Давлат Рақобат қўмитаси алкоголь, тамаки ва чилим рекламаси учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантирди

17:02, 10 ноябрь

Давлат Рақобат қўмитаси алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, жумладан чилим рекламаси учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантиради, ушбу ҳақидаги Қўмитанинг огоҳлантириш хати фаолияти умумий овқатланиш, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва тарқатиш билан боғлиқ бўлган корхоналарга юборилди.

Бугунги кунда бинонинг ташқи қисмига реклама ўрнатиш, ижтимоий тармоқлар орқали тарғибот қилиш ва бошқа усуллардан фойдаланган ҳолда альгоколь ичимликлари, тамаки маҳсулотлари, жумладан чилимни реклама қилиш ва уларни истеъмол қилишга чорлаш каби салбий ҳолатлар учраб турибди.

Ўзбекистон Республикасининг “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини реклама қилишга йўл қўйилмайди, шунингдек ушбу маҳсулотларни истеъмол қилишни тарғиб этиш, яъни уларни истеъмол қилишни рағбатлантирувчи, шахсда уларни истеъмол қилишнинг зарарсизлиги ҳақидаги тасаввурни шакллантирувчи ғоялар, қарашлар ҳамда бадиий образларни ошкора ёки яширин шаклда тарқатишга қаратилган хатти-ҳаракатлар тақиқланади.

Афсуски баъзи бир умумий овқатланиш жойлари раҳбарлари томонидан истеъмолчиларга тамаки ва чилим истеъмоли учун шароит яратиб берилмоқда.

Давлат Рақобат қўмитаси алкоголь ва тамаки маҳсулотларини реклама ва тарғибот қилувчи шахслар, ҳамда уларни жамоат жойларида истеъмол қилувчилар қонунчиликда кўзда тутилган тарзда жавобгарликка эга эканликлари ҳақида огоҳлантиради.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!