Ўзбекистонда гриппга қарши янги вакцина – «Vaksigrip» ишлаб чиқарилди

23:16, 10 ноябрь

Пойтахтимизда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, «Ўзфармсаноат» давлат акциядорлик концерни, Франциянинг «Санофи» фармацевтика компаниясининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган гриппга қарши янги вакцина тақдимотига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Франциянинг «Санофи» компаниясининг вирусларга қарши самарали эмлаш воситаларидан жаҳон тиббиётида кенг фойдаланилмоқда. Жумладан, гриппга қарши қўлланиладиган препарат хавфсизлиги, сифатлилиги жиҳатидан инсон саломатлигини асраш, грипп эпидемиясига қарши курашда яхши самара бермоқда. 

Олимлар ва мутахассислар, ишлаб чиқарувчилар ҳамкорлигида олиб борилган изланишлар натижасида мазкур вакцинани мамлакатимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу лойиҳа пойтахтимиздаги «Биовакциналар» масъулияти чекланган жамиятида амалга оширилди ва янги препарат «Vaksigrip» номи остида муомалага чиқарилди. 

Тадбирда маълум қилинишича, ушбу ҳамкорлик лойиҳалари изчил давом эттирилиб, келгусида турли вакциналар билан бир қаторда кардиология, эндокринология, гастроэнтерология каби соҳаларда қўлланиладиган дори воситаларини маҳаллийлаштириш, 2017-2018 йилларда гепатит А ва В га қарши вакциналарни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!