“Туркистон” саройида Владимир Свердлов-Ашкеназининг концерти бўлиб ўтди

11:26, 11 ноябрь

Машҳур композитор Пётр Чайковскийнинг биринчи концертидан завқланмаган одамни топиш қийин бўлса керак. Ўзбекистон миллий симфоник оркестри жўрлигида В.Свердлов-Ашкеназининг концерти муносабати билан “Туркистон” саройи мухлисларга гавжум бўлди

Қирқ йиллик оилавий анъанани давом эттириб келаётган мусиқачилар сулоласининг кенжа вакили шу кунлари Ўзбекистонда ижодий сафарда. Таниқли пианиночи ва бастакор Владимир Свердлов-Ашкенази Россия, Бельгия, Германия, Италия, Япония, Австрия каби кўплаб мамлакатларда концерт намойиш қилган, бир қатор халқаро мукофотлар совриндори. Унинг сонаталари, пианино бобидаги маҳорати етакчи мунаққидлар, соҳа мутахассислари томонидан юқори баҳоланади. 

Пойтахтимиздаги "Туркистон" саройида бўлиб ўтган концертда Л.Бетховеннинг 7-симфонияси, П.Чайковскийнинг фортепьяно ва оркестр учун ёзган 1-концерти янгради. 

Концертга халқаро танловлар ғолиби Азиз Шоҳакимов дирижёрлик қилди, оркестр бадиий раҳбари – Ўзбекистон халқ артисти Исмоил Жалилов. 

Одамзод шод кунида ҳам, ғамга ботганида ҳам мусиқага юзланади. Мусиқанинг сеҳрли кучи шундаки, у бир пайтнинг ўзида тингловчини ширин ғамга ботириб, яна ундан фориғ этади. Икки соатлик концерт давомида ўзбек мусиқа ихлосмандлари ўша кўйга тушди. Қувонди, ўйга толди, завқланди... 

“Олтин куз” халқаро санъат фестивали доирасида ташкил этилган концерт ўзбек томошабинларига унутилмас туҳфа бўлди. Владимир Свердлов-Ашкенази Ўзбекистонда нозик дидли, мусиқани теран ҳис этувчи мухлислари борлигидан миннатдорлигини билдирди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!