Сарвар Отамуратов сайловолди Дастурида сайёҳлик инфратузилмасининг янада ривожланишини таъминлаш каби вазифалар белгиланганлигини эътироф этди

16:40, 10 ноябрь

10 ноябрь куни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Сарвар Отамуратовнинг Бухоро вилояти сайловчилари ва жамоатчилиги билан учрашуви бўлиб ўтди. 

Учрашувда турли соҳалар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, хотин-қизлар, ёшлар, маҳалла фаоллари, партия аъзолари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этдилар.

Учрашув Бухоро вилоятининг барча туман ва шаҳарларининг сайловчилари билан онлайн видеоконференция орқали мулоқот тарзида бўлиб ўтди. 

Дастлаб номзоднинг ишончли вакили Саиджон Ҳамроев  йиғилганларни Сарвар Отамуратов таржимаи ҳоли билан таништирди. Шундан сўнг  номзод сайловолди Дастурининг асосий йўналишларини баён этди. 

Дастурда, энг аввало, маънавий-маърифий соҳага алоҳида эътибор берилганлигини таъкидлар экан, номзод «Ўз тарихини билмайдиган, кечаги кунини унутган миллатнинг келажаги йўқ» тамойили асосида халқимиз тарихини холис ва тизимли ўрганиш, бу борада ўзбек халқининг тарихий ўтмиши ва бугунги кунини баҳолашда бир ёқлама ёндашувларга, нохолисликка йўл қўймаслик, Ўзбекистон тарихини бузиб, сохталаштириб талқин этилишига қарши курашиш лозимлиги хусусида гапирди. 

С.Отамуратов маданий мерос объектларини тўлиқ хатловдан ўтказиб, ҳисобга олиш ишларини такомиллаштириш, музейлар, архивлар, кутубхоналарда ва бошқа жойларда сақланаётган, маданий мерос объекти белгиларига эга бўлган экспонатлар, коллекциялар ва архив ҳужжатларини тўлиқ тоифалаштириш, бу борадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш масалаларига эътибор қаратар экан, ушбу ҳолат Бухоро вилояти учун ҳам долзарб аҳамиятга эга эканлигини айтиб ўтди.

Маълумки, Ўзбекистон, хусусан Бухоро вилояти кўп асрлик тарихга ва нодир маданий-тарихий меросга эга. Буларнинг ҳаммаси мамлакатимизда улкан салоҳияти ҳозирча тўлиқ ишга солинмаган туризм индустриясини ривожлантириш ва юртимизни жаҳон туризм марказларидан бирига айлантириш имконини беради. 

Номзод мазкур масала Бухоро вилоятида ҳам долзарблигини эътироф этган ҳолда туризм вилоят иқтисодиётини янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутишини айтиб ўтди. Туризм республикамизнинг барча ҳудудлари қатори Бухорода ҳам бугунги кунда муҳим бўлиб турган қўшимча иш ўринларини яратиш, иқтисодий фаол аҳолининг бандлигини ошириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш ҳамда инфратузилмани ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади. 

Шундан келиб чиққан ҳолда, Сарвар Отамуратов ўз сайловолди Дастурида сайёҳлик инфратузилмасининг янада ривожланишини, сайёҳлар учун мўлжалланган объектларнинг ҳар томонлама мақбул бўлишини, транспорт ва меҳмонхона хизматлари ҳамда сайёҳлик логистикасини такомиллаштиришни, сайёҳлик индустрияси билан боғлиқ хизматларнинг турли соҳаларига замонавий ахборот технологияларини жорий этишни таъминлаш каби вазифаларнинг белгиланганлигини алоҳида эътироф этди.

Номзод қайд этганидек, тарих қаърига чуқур илдиз отган томирларимизга, маданиятимизга асосланиб, Бухоро тарихини янада мукаммал, холисона тадқиқ этиш, ёш қадимшунос кадрлар тайёрлаш муҳим ва долзарб масала саналади. Айниқса, шаҳарнинг илк бунёд этилган даври билан боғлиқ масала кейинги йилларда қизғин мунозараларга сабаб бўлаётир. “Шариф шаҳар” илк бунёд этилган даврни янги илмий-техник ютуқлардан фойдаланиб қайтадан кўриб чиқиш бўйича илмий ишларни давом эттириш бугунги куннинг муҳим вазифасидир. 

Шу ўринда ҳаётимизда мавжуд яна бир муаммога эътибор қаратишни истайман, деди номзод учрашувда. У ҳам бўлса – айрим ҳолларда бўлсада, вояга етмаганлар ўртасида турмуш қуриш ҳолатлари ҳали-ҳамон учраб турганлигидир. Эрта турмуш ва эрта туғруқларнинг олдини олиш борасида аниқ ва таъсирчан чоралар кўриш, бу борадаги тарғибот-ташвиқот ишлари, жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳолида эрта никоҳга нисбатан муросасизлик туйғусини шакллантиришимиз лозим.

Оила ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, ёш оилаларга ғамхўрликни ошириш бўйича кенг кўламли ишларни изчил давом эттириш мақсадида қонунчилигимизни янада такомиллаштирамиз. Зеро, буюк аждодларга баркамол авлод муносиб, деб таъкидлади Сарвар Отамуратов.

Учрашувда “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзод баркамол авлод тарбияси ҳақида гапирар экан, ёшларнинг маънавий камолоти билан бир қаторда уларнинг жисмонан етуклигига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зурурлигини таъкидлади. Яқинда олимпиадачиларимиз ва паралимпиадачиларимиз эришган оламшумул ғалабалар бутун халқимиз ва миллатимизнинг ғурурини осмон баробар кўтариб, фуқароларимиз қалбида чексиз фахр-ифтихор туйғуларини уйғотганини ёдга олди. Улар орасида тўрт нафар бухоролик олимпиада чемпиони ва совриндорлари Шахобиддин Зоиров, Шахрам Ғиёсов, Ришод Собировларнинг ҳам борлиги бухороликлар ва халқимизнинг фахри эканлигини айтиб ўтди. 

Аммо бу натижалар, Соҳибқирон Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Паҳлавон Маҳмуд сингари буюк аждодларнинг авлоди бўлган ёшларимиз учун ҳали кам эканлигини таъкидлади. Шунинг учун ўз Дастурида “Дунёда ҳеч бир нарса мамлакатни, миллатни спортчалик дунёга тез танитмайди, машҳур қила олмайди” тамойили асосида спортнинг барча турлари, айниқса олимпиада ўйинлари дастуридан ўрин олган ҳамда миллий турларини ҳар томонлама қўллаб-қуватлаш етакчи вазифа сифатида белгиланганлигини айтиб ўтди.

Бунда, номзод, “Фарзандлари соғлом ва баркамол юрт қудратли бўлур” шиори остида мамлакатимизда кенг қулоч ёйган ва умуммиллий вазифага айланган болалар спортини ҳар томонлама ривожлантириш даркор, деб ҳисоблайди.

Учрашувда Сарвар Отамуратов Дастурнинг бошқа соҳаларига ҳам батафсил тўхталиб ўтди. Дастурда белгиланган вазифалар сайловчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Номзоднинг Дастурини қўллаб-қувватлаб Бухоро давлат университети ректори А. Тўлаганов, “Ўзбектуризм” миллий компанияси Бухоро минтақавий бўлими бошқарувчиси ўринбосари Б. Идиев, Маданий мерос обеъктларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш бош бошқармаси Бухоро ва Навоий вилоятлари бўйича минтақалараро инспекцияси бошлиғи А. Муҳамедов ва бошқалар сўзга чиқдилар.

Учрашув сўнгида Сарвар Отамуратов иштирокчиларнинг барча саволларига жавоб берди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!