“Миллий тикланиш” демократик партиясининг фракция йиғилишида долзарб масалалар муҳокама қилинди

14:19, 09 ноябрь

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишни фракция раҳбари Сарвар Отамуратов олиб борди. 

Йиғилишда жорий йилнинг 28 октябрь кунида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қабул қилинган 2017 йилга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг асосий параметрларида ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатида кўзда тутилган чора-тадбирлар ижроси юзасидан парламент назоратини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Айниқса, 2017 йилги Бюджетномани палатада кўриб чиқиш жараёнида Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларида кўзда тутилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланишда парламент назоратини янада кучайтириш зарурлиги тўғрисида сиёсий партиялар фракциялари, жумладан, “Миллий тикланиш” фракцияси томонидан билдирилган фикр-мулоҳазаларга алоҳида эътибор қаратилди. 

Чунончи, иқтисодиётни модернизация қилишни янада қўллаб-қувватлаш борасида солиқ сиёсатида кўзда тутилаётган чора-тадбирлардан бири сифатида иқтисодиётнинг устувор тармоқларида ишлаб чиқариш ҳажмлари оширилишини рағбатлантириш мақсадида 2017 йилда амал қилиш муддати тугайдиган алоҳида солиқ имтиёзларининг муддати узайтирилди. Ана шу тармоқларда солиқ имтиёзларидан фойдаланиш ҳолати, имтиёзлар ҳисобига уларнинг ихтиёрида қолаётган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши юзасидан назорат тадбирларини ташкил этиш зарурати таъкидланди.

Айни пайтда бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш, маҳаллий бюджет даромадлари базасини мустаҳкамлаш борасида кўзда тутилган чора-тадбирларни жойларда ижросини назорат қилиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Хусусан, ўрта-махсус таълим муассасаларини молиялаштиришда ягона ёндашувни таъминлаш мақсадида маҳаллий ҳокимият органларининг касб-ҳунар коллежларини молиялаштириш ваколатларини республика бюджети тасарруфига ўтказиш, бир қатор харажатларни туман даражасидан вилоят даражасига ўтказилаётганлиги борасида амалга оширилаётган ишларни бевосита жойларга чиқиб ўрганиш ва маҳаллий Кенгаш депутатлари иштирокида муҳокама қилишга урғу берилди.

Муҳокамаларда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси дастурий мақсадлари ва Сайловолди платформасида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш учун Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари параметрларида кўзда тутилган молиявий маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланишни таъминлаш масалалари  фракция аъзолари диққат марказида бўлди.

Якунда муҳокама этилган масала юзасидан фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!