Самвел Бабаян: Иордания биз учун яхши рақиб бўлди

08:45, 11 ноябрь

Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян Иорданияга қарши (1:0) кечган ўртоқлик учрашувидан сўнг уюштирилган матбуот анжуманида ўйин борасидаги фикрлари билан ўртоқлашиб, журналистлар саволларига жавоб берди.

“Кучли ва муносиб рақибга қарши яхши ўйинни ўтказдик. Жанубий Кореяга қарши ўйиндан олдин бош репетиция бўлди. Афсуски, Бикмаев ва Ҳайдаров ўзини яхши ҳис қилмагани боис, оптимал таркибда ўйнолмадик. Ҳайдаров майдонга тушди, Бикмаев эса тушолмади. Умуман олганда, бу ўйинда турли тактик схемаларни амалга тадбиқ қилиб кўрдик.

Афонин катта танаффусдан сўнг терма жамоага қайтди. Яхши ўйнади, янги жамоадошлар, янги талаблар бўлгани учун унга бироз қийин бўлганига қарамай, бугун ўзини яхши томондан намойиш қила олди. Уни Россиядаги ўйинларини ҳам кузатиб боряпмиз, яхши мавсумни ўтказмоқда.

Баъзи футболчилар жароҳат олгани боис, Шукуровни бошқа нуқтада ўйнатиб кўрдим. У - универсал футболчи.Исталган жойда ўйнай олади.Кўрсатмаларни оғишмай бажара оладиган интизомли футболчи. Келажаги порлоқ, деб биламан ва терма жамоага катта фойда келтиради деган умиддаман.

Бу ўйинда Жанубий Кореяга қарши қўлланадиган ўйин тактикасини синовдан ўтказдик, ҳаммасини олдиндан, дақиқама-дақиқа режалаштиргандик.

Осиёда кучсиз жамоа қолмаганига бугунги ўйин ҳам мисол бўла олади. Иордания биз учун яхши рақиб бўлди” - дейди Самвел Бабаян.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!