Тошкентда физика соҳасида халқаро симпозиум бошланди

11:20, 11 ноябрь

Тошкентда 10 ноябрь куни «Фундаментал ва амалий физика ривожининг янги тенденциялари: муаммолар, ютуқлар, истиқболлар» мавзуида халқаро симпозиум бошланди. 

Симпозиумда физика, астрономия ва астрофизика, энергетиканинг, қайта тикланувчи энергия манбаларини қўллаш самарадорлигини оширишнинг илмий асослари, маҳаллий хомашё манбалари асосида янги материаллар олиш, замонавий нанофизика ва нанотехнологияни ривожлантиришнинг энг муҳим масалалари тўрт шўъбада муҳокама қилинмоқда. 

Симпозиумнинг «Назарий физика ва астрофизика» шўъбасида нанорезонаторлар билан кўп атомларнинг чигаллик инженерияси, илгариланма тез айланишнинг квант динамикаси, Майданак обсерваториясидаги астрофизик тадқиқотлар, Сомон йўли галактикасининг пайдо бўлиши, Ўзбекистон тоғларидаги хавфли офатлар кечиши мумкин бўлган соҳаларни олдиндан баҳолашнинг янги усуллари каби масалалар муҳокама этилмоқда. 

Экспериментал физика бизни ўраб турган оламни мавжуд тажрибалар асосида янги усуллар билан ўрганишдир. Агар назарий физикада табиат математик моделлар билан текширилса, экспериментал физикада табиатнинг ўзи тадқиқ этилади. Халқаро форумнинг «Экспериментал физика» шўъбаси дастуридан тезкор нейтронлар дозасини ўлчаш, лазер диодларининг ўта фокусланган нурланиши ва уларнинг параметрлари, лазер нурланишининг кремний ва германий кристалларига таъсири, биотиббиётда қўллаш учун ўта қисқа тўлқинли компакт квант лазерларни яратиш масалалари, нанотехнологиянинг энергетика ва соғлиқни сақлашдаги аҳамияти каби мавзулар ўрин олган. 

Мазкур халқаро форум бугун жаҳон физикасидаги долзарб фундаментал ва амалий масалаларни муҳокама қилиш билан бирга, ўзбек физика мактабининг мустақиллик давридаги ютуқларини халқаро миқёсда яна бир бор кенг намойиш этишда яхши имкониятдир. Бу ўзбек физика мактабининг салоҳиятини янада юксалтириш, мамлакатимизда илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!