Хатамжон Кетмонов Хоразм халқи азалдан узоқ келажакни кўзлаб иш тутишини таъкидлади

14:22, 09 ноябрь

2016 йил 9 ноябрь куниЎзбекистон Республикаси президентлигига Ўзбекистон ХДПдан кўрсатилган номзод Хатамжон Кетмонов Хоразм вилояти сайловчилари билан учрашди.

Вилоятнинг Маънавият ва маърифат маркази катта мажлислар залида бўлиб ўтган учрашув, бир вақтнинг ўзида вилоятнинг барча туманларидаги сайловчилар билан видео-конференция шаклида ташкил этилди. 

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Абдуғаффор Кирғизбаев очди ва олиб борди.

Даставвал, номзоднинг ишончли вакили Раимберган Сабуров сўз олиб, Хатамжон Кетмоновнинг таржимаи ҳоли билан йиғилганларни таништирди.

Шундан сўнг,  сўз Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод – Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, партия фракцияси раҳбари Хатамжон Абдураҳманович Кетмоновга берилди.

Хатамжон Кетмонов дастлаб, Хоразм диёри ҳақида сўз олиб, халқимиз маънавиятининг ноёб ёдгорлиги бўлган “Авесто” китоби Хоразм тупроғида яратилганлигини,  Хоразм Буюк Ипак йўлининг Марказий тармоқлари кесишган нуқталардан бири бўланлиги, дунё тамаддуни учун аҳамиятли қатор оламшумул ва  буюк кашфиётлар шу заминда амалга оширилганлиги ва бошқа кўплаб мисолларни тилга олди. Буларнинг барчаси Хоразм элининг бугунги тараққиёти ва улуғлигининг асосий омили ва мустаҳкам замини эканлигини, бу замин халқи азалдан  фақат бугунги кунни эмас, балки узоқ келажакни  кўзлаб иш тутишини таъкидлади.

Ўз она юртининг келажагига дахлдор, ҳар бир масалага жонкуярлик билан ёндашадиган Хоразм аҳли олдимизда турган сайлов жараёнида ҳам юксак даражада фаоллик кўрсатишига ишонч билдирди.

Номзод ўз Сайловолди дастури билан йиғилганларни таништирар экан, унда аввало, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига қатъий амал қилиниши, миллий манфаатларга содиқлик, мамлакат мустақиллигини асраш ва мустаҳкамлаш, Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлигини таъминлаш, фуқаролараро ва миллатлараро ҳамжиҳатлик, ижтимоий барқарорликни сақлаш орқали Ўзбекистоннинг бош стратегик мақсади – ривожланган демократик давлатлар қаторига қўшилиш, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашга қаратилган эзгу мақсадлар мужассамлигини тилга олди. 

У ўз маърузаси орқали сайловолди дастурининг асосий йўналишлари юзасидан йиғилганларга батафсил маълумот берди. 

Жумладан, номзод ўз дастурида илгари сураётган кичик бизнес, уй меҳнати, касаначилик ва оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш орқали хотин-қизлар бандлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш, меҳнат қонунчилигида аёлларга берилган ҳуқуқ ва қўшимча имтиёзлардан кенг фойдаланишлари учун янада мақбул шароитларни яратиш, меҳнатга лаёқатли аҳолини иш билан таъминлаш зарурлигини таъкидлади.

Шунингдек,  бир марталик вақтинча иш билан банд бўлган шахслар меҳнат фаолиятининг қонуний асосларини такомиллаштириш, уларнинг пенсия таъминоти ва ижтимоий суғуртаси билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишнинг меъёрий-хуқуқий асосларини ишлаб чиқиш ва амалиётга киритиш, турли имтиёзлар бериш орқали иш берувчи ва ходим ўртасидаги норасмий меҳнат муносабатларини қонунчиликка киритиш, меҳнат муҳофазаси қоидаларини бузганлик учун тадбиркорларнинг масъулиятини ва жавобгарлигини ошириш ҳамда давлат томонидан қаттиқ назорат ўрнатишлозимлиги ҳақида тўхталди.

Шундан сўнг асосий маъруза юзасидан бир қатор иштирокчилар сўзга чиқдилар. 

Улар ўз чиқишларида номзод дастурида илгари сурилаётган кучли ижтимоий сиёсатни амалга оширишда давлатнинг тартибга солувчанлик ролини мустаҳкамлаш, мазкур устуворликка амал қилган ҳолда, етакчи ижтимоий соҳаларнинг тижоратлашувини чеклаш таклифи аҳолининг эхтиёжманд қатламини қўллаб қувватлашнинг муҳим воситаларидан биридир аҳолининг заиф, ижтимоий ҳимояга мажбур қатлами вакилларига имтиёзлар белгилаш  ва уни қўллаш тартибини ишлаб чиқиб, ҳаётга тадбиқ этиш, унинг ижросини қаттиқ жамоатчилик, депутатлик назоратига олиш масаласини қўллаб-қувватладилар.

Шундан сўнг савол-жавобларга навбат берилди. Унда сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга номзод ва унинг ишончли вакилларидан атрофлича жавоб олиш имконига эга бўлдилар.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!