“Кокос юрти”да ёш жаҳон чемпионлари аниқланади

10:48, 09 ноябрь

Жорий йилнинг 10-14 ноябр кунлари Ҳиндистоннинг Керала штати Коччи шаҳрида Кураш бўйича ёшлар ўртасида VIII -Жаҳон чемпионати ва Кураш Халқаро Ассоциациясининг XVI Конгреси бўлиб ўтади.

Қирқ миллионга яқин аҳоли яшайдиган Керала штатининг Коччи шаҳри дунёнинг энг гўзал саёҳлик марказларидан бири ҳисобланади. Ҳиндистоннинг жанубий-ғарбида Араб денгизига соҳиллари жойлашган бу штат номининг маҳаллий Малалялам тилидан таржимаси “Какос юрти” деган маънони билдирар экан.

Ёшлар ўртасида дунё биринчилигига иккинчи бора Ҳиндистон давлати мезбонлик қилмоқда. 2010- йилда VI- Жаҳон чемпионати ҳам Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида юқори даражада ташкил этилган эди. Шунингдек, Россия, Ўзбекистон, Доминикан, Буюк Британия каби давлатларида ҳам ёшлар ўртасида жаҳон чемпионатлари бўлиб ўтган.

Ҳиндистон Республикаси ҳукумати, спорт ва туризм вазирлиги, Миллий Олимпия қумитаси, Осиё Кураш Конфедерацияси ва Ҳиндистон Кураш федерациялари ташаббуси билан ташкил этилаётган мазкур чемпионатда дунёнинг 45 та  мамлакатларидан 300 дан ошиқ ёш полвонлар гиламга тушади.

Мусобақалар ва тантанали очилиш маросими 13-14 ноябр кунлари Ражив Ганди номидаги Марказий ўйингоҳда 14 вазн тойифасида ўғил болалар: 60, 66, 73, 81, 90, 100 ва +100 кг қизлар: 48, 52, 57, 63, 70, 78, 87 и + 87 кгларда бўлиб ўтади.

11-12 ноябр кунлари эса Дунё Кураш оиласининг муҳим тадбирларидан бири  IKA ижроқум йиғилиши ва Кураш Халқаро АссоциациясинингХVI Конгреси VVIP меҳмонхонаси конференциялар залида ташкил этилиши режалаштирилмоқда.

Конгресда Кураш Халқаро Ассоциациясининг Қитъавий Конфедерациялар Президентлари ҳисоботлари, 2017-2018 йилги мусобақалар тақвим режаси, Туркманистон ва Индонезияда бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларидаги иштирок, Халқаро Кураш Институтини ривожлантириш ва янги федерацияларни аъзоликка қабул қилиш масалалари муҳокама этилади.

Турнир ташкилий қумитаси маълумот беришича мазкур нуфузли тадбирларни энг юқори даражада ўтказиш учун барча ишлар тегишли дастур асосида амалга оширилмоқда. Спортчиларни Деҳли Аеропортидан Кералага учишлари, шаҳарда хафвсизлик, меҳмонхона ва транспорт хизматлари барчаси шай ҳолатга келтирилган.

Мусобақаларни кенг ёритиш учун 250 га яқин қитъамизнинг етакчи ОАВлари ва Ҳиндистоннинг ва керала штатининг марказий Телерадиоканаллари, матбуот ва интернет нашрлари аккридитациядан ўтказилган.

IKA Конгреси ва Мусобақаларни тўлиқ ҳолатда «Asianet», «Kairali TV», «Manorama News», «Kiran», «Kairali People», «Amrita TV» телерадиоканалари сунъий йўлдош ва Youtube сайти орқали тўғридан тўғри эфирга узатилиши севимли спортимизнинг дунёда нуфузи кундан кунга ортиб бораётганини кўрсатади.

Кураш бўйича ёшлар ўртасида VIII-Жаҳон чемпионатида Элмурод Соатов ва Олим Равшанов мураббийлиги остида 14 нафар Ўзбекистон терма жамоаси курашчилари Ватанимиз шарафини ҳимоя қилишади.

Делегация раҳбари Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирининг спорт ишлари бўйича биринчи ўринбосари Мурод Алиев.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!