Эрон ва Қатар ўртоқлик учрашувларида ғалаба қозонди

11:15, 11 ноябрь

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионати саралашининг учичнчи босқичи доирасидаги рақиблари – Қатар ҳамда Эрон терма жамоалари 10 ноябрь куни ўртоқлик учрашувларида майдонга тушди.

Қатар ўз майдонида Россия терма жамоасини қабул қилиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувнинг 5-дақиқасида Самедов пенальтидан ҳисобни очди. Ўйиннинг 29-дақиқасида Иброҳим Мажид пенальтидан унумли фойдалана олмади. Орадан кўп ўтмай, 35-дақиқасида Буалим Хухи пенальтини аниқ амалга ошириб, ҳисобни тенглаштирди.

72-дақиқада Будиаф бурчакдан оширилган тўпни боши билан дарвозага йўллаб, Қатарни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Ўйин якунига яқин, Россия ҳисобни тенглаштириши мумкин эди, бироқ Кокорин йўллаган зарбани дарвозабон қайтара олди – 2:1.

Карлуш Кейруш бошчилигидаги Эрон терма жамоаси эса Малайзияда Папуа ва Янги Гвинеяга қарши назорат учрашуви ўтказиб, 8:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Учрашувнинг биринчи бўлимида Дежага ва Тарими ўз ҳисобларига гол ёзиб қўйган бўлсалар, иккинчи бўлимда Ризо Ғучаннажот хет-трик, Карим Ансорифард дубл қайд этди. Эроннинг сўнгги голига Рамин Ризоян муаллифлик қилди. Папуа ва Янги Гвинея эса Эрон дарвозасига фақат бир бора йўл топа олди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси ўз майдонида Иордания билан ўртоқлик учрашувини ўтказиб, 1:0 ҳисобида зафар қучди

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!