Ўзбекистонда Туркманистон маданияти кунлари бошланди

09:41, 09 ноябрь

Ўзбекистонда Туркманистон маданияти кунлари бошланди. Шу муносабат билан Туркманистон маданият вазири ўринбосари А.Шомуродов раҳбарлигида бир гуруҳ санъат ва маданият намояндалари мамлакатимизда меҳмон бўлиб турибди.

Фестивалдан кўзланган асосий мақсад, халқларимиз ўртасидаги адабий, мусиқий, маданий ҳамкорликни, биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишдан иборат, дейди А.Шомуродов. 

Адабий-мусиқий тадбирда томошабинлар туркманистонлик қардошларимизнинг бой мусиқий мероси намуналаридан баҳраманд бўлди. 

Концерт “Деҳистон” рақс ансамблининг миллий рақс дастури билан бошланди. Туркманистон халқ артистлари Парахат Шихимов, Какадурди Тожимов, Какагелди Чориев, Шагули Аллабердиев ва Акжагул Аннанова ижросидаги туркман миллий куй-қўшиқлари ўзбек тингловчиларига манзур бўлди. Концертда “Соҳибжамол”, “Маралим”, “Сумбар куйи” каби туркман халқ қўшиқлари, “Гўрўғли”, “Тоҳир ва Зуҳра” достонларидан парчалар томошабинлар эътиборига ҳавола этилди. 

Туркман миллий куй-қўшиқлари куйланди. 

Шу куни Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигида Туркманистон делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. 

Фестиваль давомида Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида туркманистонлик мусаввирлар, ҳайкалтарошлар, уста-ҳунармандларнинг ижод намуналари кўргазмаси, Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонада икки мамлакат шоир ва ёзувчиларининг ижодий учрашувлари, Алишер Навоий номидаги кино саройида туркман кинофильмлари намойиши ташкил этилади. 

Туркманистон делегацияси Тошкентнинг диққатга сазовор жойлари – Темурийлар тарихи давлат музейи ва «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройи билан танишиши, «Ҳазрати Имом» мажмуасини зиёрат қилиши кўзда тутилган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!