“Ўзэкспомарказ”да Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси бошланди(Фото)

10:59, 09 ноябрь

Ярмаркада мамлакатимизнинг мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш, қайта ишлаш, экспорт қилишга ихтисослашган компаниялари иштирок этмоқда, деб ёзади ЎзА. 

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2016 йил 1 июндаги Халқаро мева-сабзавот ярмаркасини ташкил этиш ва уни ҳар йили ўтказиб туриш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига асосан «Ўзбекозиқовқатхолдинг», «Ўзвиносаноат-холдинг» холдинг компаниялари, «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси, «Ўзагроэкспорт» ташқи савдо компанияси ва «Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси дирекцияси» масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган мазкур ярмаркада мамлакатимизнинг мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш, қайта ишлаш, экспорт қилишга ихтисослашган компаниялари иштирок этмоқда. 

Форумда АҚШ, Буюк Британия, Италия, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея, Япония, Малайзия, Ҳиндистон, Россия, Латвия, Озарбайжон, Туркманистон, Эрон, Афғонистон, Қозоғистон каби ўттиздан зиёд мамлакат қайта ишлаш ва савдо компаниялари, савдо ташкилотлари, савдо-саноат палаталари, қишлоқ хўжалиги йўналишидаги вазирлик ва идоралар, логистика компаниялари вакиллари ҳам қатнашмоқда. 

Биринчи Президентимизнинг 2006 йил 11 январдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасини ислоҳ қилиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларини жорий этиш ва фермерлик ҳаракатининг янада ривожланиши учун кенг йўл очиб берди. Натижада интенсив технологиялар мунтазам жорий қилиниб, сифатли ва мўл ҳосил етиштирилмоқда.

Истиқлолгача республикамизнинг дон, картошка, гўшт, сут ва бошқа асосий озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи импорт ҳисобидан қопланар эди. Соҳага қаратилаётган эътибор самарасида эндиликда халқимизнинг кундалик истеъмол товарларига талаби мамлакатимизда етиштирилган маҳсулотлар ҳисобидан тўлиқ таъминланмоқда. 

Халқаро мутахассисларнинг эътирофича, юртимизда етиштирилаётган мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари сархиллиги, хуштаъмлиги, энг асосийси, фойдали ва тўйимлилиги билан минтақа ва жаҳон бозорида жуда харидоргир. Шунинг учун ҳам саховатли ўзбек заминида етиштириладиган мева ва сабзавотлар юқори нуфузга эга бўлган товар белгисига айланиб, бу маҳсулотларни сотиб оладиган мамлакатларда улар юксак рақобатбардошлиги билан ажралиб туради. Ўзбекистон ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ ва бошқа кўплаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспортга чиқариш ҳажми бўйича дунёда етакчи ўнта давлатдан биридир. 

Жорий йилнинг 12-15 июль кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтган Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси ҳам бунинг ёрқин исботидир. “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси маълумотларига кўра, ярмарка якунлари бўйича қиймати 2 миллиард доллардан зиёд мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича 270 шартнома имзоланган. Экспорт қилинадиган маҳсулотларнинг 27 фоизини сабзавот, 25 фоизини узум, 20 фоизини мева, 17,6 фоизини қуритилган ва қайта ишланган маҳсулотлар, 8,4 фоизини дуккакли маҳсулотлар, 2 фоизини қовун ташкил қилган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!