Ўзбекистондаги сайловлар Жанубий кореяликлар нигоҳида

15:11, 09 ноябрь

Бўлажак Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови халқаро жамоатчилик диққат марказидаги муҳим воқеалардан бирига айланган. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, хорижий мамлакатларда сайловга бағишланган турли тадбирлар, жумладан, брифинглар, анжуманлар, давра суҳбатлари ҳамда семинарлар бўлиб ўтмоқда.

Шундай тадбирлардан бири 4 ноябрь куни Сеул шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги элчихонаси кўмагида Ханянг университети Осиё-Тинч океани тадқиқотлари маркази, Корея халқаро иқтисодий сиёсат институт ива Корея Миллий тадқиқот фонди билан биргаликда ташкил этилди.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови: Жанубий Корея билан икки томонлама муносабатлар истиқболлари» мавзусида ўтказилган мазкур семинарда давлат органлари, ишбилармон доиралар ва жамоат ташкилотлари вакиллари, шунингдек, Ханянг, Инха, Корё, Кукмин сингари Корея университетларининг етакчи олим ва экспертлари қатнашди.

Корея томони Ўзбекистон тараққиётининг асосий йўналишлари, ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасидаги маълумотлар билан таништирилди. Бунда Ўзбекистон-Жанубий Корея муносабатлари ва стратегик ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга қаратилган сиёсатга келгусида ҳам қатъий амал қилинишига алоҳида эътибор қаратилди. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси сайловнинг ҳаққонийлиги, адолатлилиги ва очиқлигини таъминлаш мақсадида халқаро кузатув институтини амалга кенг жорий этаётгани эътироф этилди. Хусусан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг бўлажак Президент сайловига тўлақонли миссиясини юборишга қарор қилгани ушбу сиёсий тадбирга катта эътибор қаратилаётганидан далолат беради.

Кореялик экспертлар Жанубий Кореянинг ишбилармон ва академик доиралари мамлакатимизда амалга оширилаётган социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотларнинг боришини синчиклаб кузатиб бораётганини маълум қилди. Бу борада давлат бошқаруви тизимининг барқарорлиги, демократик институтларнинг тараққий этгани, қолаверса, республиканинг икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлари юксак баҳоланди.

Ханянг университети Осиё-Тинч океани тадқиқотлари маркази директори Ом Гу Хонинг таъкидлашича, Жанубий Корея эксперт-таҳлил жамоатчилиги Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг бевақт вафотидан сўнг мамлакатдаги воқеалар ривожишини синчиклаб кузатиб бормоқда. Унинг фикрича, айрим хорижлик экспертларнинг пессимистик прогнозларига қарамай Ўзбекистондаги ўтиш даври барқарор ўтмоқда, бу ўз навбатида Жанубий Корея билан фаол ҳамкорлик давом этаётганида ҳам намоён бўлмоқда. У декабрда бўлиб ўтадиган сайловдан сўнг икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар янада ривожланишига ишонч билдирди.

Корё университети ҳузуридаги Россия ва МДҲ мамлакатларини ўрганиш институти профессори Юн Сон Хак Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлаш ва унинг иқтисодий салоҳиятини ошириш борасидаги хизматларини юксак баҳолади. Бу борада Устюрт газ-кимё комплексини қуриш бўйича Сурғил лойиҳаси бунинг амалдаги ёрқин далили сифатида келтирилди. Кореялик эксперт ушбу лойиҳанинг қуйидаги ўзига хосликларини келтириб ўтди:

биринчидан, бу «саҳродаги мўъжиза». Ўзбекистон нафақат ички бозор учун, балки хорижда ҳам катта талабга эга маҳсулот ишлаб чиқарувчи ушбу объектни саҳрода барпо этди.

иккинчидан, бу «молиявий мўъжиза». Лойиҳани амалга ошириш жараёнида корейс компанияларининг маблағларини консорциумга бирлаштириш воситасида жалб қилишнинг ўзига хос молиялаштириш усулидан фойдаланилди. Экспертнинг таъкидлашича, лойиҳа хорижлик ҳамкорлар билан биргаликда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда бошқа Жанубий Корея компаниялари учун намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин.

учинчидан, бу «саноат мўъжизаси». Корея сармоялари кўмагида Ўзбекистон саноатнинг мутлақо янги тармоқларини ўзлаштириб, янги саноат соҳаларини яратишга муваффақ бўлди.

Корё университети профессорининг сўзларига қараганда, Сурғил лойиҳасининг муваффақиятли амалга оширилишида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти И.Каримовнинг кучли сиёсий иродага эга экани муҳим аҳамиятга эга бўлди. Зеро, И.Каримов лойиҳани амалга ошириш даврида Жанубий Кореянинг учта маъмурияти – Но Му Хён, Лим Мён Бак ва Пак Кын Хэ билан ишлади.

Юн Сон Хакнинг фикрича, сайловдан сўнг Сеул Тошкентнинг Марказий Осиёдаги ролини инобатга олган ҳолда Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти билан кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш учун яқин алоқа ўрнатишга ҳаракат қилиши лозим.

Инха университети профессори Сон Донг Ки ўз маърузасида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор берди. Унинг таъкидлашича, бу Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти И.Каримовнинг АКТни Жанубий Корея билан ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан бири сифатида белгилаб берган узоқни кўзлаган сиёсати самарасидир. Бунда эксперт Тошкент шаҳридаги Инха университети филиалидаги тажрибаси билан ўртоқлашди. Шу боисдан у АКТ соҳаси бўйича икки давлат ҳамкорлигини янада ривожлантириш муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлади.

Кореялик бошқа мутахассислар ҳам ўз маърузаларида Тошкент билан яқин ҳамкорликни давом эттириши зарурлигини қайд этди. Уларнинг фикрича, бугунги кунда икки мамлакат ўртасида кўплаб йўналишларда манфаатли ҳамкорлик қилиш бўйича ижобий тажриба тўпланган бўлиб, бу келгусидаги алоқаларни янада ривожлантириш учун муҳим пойдевор ҳисобланади. Мазкур жараённи чуқурлаштиришда икки давлат ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини ўтайдиган Ўзбекистонда истиқомат қилаётган кўп сонли корейс диаспораси ҳам жиддий туртки бўлади.

Кореялик экспертлар Ўзбекистондаги бўлажак сайлов жараёнларига, хусусан, Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов кампаниясининг барча босқичларида очиқлик ва ошкораликни, сайловга тайёргарлик ишлари ва уни ташкил этишни умумэътироф этилган халқаро стандартлар ҳамда демократик тамойилларга мувофиқ ўтказилишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларига катта қизиқиш билан қараётганини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегарасида 14 та сайлов округи, 9378 та сайлов участкаси, шу жумладан, мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналарида 44 та сайлов участкаси тузилди.

Сайлов участкалари барча зарур алоқа, компьютер ва ташкилий техника, ҳуқуқий адабиётлар билан таъминланган, она ва бола, тиббиёт хоналари мавжуд. 

21 435 000 сайловчи рўйхатга олинган, уларнинг ярми, яъни, 10 825 641 нафарини хотин-қизлар ташкил этади.

Тўртта сиёсий партия – «Миллий тикланиш» Ўзбекистон демократик партияси, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон Халқ-демократик партияси ва «Адолат» социал-демократик партияси Ўзбекистон Республикаси Президентилигига ўз номзодларини кўрсатди.

Президент сайловини кузатиб бориш учун Ўзбекистонга ЕХҲТ ДИИҲБ, МДҲ Ижроия кенгаши, ШҲТ, ИҲТ ва Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси сингари нуфузли халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлардан кузатувчилар таклиф этилган. Эслатиб ўтамиз, ЕХҲТ ДИИҲБ кузатувчилар миссияси 2 ноябрь куни ўз ишини бошлади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!