Бухоро шаҳри жамоат транспортида йўл кира ҳақини тўлаш учун махсус жетонлар жорий этилади

17:00, 08 ноябрь

Ягона Давлат интерактив хизматлар порталида Бухоро вилояти ҳокимиятининг Бухоро шаҳрида йўловчи ташувчи жамоат транспорти – автобуслардан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида Қарори муҳокамага қўйилди.

Мазкур ҳужжатда 1 декабрдан эътиборан Бухоро шаҳрида йўловчи ташувчи жамоат транспорти-автобусларда йўловчилар томонидан йўл кира ҳақини тўлашда пластик карточкалар орқали сотиб олинадиган жетонлар жорий этилиши кўзда тутилган. 

Унга кўра, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигига Бухоро вилояти ҳудудий бўлими 1 декабрга қадар “Avto aholi trans servis” масъулияти чекланган жамияти билан биргаликда Бухоро шаҳрида йўловчи ташувчи жамоат транспорти-автобусларда йўл кира ҳақини пластик карточкалар орқали сотиб олинадиган махсус жетонлар воситасида ташкил этиш топширилган.

“Avto aholi trans servis” МЧЖ томонидан махсус жетонларни сотиб олиш учун “Давлат белгиси” давлат ишлаб чиқариш бирлашмасининг “Тошкент зарбхонаси”га буюртма бериш ҳамда жетонларни санайдиган махсус машина-аппаратларини харид қилиш топширилди. Мазкур жетонларни сотилишини ташкил этиш учун шаҳар ҳудудида махсус сотув шахобчаларини ўрнатиш кўзда тутилган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!