Ҳаётий ҳикоя: “Турмуш ўртоғим ишсиз қолди”

11:40, 09 ноябрь

Бундай вазиятда баъзи оилалар дарз кетса, бошқалари эса аксинча, ҳамжиҳатлашади. Айни ҳолатда аёл кишининг ўзини қандай тутиши кўп нарсани ҳал қилади. 

Ҳаётий вазият. Бир дугонам бор: ўқимишли, фаол, икки фарзанднинг онаси. 25 ёшида номзодлик диссертациясини ёқлаганида ҳамма унинг келажагига катта умид боғлагани ёдимда. Ҳозир шу аёл ишламай, уйда ўтирибди. Сабаби эри ишсиз қолганмиш. Агар у ҳозир ишга тушиб кетса, турмуш ўртоғи тамоман боқиманда бўлиб олармиш. Бу шундоқ ҳам уззукун чўзилиб ётиб, ҳатто ўзини иш излаётгандек қилиб кўрсатишга ҳам эринаётган эрни тарбиялаш учун, юмшоқ қилиб айтганда, ғалати тадбир, тўғрими?! Яна ким билади дейсиз? Тўн илиғи эгасига маълум, дейишади-ку!

Ўзингизни қўлга олинг!

Аввало, эрингиздан ҳам олдин ўзингизни тинчлантиринг. Жуда даҳшатли ҳалокат содир бўлгани йўқ, ахир! Тўғри, бу жиддий кўнгилсизлик. Аммо бўлар иш бўлди. Асабийлашган билан ҳеч нимани ўзгартира олмайсиз. Асло жуфтингизга жаҳл қила кўрманг. Уни койиш ҳақида эса гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Эркаклар, одатда, омадсизликларни жуда ёмон қабул қилишади. Шунинг учун ёнларида ҳадеб ваҳима қилаверадиган, дам-бадам уф тортиб, «энди нима қиламиз?» дея жаврайверадиган эмас, овутиб, тинчлантирадиган ва айни вазиятда энг тўғри қарорни қабул қилишига шароит яратадиган аёлни кўришни исташади. Сиздаги ўзига нисбатан ишончни оқлаш ва фарзандларингизнинг келажагини таъминлаш учун ҳам эрингиз даст ўрнидан туриб, янги иш излаши тайин. Излаган эса ҳамиша имкон топади!

Эрни «ўз қобиғи»дан чиқаринг

Кўпчилик эрлар, одатда, иш ҳақида гапиришмайди. Ишсиз қолганда эса бир оғиз сўз айтмай, ўз қобиқларига ўраниб олишлари мумкин. Натижада чуқур тушкунлик ҳолатидан узоқ вақтгача қутула олмайдилар. Бу эса янги иш топиш ва ҳаммасини қайтадан бошлашга имкон қолдирмайди. Айни вазиятда эркак кишини ўз қобиғидан чиқаришга ҳаракат қилиш керак. Бироқ қандай? Оз-оздан уни суҳбатга тортинг. Ўзингиз, умумий танишларингиз ҳақида гап бошланг. Аста-секин гапни унинг ўзи томон буринг. Агар жуфтингиз жаҳл қила бошласа, шу жойда гапни тўхтатасиз. Демак, у ҳали бундай суҳбатга тайёр эмас. Бироқ ҳафсалангизни пир қилиб, уни ўз ҳолига ташлаб қўйманг. Ҳар куни оз-оздан ҳаракат қилсангиз, охири у «очилади».

Ҳеч нима ўзгармади

Аксар эркаклар ишдан бўшагач, атроф-муҳит иложи борича эскича қолишини исташади. Сиз ортиқча хатти-ҳаракатингиз билан эрингизнинг шундоқ ҳам таранг асаб торларини тортманг. Агар уй бекаси бўлсангиз, ўзингизча «эримга ёрдам бераман» деб, иш излашга тушиб кетманг. Буни у билан бамаслаҳат қилинг. Акс ҳолда эрингиз, «энди хотин, бола-чақамни боқа олмас эканман-да, бунга ҳатто аёлим ҳам амин бўлибди. Ана, ўзи иш излаяпти», деб, баттар тушкунликка тушади. 

Ўзингизни ҳеч нима бўлмагандек тутинг. Лекин рўзғорда тежамкорликни унутманг. Буни биринчи навбатда ўзингиздан бошланг: уяли телефон ўрнига уй телефонидан фойдаланиш, сочингизни сартарошхонада эмас, уйда турмаклаш, гап-гаштаклару зиёфатлардан вақтинча воз кечиш кабилар шулар жумласидандир. Қолаверса, «гап»даги дугоналарингизга аҳволни тушунтирсангиз, балки кейинги ойнинг пулини сизга навбатсиз йиғиб беришар. Лекин буларнинг барини эрингизга миннат қилиб эмас, бошқаларга билдирмай амалга оширганингиз маъқул. Ўзини йўқотмай, рўзғорни эплаётган, аввалгидек кулиб-яшнаб юрган, шундай қийин вазиятда унга мадад бўлаётган аёли учун эрлар ҳамма нарсага тайёр бўлишади. Тез орада ишлари юришиб кетса, яна роҳатини ўзингиз кўрасиз.

Эрингиздан кўпроқ пул топсангиз…

Шундай бўладики, турмуш ўртоғингиз ишсиз қолган бир пайтда сизнинг ишларингиз юришиб кетади. Бу жуда нозик ҳолат. Аввало, унутманг, эр-хотин — қўш ҳўкиз, дейишади. Қийин вазиятга тушиб қолганда «сеники-меники» йўқ. Буни қулоғингизга қуйиб олдингизми?! Энди жуфтингизнинг ҳам қулоғига қуйинг. Токи «хотинимнинг топганига қарам бўлиб қоламанми», дея ич-этини емасин. Сиз нафақат оилани моддий жиҳатдан таъминлашингиз, балки умр йўлдошингизга маънавий мадад ҳам бўлишингиз керак.

Холис маслаҳатчилардан узоқроқ юринг

Бирор қийинчилик қаршисида қолган оилаларга маслаҳат берувчилар кўп бўлади. Эрингизни қандай қилиб пул топишга мажбур қилиш (бошқача айтганда, муносабатларингизга дарз кетказиш) ҳақида йўл-йўриқ кўрсатувчилар кўпаяди. Ҳимояда қаттиқ туринг. Чунки эркак киши қасоскор бўлади: инқироздан эсон-омон ўтиб, ишлари юришиб кетганидан сўнг кунда «пул топинг» дея унинг асабларини эговлаганингизни унутмаслиги, энди сизга камроқ таяниб, бошқаларга эътибор қаратиши ҳам мумкин. Бу эса сизнинг синовдан яхши ўтолмаганингизни билдиради.

Меъёрни унутманг

Биз аёллар бирор ишга киришсак, муккасидан кетиш одатимиз бор. Эрингизни стресдан ҳимоя қиламан деб, ортиқча эркалатиб юборманг. Рўзғорни бир киши эплаши қийин. «Хотиним ҳаммасини ўзи эплаяпти-ку», деб телевизор қаршисини «ишғол» қилиб олса, нима қиласиз? Худо асрасин! Аста-секин уни ишлашга рағбатлантириш керак. Масалан, «фалончи ўртоғингиз «Матиз»ини «Нексия»га алмаштирибди», ёки «пистончи онасини ҳажга олиб кетаётган эмиш», каби эркакларда пойга ҳиссини уйғотадиган гаплардан қилинг. Хуллас, жуфтингизга қандай таъсир қилишни ўзингиз яхши биласиз. Кўрасиз, кўп ўтмай, у ишга отланиб қолади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!