсонларидан айрилганини англади. Касалхонага йиғилган қариндошлари унинг депрессияга тушиб, кўз ёш тўкишини кутган эдилар. Аммо Кристиан улардан қўлларига камера олиб, видеога олишларини илтимос қилди.

“Илк маротаба фарзандимни қўлга олиб, унинг чеҳрасига тикилганимда, ёнимда Фабиан тургандай ҳис қилдим. Мен ундан кичкинтойимизга ғамхўрлик қилишни сўрадим. Палатадаги аёлларнинг ҳаммаси гапларимдан кўз ёш тўкишди. Болам жудаям отасига ўхшарди, унга қараб туриб, эримни сўнгги бор кўраётгандай туюлди. Фарзандимнинг чеҳраси ҳаётим давомида кўрган энг гўзал чеҳралардан бири бўлиб қолади”. 

Аёлнинг қанчалар дард-алам чекканини тўлиқ тасвирлашнинг иложи йўқ. Аммо энди у индамай, азоб чекишни хоҳламади. Турмуш ўртоғи ва фарзандининг хотираси учун ҳаётини йўллардаги ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга бағишлашни ният қилди. Ҳали оёққа турмаган бўлса-да, касалхонада ётганча, Фейсбук орқали ўзи ҳақида ҳикоя қилиб, қўлида фарзандининг жасади билан дунё аҳлига мурожаат қилди:

“Қўлида боласининг жасадини кўтариб олган аёл менман. Яқинларингдан айрилишга сабаб бўлган даҳшатли автофалокат ва 24 соатлик сунъий туғруқ азобидан кейин одам шундай аҳволга келар экан. Кимгадир спиртли ичимлик ичиб рулга ўтириш табиий ҳолдир, аслида эса бундай эмас . Агар дўстингизнинг сархуш аҳволда автомашина рулига ўтираётганини кўрсангиз, калитни яшириб қўйинг, такси чақиринг. Бу ожизлик белгиси эмас. Мастликнинг оқибати ёмонликка олиб келишини тушунган одам бундай йўл тутмайди. Мастлик оқибатида кимнингдир ҳаётига зомин бўлиш энг катта гуноҳ! Бир умр виждон азобида қийналмасликни истасангиз, ҳеч қачон маст ҳолда рулга ўтирманг, мастлигингизни бировга айтишдан уялманг. Ўзингизни ва бошқаларни хавф-хатарга қўйманг. Ўша куни фарзандим ва турмуш ўртоғим билан мен ҳам ҳалок бўлишим мумкин эди. Аммо Яратганнинг режалари бошқача экан. У мени бу ерда курашиш учун тирик қолдирди.Эрим ва фарзандим хотираси учун ҳолдан тойгунча гапиришга тайёрман. Агар шу гапларим билан кимнидир ўзим чекаётган азоблардан қутқара олсам, оламдан ўтган яқинларим олдида ўз бурчимни бажарган бўламан”.

Ёш оиланинг ҳаётини бузган маст ҳайдовчи яраланган бўлса-да, тирик қолди. У икки бора қотилликда айбланмоқда. Энди у ҳам ҳаётининг энг гуллаган даврини панжара ортида ўтказадиган бўлди. 

Юқоридаги сўзлари билан Кристиан ҳеч қандай янгилик айтмагандай туюлиши мумкин. Аксарият одамлар учун маст ҳолда автофалокат содир қилиш оддий ҳолга, оддий фожиага айланган. Маст ҳайдовчилар ҳақида турли латифалар айтамиз, улар иштирокидаги видеороликларни томоша қилиб, ғалати қилиқларидан маза қилиб куламиз. Уларнинг ахмоқлиги ва масъулиятсизлиги туфайли кимдир ёруғ оламдан кўз юмганда эса ҳеч қандай кулгига ўрин қолмайди...

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!